08:25 / 13.12.2023
3047

Ўзбекистон ва Британия таълим соҳасида ҳамкорлик қилишни бошлайди

Бирмингем университети ва Ўзбекистоннинг тегишли олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма тадбирлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистон делегациясининг Буюк Британияга ташрифи доирасида ТИВнинг Европа мамлакатлари ва ЕИ институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Ойбек Шахавдинов Бирмингем университети директори Алиса Чемберс билан учрашув ўтказди.

"Дунё" хабарига кўра, суҳбат чоғида таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар икки давлат ўртасида таълим соҳасидаги алоқалар фаол ривожланаётганини олқишладилар. Хусусан, Ўзбекистонда бир қатор Британия университетлари муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Британия томони ўтган давр мобайнида Бирмингем университетини бир қатор Ўзбекистон фуқаролари муваффақиятли тамомлаб, бугунги кунда мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқларида меҳнат қилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Учрашув якунлари бўйича Бирмингем университети ва Ўзбекистоннинг тегишли олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма тадбирлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Top