Жаҳон банки “Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш истиқболлари” ҳисоботининг навбатдаги сонини эълон қилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, Европа ва Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 2022 йилдаги 1,2 фоиздан 2023 йилда 2,7 фоизгача ошган. Ўсишнинг тезлашишига ички талабнинг кенгайиши, меҳнат бозоридаги барқарор вазият ҳамда Россия ва Украинадаги янгиланган ўсиш сабаб сифатида келтирилган.

Бироқ Россия, Украина ва Туркияни ҳисобга олмаганда, ўтган йилда ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш 1,8 фоиз даражасида сезиларли секинлашган. Хусусан, секинлашув минтақа иқтисодиётларининг 78 фоизига таъсир кўрсатган.

Евроҳудуддаги заиф ташқи талабнинг таъсири сабабли пасайиш Марказий Европа (ўсиш — 0,7 фоиз) ва Ғарбий Болқонда сезиларли даражада бўлган. Шунингдек, иқтисодий ўсиш Жанубий Кавказда ҳам секинлашган, лекин Марказий Осиёда тезлашган. Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистонда талабни қўллаб-қувватлашда пул ўтказмалари оқими муҳим рол ўйнаган.

Шарқий Европада ҳам иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ижобий динамикага қайтган. Украинада ўсиш суръати 4,8 фоизни ташкил этган. Аммо мамлакатнинг 2023 йилдаги ишлаб чиқариш ҳажми урушдан олдинги даражадан 30 фоиз пастроқ кўрсаткичда қолган.

Минтақада энергия ва озиқ-овқат нархлари босимининг пасайиши ортидан инфляция секинлашган, аммо рақамлар аксарият мамлакатларда мақсадли кўрсаткичлардан юқори бўлиб қолмоқда.

Прогнозлар

ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш 2024 йилда 2,4 фоизгача пасайиши, 2025 йилда эса 2,7 фоизгача ўсиши прогноз қилинмоқда. Бунда хусусий истеъмолнинг ошиши ва евроҳудуд иқтисодиётининг босқичма-босқич тикланиши асосий омил ўлароқ келтирилган.

Бироқ Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли юзага келган ноаниқлик минтақа истиқболларини белгилашда муҳим рол ўйнайди. Бу икки давлатни ҳисобга олмаганда, минтақадаги ўсиш суръати жорий йилда 3,1 фоизга, 2025 йилда эса 3,7 фоизга тезлашиши мумкин.

Аксарият ЕМО мамлакатлари инфляциянинг пасайиши шароитида пул-кредит сиёсатини юмшатишда давом этиши мумкин. Бироқ банк таҳлилчиларининг таъкидлашича, кутилаётган бюджет консолидацияси бу истиқболларни ёпиб кетади.

Пандемиянинг давом этаётган оқибатлари ва Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли минтақадаги ўсиш пандемиядан олдинги тенденциялардан паст бўлиши кутилмоқда. ЕМО минтақасида аҳоли жон бошига даромад даражасининг яқинлашув суръати секин даражада прогноз қилинмоқда, шу жиҳатдан аҳоли жон бошига ўртача даромад 2025 йилда Европа Иттифоқи кўрсаткичининг атиги 24 фоизини ташкил этади.