“Геосиёсат” шу каби саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Каримовга юзланди.

— Ҳўрмуз бўғозининг стратегик аҳамияти ва бўғознинг ёпилиши ҳусийчиларнинг иттифоқчиси бўлмиш Эрон учун ҳам иқтисодий ютқазиш бўлмайдими?

Фарҳод Каримов: — Ҳўрмуз бўғози халқаро савдо учун муҳим объект. Энергия ресурслари учун маршрутнинг асосий қисми ҳам шу бўғоздан ўтади. Умуман, минтақа учун ҳам, дунё давлатлари учун ҳам катта аҳамиятга эга. БАА, Қатар катта бозор сифатида очилиб боряпти, Хитой ва бошқа ердан келувчи товарлар Ҳўрмуздан ўтади. Шунинг учун ҳам бу ерни ҳимоя қилиш учун катта миқдордаги молиявий ресурслар сарфланади. Қатар, БААда АҚШ, Британия, Туркия ҳарбий базалари ҳам жойлашган, шу ҳам бу ҳуқуқнинг нақадар муҳим эканини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан бу бўғоз Қизил денгиз даражасида муҳим ҳисобланади.

“Ал-Ақсо учбурчаги” масаласи ўтган йили ноябр ойида ҳам кўтарилган эди, ўшанда ушбу учбурчакдан ўтадиган Ғарб ва Исроил кемаларини ўтказмаймиз, деган эди. Декабр ойида Исроилга ҳужум қилиш ҳақида ҳам гапирганди ҳусийчилар. Аммо бунинг техник жиҳатдан имкони йўқ, Саудия устидан ўтиб амалга оширолмайди, Саудия бунга йўл қўймаслигини билдирган ҳам. Ҳозир яна шу масалани кўтаряпти. Форс кўрфази давлатлари манфаатлари бўлган бу ҳудудларга ҳусийлар ҳужум қилиб, назорат этиши қийин масала. Фақатгина Боб ал-Мандиб бўғозида ҳозиргидек назорат олиб бориши мумкин.

Камолиддин Раббимов: — Ҳусийчилар баёнотларда Хитой, Россия ва Эрон кемаларига тегинмасликларини билдиришди. Трамп ҳусийчиларни террористик ташкилот сифатида АҚШ қора рўйхатига киритган эди, Байден ҳокимиятга келгач, Ямандаги гуманитар ҳолат издан чиқяпти деб ҳусийларни бу рўйхатдан чиқарган эди. Аммо яқинда Байден ҳусийларни қора рўйхатга қайта киритди. Ҳусийчилар бу ишдан ташвишга тушгани йўқ, аммо бундан ўз мақсадларида важ сифатида фойдаланмоқчи. АҚШ экспертлари ҳам бу иш ҳусийларни чўчитмайди, балки яманликларни қийнайди, савдо-иқтисодий алоқалар узилиб, ҳуманитар ёрдамлар тўхтаб қолади, дейишди.

Эрон ҳусийчиларга таъсир қилади, лекин ҳусийчилар Эроннинг қўл остида эмас. Улар Эроннинг гапини эшитади, лекин ўз билганини қилади, деган қарашлар ҳам кучли. Саудия ҳусийчилар билан келишувга эришган. Саудия келажакдаги потенциал урушларни инобатга олиб, шарқий ҳудудларидаги нефтни Қизил денгизга олиб чиқиш логистикасини йўлга қўйган. Вазият чигаллашяпти. Ҳусийчилар АҚШ, Исроил ва уларнинг иттифоқчиларига қўлидаги воситалар билан зарба бермоқчи, лекин уларнинг қурол-яроғ захираси у қадар катта эмас, дейилади.