18:10 / 12.12.2023
32708

Тошкентда ушланган шахсларнинг айримлари интернетда ўзининг дабдабали ҳаётини кўз-кўз қилгани айтилди

“Атрофига спортсменларни йиғиб олиб, ҳар хил чиройли-чиройли машиналарда юриб... Бир томондан интернетда кўринишлари – чиройли бир ҳаёт, лекин ичига кирганда умуман бошқа нарсани кўриш мумкин”, – деди Дониёр Тошхўжаев.

Дониёр Тошхўжаев / Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев пойтахтда жиноятчиликка қарши ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” тадбирларида қўлга олинганларнинг айримлари ижтимоий тармоқларда фаол экани ҳақида гапириб ўтди.

“Ҳозир ижтимоий тармоқларни, ёшларни кузатадиган бўлсак, улар академик бўламан, инженер бўламан, ёки сизларга ўхшаган журналист бўламан, ёки бизга ўхшаб ички ишлар ходими бўламан, жиноятчиликка қарши курашаман деб эмас, айнан шу интернет тармоқларида ўзини қонундан устувор, жазосиз қоладиган, ёки қанақадир бошқа қонун-қоидалар билан – билмадим, “Союз” вақтидан қолиб кетган қоидаларми – шулар билан яшайдиган, ўзига қанақадир бир обрў ясаб олган...

Атрофига спортсменларни йиғиб олиб, ҳар хил чиройли-чиройли машиналарда юриб... Бир томондан интернетда кўринишлари – чиройли бир ҳаёт, лекин ичига кирганда умуман бошқа нарсани кўриш мумкин. Шу [уларни кузатаётган / уларга ҳавас қилаётган] ёшларимиздан биттаси ҳам ўзига савол бермайди: қани шу, интернетда кўринаётган шахс, ниманинг ҳисобига даромад кўряпти?

Агар ҳозирги жиноят ишларини таҳлил қиладиган бўлсак, булар – бошқаларни қийноққа солиб, товламачилик йўллари билан пул ундириш орқали ўзини ва бола-чақасини едириб-кийдириб, мана шунақа қилиб чиройликкина бўлиб юришибди. Қонунга хилоф равишда”, – деди ИИББ расмийси.

Тошхўжаевга кўра, “Долзарб 40 кунлик” 21 ноябр куни бошланган бўлиб, унинг доирасидаги тадбирларда кучли таъсир қилувчи психотроп ва гиёҳванд воситаларига оид жиноятлар ҳам аниқланмоқда.

“Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида, бу жуда ачинарли рақам: 135 та гиёҳвандлик моддаси, 19 та психотроп воситаларининг ноқонуний айланмаларига чек қўйилди. 3 кг 895 гр, яъни тўрт килога яқин гиёҳванд моддалари ва 11 мингтага яқин кучли таъсир қилувчи психотроп воситалари ҳужжатлаштириб олинди. Натижада 116 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қонун устуворлиги таъминланди.

Лекин бу – бир қисмчаси. Бунақа психотроплар айланмасининг ҳозир янги йўллари топилган. Интернет тармоқларида кўряпсизлар, биз уларга ҳам қарши курашиб, битта-иккита ҳолатларда ушлаш чоралари кўриб, натижага эришдик. “Закладчик” деймиз, картага пули тушганидан кейин интернет орқали жойини, локациясини кўрсатади, харидор бориб ўзи олиб кетади. Бу бизга қийинчилик туғдирадиган нарса, лекин албатта курашишимиз керак”, – деди Дониёр Тошхўжаев.

Мавзу
Жиноятчиликка қарши тадбирлар
2023 йил ноябр ойининг охирида Ўзбекистонда, расмийлар таърифига кўра, “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” бошланди.
Барчаси
Top