Жаҳон | 22:27 / 17.01.2024
11558
11 дақиқада ўқилади

Покистонни бомбалаган Эрон, Ғарбдан яна ёрдам олаётган Украина ва Samsung’дан ўзган Apple — кун дайжести

Жаҳонда рўй берган воқеа-ҳодисалар, баёнотлар тафсилотлари ва эътиборга молик воқеаларни одатдагидек кундалик дайжестимизда тақдим этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазо секторига қонли босқини 1948 йилдан буён Фаластин халқининг энг йирик мажбурий кўчишига сабаб бўлди, деб баёнот берган БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқдаги агентлиги.

Жаҳон соғлиқни сайлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адан Гебрейесус Ғазода бўлаётган воқеаларни “фожиа» деб атаган ва ўт очишни тўхтатишга чақирган.

Исроил ўз бомбалашлари билан Ғазода БМТда ишловчи 152 нафар ходимни ўлдирган. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш бу сонни БМТ тарихидаги энг катта рақам деб атаган ва у ҳам можаро томонларини ўт очишни тўхтатишга чақирган.

Исроил армиясининг 7 октябрдан буён амалга ошираётган ҳужумлари натижасида Ғазода ҳалок бўлганлар сони 24 минг 285 нафарга етган. Ярадорлар сони эса 60 мингдан ошган. Минглаб инсонлар бедарак йўқолган ҳисобланмоқда. Уларнинг жасадлари тураржой вайроналари остида бўлиши мумкин.

Бу орада Исроил ва ҲАМАС Қатарнинг воситачилигида ҳибсда ушлаб турилган гаровдаги Исроил фуқароларига дори-дармонлар етказиш бўйича келишувга эришилгани хабар қилинди.

Кеча ҲАМАСнинг сиёсий етакчиси Яҳё ас-Синвар Европанинг террорчилар рўйхатига киритилгани маълум қилинди.

«Бу қарор ҲАМАСдан келаётган таҳдид ва унинг Исроилга қарши 2023 йилнинг 7 октябрида амалга оширган шафқатсиз ва танловсиз террорчилик ҳаракатларига реакциянинг бир қисмидир. Бу санкциялар бугундан кучга киради», — дейилади Европа Иттифоқи кенгаши коммуникесида. 

Эроннинг Покистонга зарбаси

Эроннинг Покистон ҳудудидаги Панжур шаҳрида жойлашган «Жайш ул-Адл» суннийлар гуруҳларига берган ракета ва дрон зарбалари оқибатида иккита ёш бола ҳалок бўлган яна уч қиз яраланган.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу зарбаларга норозилик билдириб, Эрон мамлакат ҳаво кенгликларини «провокация қилмасдан бузиб ўтгани»ни таъкидлаган. Покистон ҳар икки мамлакат ўртасидаги кўплаб алоқа каналларига қарамасдан ҳужум ноқонуний амалга оширилганидан ташвишда эканини баён қилган.

Покистоннинг қатъий эътирози Теҳрондаги Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг олий мартабали мулозимига топширилган.

Аввалроқ Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Покистоннинг Балужистон вилоятида суннийларнинг «Жайш ул-Адл» (Адолат армияси) жангариларига тегишли иккита қароргоҳга ракеталар ва дронлар ёрдамида зарба берганини хабар қилган эди. Теҳрон «Жайш ул-Адл»ни террорчилик ташкилоти, деб ҳисоблайди.

Ташкилот Эрон ҳарбийларига ҳужуми билан машҳур. Ўтган ойда мазкур ташкилот жангарилари Эроннинг Систон-Балужистон вилоятидаги полиция бўлинмасига қилинган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди. Ҳужум натижасида 11 нафар полициячи ўлдирилган эди.

«Жайш ул-Адл»га 2012 йилда асос солинган. Гуруҳ аъзолари балуж миллатчиларидан иборат. Гуруҳ Эроннинг Систон-Балужистон вилояти ҳудудида мустақил давлат тузишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 

Эроннинг Ироққа зарбаси

Эрон Ироқдаги Шимолий Курдистон пойтахти Арбил шаҳрига зарба бериши оқибатида курдларнинг энг йирик бизнесменларидан бири — Пешрав Дизаий ўлдирилган. Бизнесмен оиласининг 4 нафар аъзолари ҳам ҳалок бўлишган. Жумладан, унинг 1 ёшли невараси.

Дизаийнинг уйига Эрондан 4 та баллистик ракета учиб келган.

Эрон томонининг иддао қилишича, у Ироқ курдларининг минтақавий ҳукумати аъзолари, биринчи навбатда Барзонийлар оиласи, шунингдек Исроилнинг МОССАД разведкаси билан яқин алоқада бўлган.

Пешрав Дизаий Empire World Real Estate ва Falcon Group компанияларига эгалик қилган. Эрон манбалари Дизаий ўз компаниялари орқали исроилга нефт етказиб берганини ҳам иддао қилмоқда.

Falcon компанияси 2003 йилда Ироқ америкаликлар томонидан оккупация қилинганидан сўнг тузилган. Саддам Ҳусайн йиқитилгач, компания Ироқда девелоперлик ва риэлторлик ишларини амалга ошириш бўйича лицензия олган.

Ироқда Пешрав Дизаийдан ташқари Курдистон демократик партияси етакчиларидан бири Ҳамин Хуррамий, «Пешмерга» разведка кучларининг собиқ қўмондони Ажи Амин, ироқлик бизнесмен ва Samsung компанияси акциядорларидан бири Каром Михаил ҳам ўлдирилган. Уларнинг барчаси Эрон томонидан ғарб фойдасига жосусликни молиялаштирганликда айбланиб келади. 

Қизил денгиздаги вазият

АҚШ яна Ямандаги ҳусийчилар позицияларига зарба берди. Reuters агентлиги хабарига кўра, АҚШ ҳарбийлари Ямандаги ҳусийчиларнинг кемаларга қарши ракета комлекслари сақланаётган нуқтага авиа ва ракета зарбалари берган.

Ҳусийчилар Грециянинг «Zografia» юк кемасини нишонга олган. Грек компаниясига тегишли кема Яманнинг шимоли-ғарбий қисмида, қирғоқдан 76 мил нарида зарбага дучор бўлган. Экипажнинг 24 аъзосидан ҳеч ким жабрланмаган.

Сезиларли зарар кўрмаган кема айни пайтда Малта байроғи остида Сувайш канали томон ҳаракат қилмоқда.

Россия нефт танкерига Қизил денгизда ҳужум қилингач, Россия кемалари ҳам Боб ул-Мандаб бўғозидан ўтишга чўчиб қолишди. Европа томон йўл олган, суюлтирилган табиий газ ортган танкерлар Қизил денгизни четлаб, Африка ёқалаб суза бошлашди. Ўтган жумадан буён Боб ул-Мандаб бўғози орқали ўтаётган бундай кемалар сони 96 фоизга камайган.

АҚШ ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатини яна хорижий террорчилик ташкилотлари рўйхатига қўшмоқчи, деб хабар бермоқда Associated Press агентлиги. 2021 йилда Америка Қўшма Штатлари яманлик исёнчи-ҳусийчиларни АҚШнинг террорчи ташкилотлар рўйхатидан расман чиқарган эди.

Ҳусийчилар ҳам баёнотда бўш келмаяпти. «Ансоруллоҳ» ҳаракати матбуот хизмат раҳбарининг ўринбосари Насриддин Амир ҳаракат бундан буён Қизил денгиздаги Исроил кемалари қатори Америка кемаларига ҳам бирдек ҳужум уюштирилишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ «ўзининг денгиз хавфсизлигини бой бериш арафасида турибди». 

Украинага ёрдам

Франция Украинага қўшимча 40 та SCALP ракеталари ва юзлаб авиабомбаларни жўнатади. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон эълон қилди. Франция президенти феврал ойида Киевга боришини у ерда Буюк Британия билан имзолангани каби, Украина билан хавфсизлик тўғрисидаги битим имзоланишини ҳам хабар берди.

Германия 2023 йилда жаҳоннинг энг йирик иқтисодиётлари ичида энг ёмон натижани қайд этгани, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 0,3 фоизга камайганига қарамасдан, немислар Украинага ҳарбий ёрдамни икки баробарга оширмоқчи. ГФР ҳукумати 2024 йилда Киевни ҳарбий қўллаб-қувватлашга аввал режа қилинганидек 4 миллиард эмас, 7 миллиард евро ажратишни мўлжалламоқда, деган Олаф Шолц.

Германия парламентида Украинага Taurus ракеталарини етказиб бериш овозга қўйиладиган бўлди.

Германиянинг мухолифатдаги Христиан демократлар иттифоқи ва Христиан социалистлар иттифоқи блоки Германия ҳукуматига Украинага Taurus қанотли ракеталарини етказиб бериш борасида босим ўтказмоқда.

«Биз Украинадаги вазиятни кретик деб баҳолаймиз. Украина армиясида ҳозир Россия қўшинларини ортга суриш учун ҳеч бир истиқбол йўқ. Taurus ракеталари эса Украина қуролли кучларининг янги ғалабаларига ёрдам берган бўларди», — деган Христиан демократик иттифоқи раиси Фридрих Мертс.

Украинани келгусида қўллаб-қувватлашни келишиш Конгрессда тасдиқдан ўтмаётгани борасидаги қийинчиликларга қарамасдан, Вашингтон Киевга ёрдам беришда давом этади, деган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Давос форумида Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувда.

Пайшанба куни Европа парламентида Венгрияни Европа кенгашида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этувчи резолюцияга овоз берилади. Бундай чора қўлланишига сабаб Венгрия бош вазири Виктор Орбан европаликларнинг Украинага 54 миллиард евролик ёрдам пакетини блоклаган эди. Вазиятнинг бунақа тус олишини кутмаган Виктор Орбан қўрқиб кетиб, Украинани молиялаштиришга ветони олиб ташлашга розилик берган. 

Россияга қарши чоралар

Хитой банклари АҚШ санкцияларидан чўчиб Россия билан ишлашни чекламоқда. Хитой давлат банклари Россия билан операциялар устидан қаттиқ назорат ўрнатадиган бўлди, деб хабар беради Bloomberg.

Агентлик манбасининг хабар беришича, Хитойнинг камида иккита энг йирик банки ўзининг Россиядаги бизнесини қайта кўриб чиқишга киришган. Бу банклар санкция рўйхатларига киритилган компанияларга хизмат кўрсатишни бас қилади, Россия мудофаа саноат комлексига молиявий хизматлар тақдим этмайди.

Хитой банкирлари ўз мижозлари орасида бенефициарлари ва назорат қилувчи шахслари Россиядан бўлганларни ҳам ахтаришга киришган. Текширувлар Россия билан бизнес юритаётган ёки учинчи давлат орқали Россияга товарлар сотаётган компанияларни ҳам қамраб олади.

Туркия банклари ҳам Россияга нисбатан тўлов қамалини жорий қилишган. Россия компанияларига санкцияларни четлаб ўтишда асосий ҳаб вазифасини ўтаётган ва Россияга товарлар етказиб беришни икки баробарга оширган Туркия билан ишлашда қийинчиликлар вужудга кела бошлади.

2024 йилнинг январидан бошлаб Туркия банклари Россиядан пул ўтказмаларини блоклай бошлаган. Савдо битимлари учун ҳисоб-китоблар тўхтаб қолган. Туркия банклари Россиядан рубл ҳам, лира ҳам қабул қилмаяпти.

Айрим банклар битим «тақиқланган товарлар билан боғлиқ» эканини айтиб, аввал келишилган транзакцияларни ҳам бекор қила бошлаган.

Муаммо Туркияга АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен келиб кетганидан кейин бошланган. Блинкен ўз ташрифи давомида Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан «санкциялар ва экспорт назорати» ҳамда уларни эҳтимолли четлаб ўтиш йўлларига тўсиқ қўйишни муҳокама қилган.

Бу орада Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган захираларини мусодара қилиш бошланганини эълон қилди. Еврокомиссия томонидан таклиф қилинган ва Россиянинг 300 млрд долларлик музлатилган активларидан олинган даромадлар Украина манфаатларини кўзлаб ишлатилади, деган Белгия молия вазири Винсент ван Петегем. У ва унинг ҳамкасблари бу масалада тезда силжиш қилиш бўйича қатъий ният борлигини маълум қилишган. 

Қуролланаётган Туркия

Туркия Испания билан иккинчи авиаташувчи кема қуриш тўғрисида келишиб олди

Янги авиаташувчининг номи «Тракя» бўлади ва у Европадаги бешинчи, жаҳондаги тўққизинчи йирик «Навантиа» кемасозлик компанияси томонидан Туркияда ясалади.

Туркиянинг биринчи авиаташувчи кемаси ТCГ Анадолу 2023 йилнинг апрелида қабул қилиб олинган эди. Бу билан Туркия ўз флотида ҳаракатдаги авиаташувчи кемага эга жаҳондаги 15-мамлакатга айланган эди. 

Samsung’дан ўзган Apple

Samsung сўнгги 13 йил ичида илк бор энг йирик телефон ишлаб чиқарувчи компания рутбасидан маҳрум бўлди. Apple биринчи ўринга чиқди.

IDS тадқиқот компаниясининг дастлабки маълумотларига кўра, 2023 йилда Apple компанияси ўз мижозларига 234,5 миллион қурилма етказиб берган. Samsung’да бу борадаги кўрсаткич 226,6 миллион. Samsung 2011 йилдан буён илк марта етакчиликдан тушиб кетмоқда. Ўшанда Samsung компанияси Финландиянинг Nokia компаниясини 1-ўриндан тушириб юбориб, етакчиликни қўлга олган эди.

Мавзуга оид