15:29 / 01.01.2024
4306

Белгородда ҳалок бўлганлар сони 24 кишига етди

Украина матбуоти Белгородга қилинган ҳужумни Россиянинг Украина шаҳарларини ўққа тутганига жавоб деб атади.

Фото: РИА Новости

Белгороддаги ҳужум пайтида оғир яраланганлардан яна бири вафот этди, деб хабар берди вилоят губернатори Вячеслав Гладков 31 декабр, якшанба куни. Ҳалок бўлганларнинг умумий сони 24 кишига етди, 100 дан ортиқ киши жароҳат олди. Губернатор сўзларига кўра, 30 та кўп қаватли уй, 381 та хонадон, бир нечта хусусий уйлар ва «кўплаб автомобиллар» зарар кўрган.

Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашконинг кун охирида маълум қилишича, 109 киши шифохоналарда, улардан 22 нафарининг аҳволи оғир.

Белгород 30 декабр куни ўққа тутилди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужум Украинадан кассетали ўқ-дорилар бўлган иккита «Олха» ракетаси, шунингдек, Чехияда ишлаб чиқарилган Vampire ЯЎРТ реактив снарядлари ёрдамида амалга оширилган. 

Эрталаб шаҳарда яна ҳаво ҳужуми сиренаси янгради ва ҳукумат маҳаллий аҳолини бошпаналарга яширинишга чақирди. Кейинчалик ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш бекор қилинди. 

Киевда ҳалок бўлганлар сони 19 кишига етган

Киев зарбалар учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмади, бироқ Украина ОАВ хавфсизлик хизматидаги манбаларга таяниб, ҳужумни бир кун аввал Россиянинг Украина шаҳарларини ўққа тутганига жавоб деб атади. 29 декабр куни Россия Киев ва бошқа бир қатор шаҳарларга йирик ҳаво ҳужумларини амалга оширди. 

Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти матбуот хизмати 31 декабр куни вайроналар остидан яна икки кишининг жасади топилгани ҳақида хабар берди. Украина пойтахтида қурбонларнинг умумий сони 19 кишини ташкил этди.

30 декабр ва 31 декабрга ўтар кечаси Россиянинг Харкивни ўққа тутиши натижасида, вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Синегубов маълум қилишича, 28 киши жароҳатланган. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top