Жаҳон | 09:53 / 08.12.2023
3875
4 дақиқада ўқилади

ЕИ Хитойни «тинчлик формуласи» бўйича мулоқотда иштирок этишга чақирди

Хитойнинг Россия ва Украина ўртасидаги можарода тутган позицияси унинг ЕИ билан муносабатларига бевосита таъсир қилади, деди Еврокомиссия раҳбари. Хитой билан бўлиб ўтган саммитда Европа Иттифоқи етакчилари Пекинни келишувга янада фаолроқ ҳисса қўшишга чақирди.

Фото: Picture Alliance

Европа Иттифоқи етакчилари 7 декабр, пайшанба куни Пекинда Хитой раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокараларда Украина уруши билан боғлиқ учта асосий фикрни айтиб ўтди. Биринчидан, Хитойнинг Володимир Зеленскийнинг «тинчлик формуласи»га бағишланган навбатдаги халқаро йиғилишларда иштирок этиши муҳимлиги, иккинчидан, Хитойдан Россияга ҳарбий товарлар экспорт қилинмаслиги ва учинчидан, Россиянинг жазо чораларини четлаб ўтишига йўл қўймасликда ёрдам бериш. Бу ҳақда саммит якунида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши раиси Шарл Мишел маълум қилди.

«Урушнинг бошиданоқ биз Хитойнинг Украинадаги ҳолатга нисбатан қандай позицияни эгаллаши Европа Иттифоқи ва Хитой муносабатларини белгилаб беришини аниқ айтдик, - деди фон дер Леен. - Биз Украинага бўлган тажовузни экзистенциал таҳдид деб биламиз ва Хитой ўзини қандай тутаётганига жуда катта эътибор қаратмоқдамиз». 

Хитойнинг БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоси сифатидаги масъулияти 

Мишелнинг таъкидлашича, ХХРга БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси экани алоҳида масъулият юклайди. «Биз Хитойнинг янада қатъийроқ бўлишини истардик, - деди у журналистларга. - Биз Хитой БМТ низомини қўллаб-қувватлашини ва Украина урушини қоралашини очиқ-ойдин билдиришини истардик». Бунга Хитой раҳбари Си Жинпинг қандай жавоб бериши мумкинлигини Европа Иттифоқи етакчилари унинг ўзидан сўрашни таклиф қилди. 

Хитойнинг Россия халқаро санкцияларни четлаб ўтишига йўл қўймаслик нияти қанчалик жиддийлиги ҳақида сўралганда, Еврокомиссия раҳбари бу мулоқот давом этаётгани ва ўз натижасини бераётганини айтди. Бунинг учун Европа Иттифоқи тўғридан тўғри Пекин билан гаплашяпти, Хитойдаги компаниялар санкцияларни четлаб ўтгани тўғрисида далилларни тақдим этяпти ва ундан чора кўришни сўраяпти. «Далилларни тақдим этгандан сўнг, улар ҳаракат қилишяпти», деди фон дер Ляйен ва бу санкциялар режимини бузган компаниялар жойлашган мамлакатларнинг ўз манфаатига хизмат қилишини тушунтирди. Шарл Мишелнинг қўшимча қилишича, Брюсселда санкцияларни четлаб ўтганликда гумон қилинган корхоналар рўйхати бор ва томонлар бу йўналишда «кўпроқ ишлаш муҳим» деган фикрга келган. 

Пекин Россияга таъсир кўрсатиш имконига шубҳа билдирди 

Европа Иттифоқи раҳбарлари, шунингдек, Пекинни урушни тўхтатиш учун Россияга барча таъсирини ишга солишга ва имкон қадар тезроқ «тинчлик формуласи» бўйича мулоқотда иштирок этишга чақирди. 

ЕИ ва Хитой саммитдан кейинги матбуот анжуманлари алоҳида ўтказилди. Брюсселда тушунтирилганидек, аввалги тадбирларда ҳам шундай бўлган. 

AFP хабар беришича, Хитой томони брифингида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Европа департаменти бош директори Ван Лутун Пекин Москвани кўндира олмаслигини тахмин қилган. Унинг сўзларига кўра, Россия «жуда мустақил суверен давлат». «Президент Путин ўз миллий манфаатлари ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилади», - дея Лутун сўзларини келтиради AFP. 

Октябр ойида Россия президенти Владимир Путин Хитойга расмий ташриф билан борган ва у ерда Си Жинпинг уларнинг «чуқур дўстлиги»ни олқишлаганди. 

Мавзуга оид