Нуқтайи назар | 22:07 / 20.01.2024
71634
2 дақиқада ўқилади

33 йил давомида имтиёзлар олган қайси соҳа боқимандаликдан чиқиб, рақобатбардош бўла олди?

Ўзбекистонда телевизор, кондиционер, кир ювиш машинаси каби маиший техникалар импортига янги чекловлар ўрнатилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар кенгайтирилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров Kun.uz’га берган интервюсида айни мавзу юзасидан мулоҳазаларини билдирди.

Фото: Андрей Любимов / РБК/ ТАСС

Мен қарор қабул қилувчиларга савол бергим келади. 33 йил давомида “теплица” шароитида имтиёз, арзон кредитлар, преференциялар билан қайси соҳани ривожлантира олдингизки – улар паразитликдан, боқимандаликдан рақобатбардошлик даражасига чиқа олди? Ўзбекистон халқининг чўнтагини ковлашдан, чўнтагидаги бор маблағларни суғуриб олишдан эркин бозорда бемалол фаолият кўрсатадиган, рақобат қила оладиган, сифат устида ишлайдиган, харажатларни минималлаштирадиган даражага чиқа олди? Бирорта мисол келтириб бера олишадими?

Маиший техника ишлаб чиқарувчиларга 5 фоиздан кредит линия тақдим этиладиган бўлган. Охирги марта Ўзбекистон 8 фоиздан ҳам қимматроққа кредит олди. Тасаввур қилинг, Ўзбекистон ўзининг суверен рейтингини, бюджет имконияти, иқтисодий имкониятини ҳисобга олган ҳолда 8 фоиздан кредит оляптида, уларга 5 фоиздан кредит бераркан. Бу қанақа иқтисодий мантиқ? Улар ҳақиқат ҳам яшашга қобил бўлса, паразит бўлмаса, очиқ бозордан кредит олсин. Ўзбекистоннинг 10 ёки 30 минг аҳолисини иш билан таъминлаяпмиз деётганлар очиқ бозордан кредит олсин. Ўзбекистон ҳукумати бизнинг номимиздан 400 млн доллар кредит оларкан-да, уларга 5 фоиз кредит линиясини очаркан, ҳар бир кредитдан камида 3 фоиз бизнинг зиммамизга тушади.

Ҳали 15 фоизгача бўлган нарх преференциясини гапирмаяпман. Бу абсурд, умуман абсурд. Содда тилда айтсам, “15 фоиз ногиронмиз, 15 фоиз имтиёз бермасангиз, биз ҳеч нарсага ярамайдиган ожизмиз” дейиш билан баробар бу. Ўзи 15 фоизлик нарх преференцияси олдин ҳам бор эди, шу имтиёзни олиш учун давлат буюртмасига камида 3 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи даъвогарлик қилиши керак эди. Энди битта бўлса ҳам кифоя.

Мавзуга оид