«Масъуллар авиачипта муаммосини ечиш имконсизлиги ҳақида асоссиз баёнот берган» — сенатор
Сенатнинг мажлисида авиачипталарни сотиб олишдаги бюрократик тўсиқлар ижобий ҳал этилгани, Транспорт вазирлиги вакиллари буни ҳал этиш борасида асосга эга бўлмаган маълумот бергани маълум қилинди. Йиғилишда кўп квартирали уйлардаги лифтларнинг камчиликлари 2024 йил 1 мартдан бартараф этилиши, бу бўйича ҳукумат қарори қабул қилингани айтилди.
Олий Мажлис Сенатининг 48-ялпи мажлисида август ойида ўтган йиғилишда кўтарилган бир қанча муаммоларнинг ҳал этилиши ва уларнинг ижроси юзасидан маълумот берилди.
Олдинги мажлисда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов «Uzbekistan Airways» АЖга қарашли чипта сотиш кассалари фаолиятида бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолаётгани, фуқаролар томонидан ўз яқинлари учун чипта сотиб олиш жараёнида улардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб этилаётгани, асл нусхаси тақдим этилмаганда эса чипта сотилмаётгани билан боғлиқ масалани ўртага ташлаганди.
Қайд этилишича, ҳозирда чипталар савдоси билан боғлиқ бундай камчиликлар, қонунбузарликларга чек қўйиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилган ва бу чоралар ижроси қатъий назоратга олинган.
Бурхонов бу борадаги баёнотни якунлар экан, ҳукумат вакилларидан асоссиз маълумот берилмаслиги ҳамда масалалар юзасидан аниқ ахборотга эга ваколатли масъуллар гапиришини сўради.
«Ўз навбатида вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўта муҳим жиҳатга эътибор қаратишлари лозим деб ҳисоблайман. Ёдингизда бўлса, юқорида чипталар билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинган ялпи мажлисимизда Транспорт вазирлигининг тегишли ваколатларига, асосийси, масала юзасидан зарур маълумотларга эга бўлмаган вакили қатнашиб, бу муаммоларни ҳал қилиш имконсиз экани ҳақида асоссиз баёнотларни берган, бизга маълум маънода эътироз ҳам билдирган эди.
Ҳолбуки, кўриб турганингиздек ҳукумат камчиликларни тан олди ва уларнинг ечимига қаратилган аниқ чораларни белгилади. Шу боис, бундан кейин ялпи мажлисда муайян масала юзасидан батафсил маълумотларга эга бўлган, Сенат минбаридан туриб, вазирлик ёки идора номидан баёнот беришга ваколатли вакиллар қатнашишини сўрар эдим», – дейди Қутбиддин Бурхонов.
Шунингдек, йиғилишда кўп квартирали уйлар ва аҳоли гавжум бўладиган объектларда фойдаланиладиган лифтлар билан боғлиқ камчиликлар ҳам тилга олинди.
Сенаторнинг сўзларига кўра, бу муаммо Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрганиб чиқилган ва кўп квартирали уйларда, айниқса янгидан қурилиб фойдаланишга топширилаётган кўп квартирали уйларда фойдаланиладиган лифтларнинг маънан ва техник эскиргани, тегишли давлат стандартлари ва хавфсизлик талабларига мувофиқ эмаслиги, шунингдек уларни соз ҳолатда сақлаб турилиши устидан назорат етарли эмаслиги аниқланган.
Бу каби масалаларни ҳал этиш мақсадида 2023 йил 15 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг 602-сон қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга мувофиқ 2024 йил 1 мартдан бошлаб кўп квартирали уйларда лифт ва эскалатордан фойдаланиш билан боғлиқ камчиликлар чоралар асосида бартараф этилади.
Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг 43-ялпи мажлисида Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Холматов республика бўйича рўйхатдан ўтказилган 8 минг 857 та лифтнинг 2 минг 422 таси талабга жавоб бермаслигини айтганди. Бу Ўзбекистондаги ҳар тўртинчи лифт хавфли деганидир.
Мавзуга оид
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
22:49 / 05.11.2024
Тошкентдан Ню-Йоркка учган самолёт икки марта фавқулодда қўнишни амалга оширди
15:55 / 24.10.2024