Яманда 9 йилдан буён давом этаётган фуқаролар урушида 300 мингдан зиёд одам ҳалок бўлди. Саудия Арабистони қўллаб-қувватловчи тан олинган Яман ҳукумати ва Эрон дастакловчи “Ансоруллоҳ” (ҳусийлар) ҳаракати мамлакатни икки фронтга айлантирган дейиш мумкин. Шу билан бирга, низонинг бошқа қуролли иштирокчилари ҳам бор.

Хўш, ҳусийлар, уларнинг мафкураси, геосиёсий мақсадлари ҳақида нималар маълум? Умуман тарихдан Яман жамиятида бирлик бўлмаганига сабаблар нима?

Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан “Геосиёсат” дастурига маълум вақт Яманда фаолият юритган тарих фанлари номзоди, доцент Азиз Худойбердиев ва Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромовни таклиф этди.

Сиз маълум вақт Яман ҳудудида фаолият юритгансиз. У ердаги вазифангиз, умуман Ямандаги фаолиятингиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

Азиз Худойбердиев: — Яманга биринчи марта 1971 йилда борганман, талаба сифатида. Бажа шаҳрида цемент заводи қурилишида таржимон бўлиб ишлаганман. Яман давлати қадимги цивилизация учоқларидан бири. Юнонлар “Бахтли Арабия” деб атаган у ҳудудларни. Таржимонлик фаолиятимда ҳам кўплаб раҳбар шахслар билан суҳбатлашганман. Кейин мен пойтахт Санадаги элчихонага юборишган, у ерда ҳам таржимонлик қилганман.

Кейин 90-йилларда Яманга борганман. Унда ҳам Санада ишлаганман. Ундан олдин Тошкентда аспирантурада Яман бўйича диссертация ёқлаганман, Тошкент давлат университети Шарқшунослик факултетида, Ислом институтида дарс берганман. Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад Қодиров ҳам талабам бўлган. Дипломатия университетида ҳам дарс бердим. Сўнг БМТнинг Ғиёҳвандлик назорати бўйича дастурида маслаҳатчи бўлиб ишлаганман.

Яманнинг ўз минтақасидаги ва умуман халқаро миқёсдаги аҳамияти қандай факторлар билан ўлчанади?

Азиз Худойбердиев: — Бу саволнинг жавобини тизимлаштириш керак. Биринчи омил бу – геостратегик омил. Яманнинг географик жойлашуви Қизил денгиз бўйича, Боб ал-Мандаб бўғози бор, у ердан Жаҳон савдо йўли ўтади, назорат қилиш имкони бор. Бу бўғоздан дунё савдо айланмасининг 12 фоизи ўтади. Ким шу ҳудудни назорат қилса, унинг қўлида катта куч бўлади.

Кейинги омил – диний-сиёсий омил. Шимолда шиаларнинг заидия қабилалари жойлашган. Улар сўнгги минг йилликда доим мустақил бўлган, Усмонлилар даврида ҳам мустақил бўлиб қолишган. Мамлакат жанубида эса суннийлар, уларнинг орасида келишмовчиликлар бўлган.