Сенат мажлисида ерусти пиёдалар ўтиш жойларидаги лифт ва эскалаторлар ишламаслиги танқид қилинди
Сенат раисига кўра, кексалар, ёш болалар, болали аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ерусти пиёда ўтиш кўприкларидан фойдаланганда қийналмоқда ва бу уларнинг норозилигига сабаб бўляпти.
Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида Тошкент шаҳри йўлларидаги ерусти пиёдалар ўтиш жойларидан (кўприклар)да лифт ва эскалаторлар ишламаслиги туфайли пиёдалар, айниқса кексалар, ҳомиладорлар, ёш болалилар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар турли қийинчиликларга дуч келаётгани айтиб ўтилди. Хусусан, Муқимий (“Новза” метро бекати), Абдулла Қодирий кўчаларидаги кўприкларда лифт ва эскалаторлар ишламаслиги, Муқимий ва Лутфий кўчалари кесишмасидаги 2 та кўприк ва Шота Руставели кўчасидаги кўприкда лифт ёки эскалаторнинг ўзи йўқлиги алоҳида таъкидланган.
Сенатор Одилжон Иминовнинг таъкидлашича, бунинг натижасида ногиронлиги бўлган шахслар йўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтмоқда.
“Давлат раҳбари яқинда селектор йиғилишида 4 мингдан ортиқ ЙТҲ содир бўлганлигини таъкидлаб ўтди. Ҳодисаларнинг 47 фоизи пиёдалар йўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтиши оқибатида содир бўлган. Албатта, бунинг ичида фақат ногиронлиги бўлган шахслар эмас, бошқа шахслар ҳам бор. Шу масала юзасидан ҳам мутасаддилардан тушунтириш беришларини сўраган бўлар эдик”, – деган сантор.
Мазкур масаласа юзасидан Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳам фикр билдириб ўтган.
“Кексалар, ёш болалар, болали аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ерусти пиёда ўтиш кўприкларидан фойдаланганда қийналаётгани ва табиийки, бундан улар норози бўлаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Масалан, Тошкент шаҳридаги Муқимий, Абдулла Қодирий, Шота Руставели кўчалардаги ерусти пиёда ўтиш кўприкларида лифт ва эскалаторлар ишламаяпти ёки умуман ўрнатилмаган.
Биз, биринчи навбатда, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Сенат, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси биргаликда тегишли идора ва ташкилотлар билан юқорида айтилган масалаларни кўриб чиқишимиз лозим.
Инклюзивлик — тенглик ва адолатнинг муҳим асосидир. Бу жамиятнинг ҳар бир жабҳасида бўлиши керак, ҳар бир киши учун жамият ҳаётида иштирок этиш учун имконият яратиш зарур. Бу, айниқса, шаҳарсозлик ва транспортда муҳим аҳамиятга эга: биз ҳар бир инсон жисмоний чекланишларига қарамай эркин ҳаракатланишини таъминлашга интилишимиз керак”, – дея таъкидлаган Танзила Норбоева
Сенат раиси муаммо юзасидан ўн кун муддатда ечими кўрсатилган таклифлар киритиш бўйича топшириқ берган.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
15:48 / 20.11.2024