АҚШ Сенати Украинага ёрдамни назарда тутувчи янги қонун лойиҳасини келишиб олди
Президент Жо Байден қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади ва Конгрессдан уни қабул қилишни кечиктирмасликни сўради.
АҚШ сенаторлари Украина, Исроилга ёрдам бериш ва АҚШ жанубий чегарасини мустаҳкамлаш учун маблағларни бирлаштирган умумий қиймати 118 миллиард долларлик қўшимча молиялаштириш бўйича узоқ кутилган икки партиявий қонун лойиҳаси бўйича келишиб олдилар.
АҚШ президенти Жо Байден қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади ва Конгрессдан уни қабул қилишни кечиктирмасликни сўради, деб хабар берди BBC.
Дастлабки овоз бериш ҳафта ўртасида бўлиб ўтиши кутилмоқда, бироқ қонун лойиҳаси кўпчиликни ташкил этувчи республикачилар палатасида жиддий қаршиликларга дуч келиши ҳозирдан маълум.
Сенаторлар ўтган куздан бери келишувга эриша олмаган эди. Асосий сабаб республикачилар ва демократлар ўртасидаги Мексика билан чегарани мустаҳкамлаш чоралари ва иммиграция сиёсатини кучайтириш борасидаги келишмовчиликлар бўлди. Республикачилар аввало Мексика билан чегарада назоратни кучайтиришни талаб қилиб, Украинага ҳар қандай қўшимча ёрдамни муҳокама қилишдан бош тортаётган эди.
Қайд қилинишича, қўшимча маблағларнинг умумий миқдори 118 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. Шундан сенаторлар 60,06 миллиард долларни Украинани қўллаб-қувватлашга, 14,1 миллиард долларни Исроилга ёрдам беришга, 20,23 миллиард долларни Мексика билан чегара хавфсизлигини таъминлашга, 4,83 миллиард долларни Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги АҚШ ҳамкорларини қўллаб-қувватлашга, 2,44 миллиард долларни АҚШ марказий ҳарбий қўмондонлигига ва 2,44 миллиард долларни Қизил денгиздаги операцияларни қўллаб-қувватлашга сарфлашни таклиф қилмоқда.
Қонун лойиҳаси консерватив республикачилар қаршилигига дуч келиши кутилмоқда. Улар президентлик сайловида Республикачилар партиясидан номзод бўлиши кутилаётган Доналд Трампнинг позициясига таянади. У аллақачон сенаторлар муҳокама қилаётган чегара ҳақидаги таклифга қарши эканини айтган. У ноябрдаги президентлик сайловида чегара масаласидан Байденга қарши фойдаланмоқчи ва қонун лойиҳасида ноқонуний иммиграцияга қарши кураш бўйича кўзда тутилган чораларни етарли эмас деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил кузидан бери Конгресс Украинани қўллаб-қувватлаш учун янги бюджетни қабул қила олмаяпти. Бу вақт ичида аввал ажратилган маблағлар деярли тугаб, Американинг Киевга ҳарбий ёрдами ҳажми сезиларли даражада қисқарган.