Иқтисодиёт | 07:40 / 07.12.2023
13754
2 дақиқада ўқилади

ОТБ Ўзбекистонга корхоналар ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун 100 млн доллар ажратди

Маблағлар, жумладан, корхоналарнинг иқтисодий зарбаларга чидамлилигини оширишга йўналтирилади.

Фото: AP

6 декабрь куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун 100 миллион доллар миқдорида сиёсат чораларига асосланган қарз ажратилишини маъқуллади

Банкнинг Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш дастури хусусий секторни ривожлантиришга асосланган иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ҳамда кичик ва ўрта корхоналарнинг COVID-19 пандемияси оқибатида бўлгани каби иқтисодий зарбаларга чидамлилигини ошириш учун уларнинг фаолият муҳитини яхшилашга қаратилган. Бу дастур доирасидаги иккинчи кичик дастур бўлиб, биринчиси ҳукумат томонидан амалга оширилган сиёсат, тартибга солиш ва институционал ислоҳотларга асосланади.

«Дастур ОТБнинг Ўзбекистондаги кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли навбатдаги қадамидир. Мамлакат давлат иқтисодиётидан оқилона умумий макроиқтисодий ёндашувга асосланган бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича асосий таркибий ислоҳотларни амалга оширишни давом этар экан, кичик ва ўрта корхоналар диверсификацияланган иқтисодий ўсишни, самарадорликни ва қўшимча қийматга эга расмий бандликни жадаллаштиришда муҳим рол ўйнайди», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Дастур бизнес юритиш харажатларини оширадиган ва аёллар бизнесига номутаносиб таъсир кўрсатадиган тартибга солиш ва маъмурий юкларни енгиллаштиришга ёрдам бериши кўзланган. Бу экспорт маҳсулотлари ва бозорларни диверсификация қилиш, шунингдек, рақамлаштириш орқали самарадорликни, кичик ва ўрта корхоналарнинг савдо рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради. Шунингдек, бозор талабларига жавоб берадиган кўникмаларни, айниқса, аёллар ва ёшларнинг бундай кўникмаларини иш билан таъминланиши имкониятларини ошириш учун ривожлантиришга кўмаклашади.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўшандан бери банк мамлакатга 10,8 млрд доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.

Мавзуга оид