АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ва USAID (АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги) ваколатхонаси директори Дэвид Хофман 2024 йил 10 январ куни журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда Тошкентдаги ҳаво сифати ёмонлиги ҳақида қандай фикрда экани ҳақидаги саволларга жавоб берган.

Gazeta.uz’нинг хабар беришича, Жонатан Хеник ва Дэвид Хофман Тошкент шаҳридаги экологик вазият ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистонда, жумладан Тошкентда ҳаво мусаффолиги учун барча бирдай ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлашган.

“Ҳаво ифлосланишини ҳар бир инсон шахсий муаммо сифатида қабул қилиши керак. Чунки бу ҳаммага – сизга, оилангизга ва фарзандларингизга тааллуқли. Шу сабабли фуқаролар ва жамоатчилик ҳукуматни муаммони ўрганишга ва чора кўришга ундаши керак”, деган АҚШ элчиси.

АҚШ элчихонаси ҳудудидаги ҳаво сифатини мониторинг қилувчи мослама 9 январ куни ишламай қолганди. Элчи мослама яна ишлай бошлаганини маълум қилган.

“Албатта, жиҳозларимизга вақти-вақти билан техник хизмат кўрсатиш лозим бўлади, баъзида муаммолар ҳам бўлади. Аммо биз ҳаво сифатини мустақил баҳолаш мажбуриятини олганмиз ва республика бўйлаб ҳаво сифатини мониторинг қилиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати, ОАВ ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни олқишлаймиз. Ҳавонинг ифлосланиши – бу барча ҳукуматлар учун жиддий муаммо саналади. Бу муаммо ҳукуматнинг хусусий сектор, фуқаролик жамияти ва ОАВ билан ҳамкорликдаги изчил ҳаракатини талаб қиладиган масала. Ўйлайманки, агар биз биргаликда ишласак, келгуси йилларда ҳаво сифати яхшиланишини кўришимиз мумкин”, деган Жонатан Хеник.

Элчининг сўзларига кўра, бу босқичда энг муҳими, ҳавони ифлослантирувчи манбалар нима эканлиги, шунингдек, ушбу муаммони ҳал қилиш учун қандай чоралар ва сармоялар зарурлиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш.

Жонатан Хеник ҳукумат бу муаммони ёлғиз ўзи ҳал қила олмайди, деб ҳисоблайди. У муаммо ечими учун барча бирдай курашиши лозим дея таъкидлайди.

“Мен Ўзбекистоннинг барча фуқароларини ҳавонинг ифлосланишини шахсий муаммо сифатида қабул қилишга чақирган бўлардим. Чунки бу барчага – сизга, оилангизга, фарзандларингизга тегишли муаммо. Шунинг учун биз бу муаммо билан шахсан қизиқишимиз ва ҳукуматни муаммони ўрганишга ва зарур чораларни кўришга ундашимиз керак”, деган Жонатан Хеник.

USAID ваколатхонаси раҳбари Дэвид Хофман вазиятни яхшилаш учун ҳукумат ва фуқаролик жамиятининг саъй-ҳаракатлари зарур деган фикрга қўшилган.