Ғазо туннелларини бузган Миср, Украинага ёрдам ва Швециянинг НАТОга аризасини маъқуллаган Туркия — кун дайжести
Сўнгги кун ичида жаҳонда содир бўлган янгиликлар, воқеа-ҳодисалар, баёнотларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек дайжестимиз орқали таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил Ғазо секторидаги Хон Юнус шаҳри яқинида ҲАМАС туннеллари йўқ қилинганини маълум қилди. Бу туннеллардан ҳамасчилар қурол ва ракета ишлаб чиқаришда фойдалангани таъкидланмоқда.
Қайд қилинишича, ҳамасчилар Исроил ҳарбийларини ўққа тутган ва қурол билан ракета ишлаб чиқариш объектига қўшинларнинг кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида бир неча туннелларнинг кириш қисмини портлатиб юборган. Кейинчалик Исроил ҳарбийлари барибир туннелларга кириш имконига эга бўлган. Бу иншоотлар сапёрлар томонидан вайрон қилинган.
Миср Ғазо секторидан Синай яриморолига етказувчи 1,5 мингдан ортиқ туннелларни бузиб ташлаган, деб хабар бермоқда араб оммавий ахборот воситалари.
Шунингдек, Миср Ғазо билан чегарадаги деворни яна 6 метрга кўтарган, чуқурлигини ҳам 6 метрга бетонлаган. Девор устига тиканли сим ўрнатиб, фаластинликлар ўта олмаслиги учун 5 километрлик буфер зонаси яратган.
Ғазо секторида Исроил агрессияси туфайли қурбон бўлган фаластинликлари сони 25 минг 490 нафарга етаган. Ярадорлар сони 63 минг 354 нафарни ташкил этган, деб хабар беради Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Қатар воситачилигида ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш борасидаги музокаралар эса боши берк кўчага кириб қолган.
Исроилнинг йўқотишлари
Исроил армияси ўз аскарлари орасида сўнгги 24 соат ичида катта йўқотишлар ҳақида хабар берган эди. Ғазо секторидаги иккита бинонинг портлаши ва қулаши оқибатида 21 аскар ҳалок бўлган. Портлаш учун жавобгарликни ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбийлаштирилган қаноти «Иззаддин ал-Қассам» бригадалари вакиллари ўз зиммасига олди. Кейин Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳарбийлар Ғазо секторидаги ҳужумларини давом эттиришини айтди.
Шу билан бирга, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Исроил шимолида Мерон тоғидаги базага ракета ҳужуми уюштирганини эълон қилди. Ҳаракатнинг қайд этишича, бу ҳужум ҲАМАС сиёсий бюроси раиси ўринбосари Солиҳ ал-Арурийнинг ўлдирилишига, шунингдек, Исроилнинг Сурия ва жанубий Ливанга берган зарбаларига жавоб бўлган.
ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ»нинг снарядлари ва ракеталари бу сафар базадаги объектларга озгина зарар етказа олганини маълум қилди. Қурбонлар йўқ. Ракеталарнинг бир қисми «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизими томонидан уриб туширилган.
Исроил ҳарбий кабинетида Ғазо секторидаги операция борасида бўлиниш юзага келмоқда. «Агар Ғазода ер усти операцияси тугаса, бизнинг партиямиз ҳукумат таркибидан чиқади. Биз ҳеч қачон ва ҳеч қандай шароитда мустақил Фаластин давлати тузилишини қўллаб-қувватламаймиз», – деган Исроил маданият вазири Мики Зохар.
Швециянинг НАТОга аризаси
Туркия парламенти бош ассамблеяси узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг Швециянинг НАТОга аъзолиги ҳақидаги протоколни ратификация қилиш учун овоз берди.
287 нафар туркиялик парламентарий ратификацияни ёқлаб чиқди, яна 55 нафари эса қарши бўлди.
«Бугун биз НАТОнинг тўлақонли аъзоси бўлишга бир қадам яқинлашдик», — дея Швеция бош вазири Улф Кристерссон Анқарада овоз бериш натижаларига изоҳ берди.
Швеция ва Финландия Россиянинг Украинага ҳужуми муносабати билан 2022 йилда НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган. Финландия расман 2023 йил 4 апрелда Шимолий Атлантика алянсига аъзо бўлди. Швециянинг НАТОга қабул қилиниши ҳозиргача икки давлат – Туркия ва Венгрия томонидан маъқулланмай келаётган эди.
Аввалига Туркия Стокҳолм аризасини маъқуллашдан бош тортди, чунки у Швецияни Анқара террорчи деб ҳисоблаган курд фаолларини қўллаб-қувватлашда айблади. Швеция, ўз навбатида, сиёсатини қатъийлаштириб, Анқара шартларини бажарганини даъво қилди. Узоқ давом этган музокаралар ва шартларни муҳокама қилишдан сўнг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Швеция аризасини Туркия парламентига кўриб чиқиш учун топшириб, ушбу ҳужжатни имзолади.
Энди Венгрия Швециянинг аризасини маъқулламаган ягона давлат бўлиб турибди.
Будапешт Скандинавия давлатини Венгрияни «таҳқирлаш» сиёсатида айблаб, унинг қонун устуворлигига риоя қилмаётганини мунтазам танқид қилмоқда. Венгрия бош вазири Виктор Орбан швед ҳамкасби Улф Кристерссонни у билан Швеция таклифини муҳокама қилиш учун Будапештга таклиф қилди. Аммо Швеция ташқи ишлар вазири Тобиас Билстрём муҳокама учун ўрин йўқлигини, Венгрия 2022 йил ёзида Мадридда ўтган иттифоқ саммитида Швецияга ҳеч қандай шартсиз НАТОга аъзо бўлиш таклифини расман топширганини эслатди.
Украинага ёрдам
Белгия Россиянинг музлатилган активларидан олинган фоизлардан Украинага 611 миллион евро ўтказади. Россиянинг Европа Иттифоқидаги музлатилган активларининг умумий миқдори тахминан 180 миллиард еврони ташкил этади, уларнинг аксарият қисми Белгияда жойлашган.
Германия ҳукумати биринчи марта Украинага ҳарбий вертолётлар етказиб беришга қарор қилди. Украина қуролли кучлари (УҚК) олтита кўп мақсадли Sea King Mk41 вертолётлари, зарур жиҳозлар ва улар учун эҳтиёт қисмлар тўпламини олади, деб хабар берди Германия мудофаа вазирлиги 23 январ, сешанба куни навбатдаги «Рамштайн» форматида йиғилиш якунланганидан кўп ўтмай.
Бундан ташқари, украиналик ҳарбийлар парвоз техникасини бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича зарурий тайёргарликдан ўтади. Германия мудофаа вазирлиги раҳбари Борис Писториуснинг сўзларига кўра, денгиз Sea King Mk41 — «украиналикларга кўплаб соҳаларда ёрдам берадиган тасдиқланган ва ишончли вертолёт».
«У Қора денгиз узра разведкадан тортиб, аскарларни ташишгача қўлланиши мумкин». Бу Германиядан биринчи шундай етказиб бериш», - деди Писториус.
Германия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан кейин Германия Украинага умумий қиймати қарийб олти миллиард еврога тенг ҳарбий ёрдам етказиб берган. Аввалроқ, 2023 йил бошида Британия томонидан ушбу русумдаги иккита вертолёт Украинага топширилган эди.
2024 йилда Украина ҳозирча ўзида йўқ бўлган, бироқ Россия қўшинлари ва уларнинг логистика тугунларини йўқ қилиши мумкин бўлган қурол-яроғларни олади, – деган Украина Мудофаа вазирлиги спикери Илларион Павлюк “Рамштайн” йиғилиши якунларига кўра.
Шунингдек Украина мавжуд ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун етарли ракеталар олади. Ғарблик ҳамкорлар ўзларида ишлаб чиқарилган ракеталарни совет даврида ишлаб чиқарилган учирувчи қурилмалар учун модернизация қилиб бериш устида ҳам иш олиб бормоқда, деган Павлюк.
Узоқ турмуш учун мукофот
Россияда узоқ муддатли турмуш учун пул мукофоти жорий қилиниши мумкин. Шундай мазмундаги қонун лойиҳаси Россия Давлат Думасига киритилган.
Қонун лойиҳаси муаллифлари тўловларни турмушнинг йигирманчи йилидан бошлаб белгилашни таклиф қилмоқда. Мисол учун, 20 йиллик никоҳ учун эр-хотин 20 минг рубл, 25 йил учун 25 минг рубл олади ва ҳоказо. Максимал миқдор — 70 минг рубл бўлиб, 70 йиллик никоҳ учун белгиланган.
Россияда доимий яшовчи эр-хотин, агар уларнинг никоҳи бекор қилинмаган бўлса, тўловларни олиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар эр ёки хотин юбилей йилида вафот этган бўлса, унинг беваси тўловни олиши мумкин.
Қонун муаллифлари томонидан тақдим этилган тушунтириш хатида айтилишича, ташаббус «қийин кунларни бошидан кечираётган» никоҳ институтини рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган. Агар янги қонун қабул қилинса, 2024 йил 1 июлдан кучга киради.
Мавзуга оид
14:38
АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024