Жаҳон | 10:32 / 14.06.2024
3122
4 дақиқада ўқилади

Британия АҚШнинг Мосбиржага қарши санкцияларига қўшилди

Британиянинг санкциялар рўйхатига Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Россия Федерациясининг Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси, шунингдек, Санкт-Петербург биржаси ва «Ингосстрах» компанияси киритилган.

Фото: AP

Британия АҚШ ортидан Россиянинг «уруш машинасини» заифлаштиришга қаратилган санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Британия ҳукумати сайтида 13 июн, пайшанба куни эълон қилинган ҳужжатга кўра, чекловлар «Россия молия тизимининг асосини ташкил этувчи институтлар», жумладан, Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсини ўз ичига олган

Таъкидланишича, ҳар учала молия институти «стратегик аҳамиятга эга бўлган секторда бизнес юритиш орқали Россия ҳукуматидан имтиёзлар олиш ёки уни қўллаб-қувватлашда иштирок этган ва бунда давом этмоқда». Санкциялар рўйхатига, шунингдек, «СПБ-Биржа», «Ингосстрах» компанияси, «Волга-Днепр» авиаташувчиси, Қозон ва Тамбов порох заводлари ҳамда яна бир неча ўнлаб юридик шахслар, жумладан денгиз ташувчилар, кимё ва машинасозлик корхоналари, шунингдек, Хитой, Исроил, Қирғизистон ва Туркия компаниялари киритилди. 

«Соядаги флот»га қарши санкциялар 

Бундан ташқари, Британия биринчи марта «соядаги флот»нинг олтита кемасига санкциялар киритди. Улар, Британия ҳукуматига кўра, Россия томонидан Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш ва рус нефтининг тўсиқсиз савдосини давом эттириш учун фойдаланилади. Шунингдек, бир қанча шахслар, жумладан, Москва биржаси бошқаруви раиси Юрий Денисов, тадбиркор Иван Таврин, «Инсайт» инвестиция гуруҳи асосчиси Авет Миракян, «Группы Астра» эгаларидан бири Денис Фролов ва S8 Capital гуруҳи эгаси Армен Саркисянга нисбатан чекловлар жорий этилди.

Бош вазир Риши Сунак Британия «эркинлик учун курашда доимо Украина билан елкама-елка туришини» айтди. «Бугун биз Россиянинг уруш машинасини молиялаш қобилиятини чеклаш учун санкциялар орқали яна иқтисодий босимни кучайтирмоқдамиз, - деди Сунак. - У ютқазиши керак ва уни узоқ давом этган можарони молиялаш қобилиятидан маҳрум қилиш жуда муҳим». 

АҚШ Мосбиржа ва бошқа юзлаб ташкилотларга қарши санкциялар киритди 

12 июн куни АҚШ молия вазирлиги Россиянинг Украинага қарши урушига алоқадор шахслар ва компанияларга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилди. Рўйхатга Россия, Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Болгария, Сербия, БАА, Беларус, шунингдек, Британия Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган 33 нафар шахс ҳамда 300 га яқин компания ва ташкилотлар киритилган.  

Бошқалар қаторида, Москва биржаси, Миллий клиринг маркази (МКМ) ва Россия Федерациясининг Миллий ҳисоб-китоб депозитарийси ҳам чекловларга дуч келди. Америка Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, Россия ҳукуматининг Москва биржасига капитални жалб қилиш чоралари Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатлар фуқаролари учун «Россия суверен қарзига сармоя киритиш орқали Кремлнинг ҳарбий машинасидан фойда олиш имкониятларини кенгайтиради».

Шундан сўнг, Москва биржаси 13 июндан доллар ва евро билан савдо қилишни тўхтатди. Бу ҳақдаги хабар 12 июн куни биржанинг расмий сайтида эълон қилинди. Қимматбаҳо металлар ва фонд бозорларида АҚШ ва Европа валюталари билан савдо қилиш ҳам тўхтатилди.

Мавзуга оид