“Мактабларда кимё дарси 40-45 дақиқа давом этади, бу вақт ичида кимёвий реакциялар билан ишлаш, ҳар бир ўқувчини жараёнга қамраб олиш қийин. Бирон тажриба ўтказиш учун етарли вақт. Бу ишни бир синфда 30 тадан ошиқ ўқувчи бўлган дарс жараёнида бажариш қийин”. Kun.uz’нинг навбатдаги қаҳрамони 20 ёшида олийгоҳ талабаларига дарс бераётган Зуҳра Маҳкамова. 

Зуҳра Маҳкамова, 20 ёш. 2021 йилда 13 та олий таълим даргоҳига грант асосида ўқишга кирган. Ҳозирда Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали 3-босқич талабаси. 3 йилдан буён кимё фанидан дарс беради. «Mendeleyev kids» ҳамда «Химия в колбе» лойиҳалари муаллифи. Kun.uz мухбири билан суҳбатда Зуҳра умумтаълим мактабларидаги кимё дарслари нима сабабдан ўқувчиларни қизиқтира олмаслигини тушунтирган. Ёш педагог сифатида тенгдошлари орасида илмнинг қадри тушиб кетаётганига алоҳида тўхталиб ўтган.

Эришиш осон бўлган марра мен учун эмас

Дадам доим «қиз болани ўқитсанг, бутун авлодингни ўқитган бўласан, ўғил болани ўқитсанг – оилангни ўқитасан» дейдилар. Бизнинг оилада қиз боланинг илм олишига кучли эътибор берилади. Ўқиш пайтида бошқа тенгдошларим каби кўча айлангим, телефон, компьютер ўйнаганим келган, бироқ ота-онам таълим олишимни қаттиқ назорат қилган. Дадам доим бизни билим олишга руҳлантириб турган. Оиламизда «эришиш осон бўлган нарса биз учун эмас», деган шиоримиз бор, шунинг учун доим қийин нарсаларни қўлга киритишга ҳаракат қилганмиз. Бошида қийин бўлиб, кейинчалик ҳаракат билан эришилган нарса жуда гўзал бўлади…

Тўғри, бошида кимёни тушуниш осон бўлмади, баъзи вақтларда, ҳатто, тўгараклардан уйга берилган вазифаларни бажара олмай, йиғлаб ҳам чиқар эдим. Олийгоҳга қабул қилингунча ўндан ортиқ устозларда ўқидим, уларнинг методикасини ўргандим. Ҳаракатлар ва изланишлар натижасида бугун кимё менинг ҳаётимга айланди.

Ўзим тенгиларга дарс ўтиш қийин бўлган

8-синф пайтимда онам кимё тўгарагига олиб борган, лекин ҳеч нарсани тушунмаганман ва ўқимайман деганман. Бир йил жуда паст кўрсаткичларда фанни ўзлаштирганман. Аммо шунга қарамасдан тинимсиз изландим ва 17 ёшимдан дарс ўтишни йўлга қўйдим. Ўзим тенгиларга дарс бериш осон бўлмаган. Бошида ўқувчиларимдан ёшимни яширардим, чунки баъзи ўқувчилар улар билан тенг ёки улардан кичкина эканлигимни билишса, гапларимга қулоқ солиши қийин бўлиб қолар эди. Айримлар дарсга йиғлаб, хархаша билан келарди, уларни овутиб, дарсга жалб қилиш учун ҳам катта энергия сарфлашим керак бўларди. Айрим ўқувчилар эса дарсларга ўзи хоҳламасдан, ота-онаси мажбурлагани учун келишарди. Уларнинг кўнглига йўл топиб, дарс жараёнига қизиқтириш алоҳида санъатни, чуқур психологик билимни талаб қиларди.