09:38 / 17.05.2024
3831

Россия Бош прокуратураси Михаил Ходорковскийни судга берди

Москва Мешчанский суди Михаил Ходорковский, Платон Лебедев ва Сибир лизинг компаниясига қарши даъвони қабул қилиб олди. Ариза «Россия Федерацияси манфаатларини кўзлаб» тақдим этилган. Даъвонинг моҳияти аниқлаштирилмаган.

Фото: DW

Россия Федерацияси Бош прокуратураси ЮКОС компаниясининг собиқ раҳбари ва мухолифатчи сиёсатчи Михаил Ходорковский, «МЕНАТЕП» ширкати собиқ раҳбари Платон Лебедев ва Сибир лизинг компанияси устидан судга мурожаат қилди. Тегишли даъво Москванинг Мешчанский суди томонидан рўйхатга олинган, деб хабар берди «Интерфакс» 16 май, пайшанба куни Москва умумий юрисдикция судлари маълумотлар базасига таяниб.

Ушбу маълумотларга кўра, даъво аризаси судга 8 май куни келиб тушган, шундан сўнг у рўйхатга олинган ва судяга топширилган. Даъво «Россия Федерацияси манфаатлари йўлида» қўзғатилган, дея таъкидланади қўшимча тарзда. Даъвонинг аниқ сабаби ва бошқа тафсилотлар аниқлаштирилмаган. Бу даъво бўйича эшитув 27 майга белгиланган, деб ёзади РИА «Новости». 

ЮКОС иши

Михаил Ходорковский ва Платон Лебедев 2010 йилда ЮКОС бўйича суд жараёнида айбдор деб топилган эди. Улар 2005 йилда солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик учун биринчи суд жараёнида тайинланган жазо билан бирга 14 йилга озодликдан маҳрум этилди. Иккинчи иш 200 миллион тонна нефтни ўғирлаш ва уларни сотишдан тушган даромадларни қонунийлаштиришга уриниш айбловлари билан асосланди. 

2013 йил декабрида Ходорковский Россия президенти Владимир Путин томонидан афв этилган ва Россияни тарк этган. 2024 йил январ ойида у Россия армияси ҳақидаги «фейклар» айблови бўйича қидирувга берилган. Платон Лебедев 2014 йилда қамоқдан озод қилинган. 

Top