Иқтисодиёт | 21:02 / 31.01.2024
16277
2 дақиқада ўқилади

Январ ойидаги инфляция даражаси маълум қилинди

2024 йилнинг январ ойида истеъмол секторидаги нархлар ўртача 0,6 фоизга кўтарилди, дея хабар берди Статистика агентлиги. Натижада йиллик инфляция 8,6 фоизгача пасайган. Сўнгги марта бундай паст инфляция кўрсаткичи 2016 йил август ойида қайд этилган.

Фото: Kun.uz

Статистика органига кўра, йилнинг илк ойида озиқ-овқатлар 0,7 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоизга, пуллик хизматлар 0,9 фоизга қимматлашган.

2023 йилнинг январига нисбатан таққослаганда, ўтган 1 йилда озиқ-овқатлар нархи 9,3 фоизга, ноозиқ-овқатлар нархи 7,5 фоизга, хизматлар нархи 8,9 фоизга ошган.

Қайд этилишича, 2024 йил январ ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан сут (+0,5%) ва тухум (+2,5%) қимматлашган. Суякли мол гўшти (–0,2%), қўй гўшти (–0,2%), гуруч (–0,4%), буғдой уни (–1,8%), кунгабоқар ёғи (–0,9%), шакар (–0,3%) эса арзонлашган.

Ой давомида мева-сабзавотлардан бақлажон (+52,6%), булғор қалампири (+49,5%), банан (+18,9%), саримсоқ (+14,5%), помидор (+110,4%), пиёз (+3,8%) ва картошка (+3,1%) нархларида ўсиш кузатилган.

Лавлаги (–1,6%), сабзи (–1,9%), анор (–2,1%), лимон (–4,6%), карам (–4,8) ва бодринг (–11,4%) нархлари пасайган.

Бензин 3,4 фоизга (йиллик +23,3%), пропан 4,8 фоизга (йиллик +34,3%) қимматлашган, метан нархида ўзгариш бўлмаган (йиллик ўсиш +22,4%).

Эслатиб ўтамиз, йиллик инфляция 2023 йилнинг ноябрида 8,8 фоизга тушиб, бу кўрсаткич 2023 йил якунида ҳам сақланиб қолган ва бу – 2016 йил августидан кейинги давр учун энг паст кўрсаткич бўлганди. 2016 йил август ҳолатига йиллик инфляция 8,6 фоиз бўлган.

Маълумот учун, 2016 йилдан кейинги даврдаги энг юқори инфляция даражаси бундан роппа-роса 6 йил олдин – 2018 йил январида қайд этилган бўлиб, ўшанда истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик ўсиши 20,1 фоиз бўлган.

Мавзуга оид