Жаҳон | 21:44 / 19.01.2024
9760
9 дақиқада ўқилади

Мустақил Фаластинга қарши Нетаняҳу, Озарбойжонга санкция хавфи ва турк астронавтининг илк парвози — кун дайжести

Жаҳонда рўй берган воқеа-ҳодисалар, баёнотлар тафсилотлари ва эътиборга молик воқеаларни одатдагидек кундалик дайжестимизда тақдим этамиз.

Фаластиндаги вазият

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 7 октябрдан буён Исроил зарбалари оқибатида ўлдирилган фаластинликлар сони 24 минг 620 нафарга етган. 61 минг 830 киши ярадор қилинган.

Ғазо секторида ўлдирилган БМТ ходимлари 151 кишига етган. Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлган журналистлар сони эса 119 нафарни ташкил этмоқда.

Исроил зулми фақат Ғазо секторида эмас, Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида ҳам давом этмоқда. 7 октябрдан буён Фаластиннинг бу қисмида 367 киши ўлдирилган. Уларнинг 97 нафари ёш болалар.

Шунингдек, 4212 нафар одам, жумладан 637 нафар вояга етмаган болалар ярадор қилинган.

Нетаняҳунинг Ғазодаги сиёсати Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида ҳам вазиятни портлаш даражасига келтириб қўйган.

Исроиллик экспертларнинг фикрича, бунга кўплаб сабаблар бор ва жумладан, иқтисодий сабаблар. Улардан бири Исроил ҳокимиятининг солиқ йиғимларидан тушган маблағларни Фаластин маъмуриятига бермаётгани ва Ғарбий соҳилдаги меҳнаткашларни Исроилдаги иш жойларига қўймаётганидир. Шунингдек, ҳудуддаги Исроил кучлари томонидан рейдлар, ушлашлар ва ўлдиришлар сони кўпайгани ҳам. 

Нетаняҳунинг баёнотлари

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу умумиллий матбуот анжуманида Ғазо секторидаги жанглар тугагач Фаластин давлатини тузиш имконсиз, деб баёнот берган. У ўз позициясини АҚШга ҳам тушунтирганини айтиб ўтган.

«Келгусидаги барча келишувларга кўра, Исроил хавфсизлик соҳасида Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилидан бошлаб барча ҳудудларда назоратни ўз қўлида сақлаши керак. Бу мустақиллик ғоясига зид келади. Биз нима қилишимиз мумкин? Бош вазир дўстларимизга «йўқ» дея олиши керак», — деган у.

Нетаняҳу ҲАМАС устидан тўлиқ ғалабага эришишдан камига рози бўлмаслиги ва бу мақсад йўлида ҳарбий ҳаракатлар давом эттирилишини ҳам таъкидлаган.

Нетаняҳу шунингдек, Эронга ҳам таҳдид қилган.

«Эронга ҳужум қилмаймиз, деб ким айтди? Эрон бу — саккизоёқнинг боши ҳисобланади», — деган Нетаняҳу форсларнинг «Ансоруллоҳ», «Ҳизбуллоҳ», ҲАМАС ва Сурияга ёрдам бераётганига ишора қилиб.

Бу орада Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАС томонидан қазилган туннеллар аввал тахмин қилинганидан кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бундай туннелларни йўқ қилиш учун йиллар талаб қилинади, деб ёзади New York Times нашри. 

Қизил денгиздаги вазият

Яманлик ҳусийчилар Адан қўлтиғида яна Америка кемасига ҳужум қилишгани ҳақида хабар берди.

«Яманга қарши АҚШ ва Буюк Британиянинг агрессиясига жавобан бизнинг қуролли кучларимиз Адан қўлтиғида Kim Ranger кемасига зарба берди», — дейилади ҳусийчилар вакили Яҳё Сарийнинг баёнотида.

АҚШ президенти Жо Байден ҳам ҳусийларга қарши зарба беришда давом этишини айтди. Бу зарбалар Қизил денгизда кемаларга таҳдид тўхтамагунча давом этади.

«Сиз Америка зарбалари ҳусийларни тўхтатдими, деб сўраяпсизми? Йўқ! Бу зарбалар давом этадими? Ҳа!» — деган Жо Байден журналистлар билан учрашувда.

17-18 январ кунлари АҚШ халқаро юк ташиш йўлларига ҳужум қилиш учун фойдаланилган 14 та ҳусий ракетасини уриб туширган. АҚШ Марказий қўмондонлигининг фикрича, зарбалар «ҳусийларнинг Қизил денгиз, Боб ал-Мандиб бўғози ва Адан кўрфазидаги халқаро ва тижорат кемаларига ҳужумларини давом эттириш қобилиятини заифлаштиради». 

Украинага ёрдам

АҚШ президенти Жо Байден конгрессменларнинг «кичик озчилик» гуруҳи томонидан блокланиши мумкинлигини тан олди ва бундай сценарийни «фалокат» деб атади.

Республикачилардан иборат мухолифат президентнинг Киевга 61 млрд доллар ёрдам тақдим этиш сўровини кенг миқёсли миграцион ислоҳотга боғлаб қўйган. Шунингдек, республикачилар Оқ уйдан Украина йўналишида ҳаракатлар стратегиясини шакллантириш ва ажратилаётган маблағларнинг ҳисобдорлигини таъминлашни талаб қилмоқда.

Шунга қарамасдан ғарбнинг бошқа давлатлари Украинага ёрдам беришда давом этмоқда. Масалан, Канада 200 га яқин украин танкчиларини урушга тайёрлаб берди. Улар Полшада немисларнинг Leopard-2 танкларида ўқув машғулотларини ўташган.

20 дан ортиқ давлат Украина учун артиллерия коалициясини тузган. Германия, Франция ва бошқа давлатлар Киев учун ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш ниятини маълум қилган.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Украинада F-16 қирувчи самолётларининг илк муваффақиятлари шу йилнинг ўзида рўй беришини таъкидлади.

«Украина осмонидан туриб F-16 самолёти билан бериладиган илк зарбага тайёргарлик режага кўра давом этмоқда. Учувчилар, инженерлар ва инфратузилма тайёрланмоқда», — деган Кулеба.

Вазирнинг сўзларига кўра, F-16 қирувчи самолётларини етказиб беришни ваъда қилган барча давлатлар ўз мажбуриятларига содиқ туришибди. 

Россияга қарши чекловлар

АҚШ Молия вазирлиги Россия нефтини ташувчи Либерия ва БАА танкерларга қарши санкциялар киритди.

18 январ куни Либерия байроғи остида сузиб юрган ва Россия нефтини ташувчи 17 та денгиз кемаси, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларидаги Hennesea Holdings юк ташиш компанияси чеклов чораларига киритилди.

Декабр ойида Қўшма Штатлар ва G7 давлатлари Россия нефти нархининг юқори чегарасига (баррелига 60 доллар) риоя этилишини назорат қилиш чораларини кучайтирган эди. Санкцияларнинг кучайтирилиши Россиядан хомашё ташувчи юк ташувчи компанияларга нисбатан чекловлар жорий этилиши билан бир вақтда юз берди. 

Венгрия босим остида

Венгия Европа Кенгашига раислик қила олмайди, деб ҳисоблашмоқда Европа парламентидагилар.

Европарламент Будапештнинг «Евроиттифоқнинг асосий қадриятларини топташ»га қаратилган «ғаразли ва доимий» хатти-ҳаракатларини қоралайди ва Европа Кенгашини Венгрияга нисбатан овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этувчи Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартноманинг 7-бандини қўллашга чақиради, дейилади Европа парламенти резолюциясида.

«Сўнгги ўн йилликлар ичида сайланадиган автократиянинг гибрид режимига айланган Венгрия»нинг хатти-ҳаракатларидан мамлакат аҳолисининг ожиз гуруҳлари азият чекаётгани қайд этилган резолюцияни евродепутатларнинг 345 нафари қўллаган, 104 киши қарши овоз берган, 29 киши иккиланган.

Евродепутатлар Венгрия туфайли декабрда Европа Кенгаши Европа Иттифоқи бюджетига ўзгартириш кирита олмагани, бу эса Украинага ёрдам ажратилишини хавф остида қолдирганини эслатиб, Венгриянинг бу иши «Европа Иттифоқи стратегик манфаатларига нисбатан тўлақонли ҳурматсизлик ва уни бузиш» эканини қайд этишган. 

Озарбойжонга қарши санкция?

Озарбойжон томонидан Қорабоғ арманлардан қайтариб олинганини асло ҳазм қилолмаётган Франция сенаторлари Европа Иттифоқини Бокуга нисбатан санкциялар жорий этишга чақирди.

Франция сенати Озарбойжоннинг Қорабоғни озод этиши йўлидаги ҳаракатлари учун санкциялар жорий этишга чорловчи резолюцияни қабул қилган. Резолюцияда бир қатор қатъий чоралар, жумладан, озарбойжонлик мансабдорларнинг активларини мусодара қилиш, Озарбойжон нефт ва газига эмбарго жорий этиш таклиф қилинган. 

Турк фазогири парвози

Таркибида туркиялик илк астронавт Алпер Гезеравжи, шунингдек испан, италян ва швед астронавтлари бўлган Space X Axiom Misson 3 космик кемаси Флоридадаги Кеннеди космодромидан Халқаро космик станция томон муваффақиятли учирилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ушбу парвоз муносабати билан расмий чиқиш қилган.

«Пилот ёрдамида бошқариладиган илк космик парвоз билан республикамизнинг иккинчи асри — Туркия асрига қадам қўймоқдамиз. Аллоҳ йўлимизни, истиқболимизни очсин», – деган Эрдўған.

Парвоз муносабати билан мамлакат пойтахти Анқарада жойлашган Отакуле минорасида «Истиқбол кўклардадир», «Илк турк астронавти коинотда» ёзувлари чиқарилган.

Энг қизиғи — полковник учувчи Алпэр Гезеравжи 2012 йилда Туркия қуролли кучлари сафидан Измирдаги ҳарбий жосуслик фитнасида айбланиб, ҳайдалган экан. 2020 йилда у ўз устидан қўзғатилган жиноят иши бўйича судда ғолиб чиқиб, қуролли кучлар сафига қайтган.

Мавзуга оид