Марказий банк: 2024 йилда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 6-8 фоиз атрофида ўсади
Марказий банк прогнозларига кўра, жорий йилда олтиннинг ўртача нархи 1 унцияси учун 2 минг доллар атрофида шаклланиши мумкин. Қатъий пул-кредит сиёсати билан биргаликда нисбатан барқарор шаклланган рубл курси инфляцияни биринчи ярим йилликда мувозанатда бўлишига хизмат қилади. Асосий ташқи хатар – Хитой иқтисодиёти ўсишининг секинлашиши.

Фото: Morteza Nikoubazl / Zuma / ТАСС
2024 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 5,5-6 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган «2023 йилнинг IV чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи»да маълум қилинди.
Ташқи иқтисодий шароитларнинг ривожланиш истиқболлари
2024 йил учун глобал иқтисодий ўсиш АҚШ иқтисодиёти, бир қатор йирик ривожланаётган давлатлар, жумладан, Хитой иқтисодиёти бўйича ижобий кутилмалар фонида 3,1 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.
Асосий савдо ҳамкорлар орасида ҳам жорий йилда нисбатан пастроқ иқтисодий ўсиш прогнозлари мавжуд.
Асосий хатар сифатида Хитой иқтисодиёти ўсишининг секинлашиши келтирилган. Бу асосан, заиф истеъмол талаби, кўчмас мулк ва қурилиш секторларидаги мавжуд муаммолар, инвестиция фаоллиги пасайиши ва корпоратив сектордаги юқори қарздорлик билан изоҳланган.
Россия иқтисодиёти бўйича прогнозлар аксинча юқорилаш томонга тўғриланган. Мудофаа саноати ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш секторларидаги ўсиш ижобий кутилмаларни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлган.
«Қатъий пул-кредит сиёсати билан биргаликда нисбатан барқарор шаклланган рубл курси инфляциянинг биринчи ярим йилликда мувозанатда бўлишига хизмат қилади», дейилади МБ шарҳида.
Қозоғистон иқтисодиёти ўсиши бўйича кутилмалар бироз салбий томонга қайта кўриб чиқилган. Бу ўзгариш, OPEK+ гуруҳи келишуви асосида 2024 йилда вақтинчалик нефт ишлаб чиқариш ҳажмлари қисқартирилиши билан боғлиқ. Жорий йилда қатъий пул-кредит сиёсати юритилиши оқибатида Туркия иқтисодиётининг кутилганидан пастроқ ўсиши ҳам прогноз қилинмоқда.
2024 йилда АҚШ Федерал захира тизими(ФЗТ) фоиз ставкасининг 4,6 фоизгача пасайиши таъсирида жаҳон молия бозорларида молиялаштириш қиймати учун эталон бўлган форвард SOFR ставкаси ҳам йил охирига келиб 5,3 фоиздан 4 фоизгача, 2025 йил охирига келиб эса 3,3 фоизгача пасайиши кутилмоқда.
Мис, олтин ва нефт нархи бўйича кутилмалар
Брент маркали нефтнинг ўртача нархи 2024 йилда бир баррели 82 АҚШ доллари ва 2025 йилда 79 АҚШ долларигача пасайиши мумкин. Бироқ геосиёсий вазият кескинлашуви ва товар етказишдаги узилишлар содир бўлган тақдирда, нархлар анча юқори ва юқори тебранувчан бўлиши тахмин қилинган.
Миснинг йирик истеъмолчиси саналган Хитой иқтисодиётининг суст фундаментал кўрсаткичлари фонида жорий йилда мис нархи бироз пасайиши кутилмоқда. Бироқ долларнинг заифлашуви ва Панама канали орқали таъминот муаммолари, жаҳон бозорида мис таклифига таъсир қилиб, мис нархларининг ўсишига олиб келиши ҳам мумкин.
Жаҳон олтин уюшмаси маълумотларига кўра, 2024 йилда дунёда мавжуд геосиёсий ҳолат ҳамда марказий банклар томонидан олтинга бўлган талаб юқорилиги олтин нархининг оширувчи омиллари бўлади. Олтиннинг ўртача нархи 1 унцияси учун 2 минг доллар атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
Жаҳон озиқ-овқат нархлари
Жаҳон банки прогнозларига кўра, озиқ-овқат нархлари 2024 йилда дон маҳсулотлари, хусусан, маккажўхори ва буғдой нархлари тушиши туфайли қўшимча 1 фоизга пасаяди. Буғдой таъминоти жорий йилда аввалги йил даражасига яқин ва барқарор бўлиши кутилмоқда. Прогнозлар буғдой баҳоси 2024 йилда 3 фоиз, 2025 йилда 5 фоизга пасайишига ишора қилмоқда.
Ўзбекистон бўйича макроиқтисодий прогнозлар
Янгиланган прогнозларга кўра, 2024 йилда иқтисодий ўсиш 5,5-6 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда, бу аввалги натижаларга нисбатан бироз юқори ҳисобланди.
2024 йилда экспорт (олтинсиз) ҳажми жаҳон бозорларида шаклланаётган нархлар, хусусан, пахта ва уран нархлари ҳамда металлургия саноатида мис ва рух ишлаб чиқариш ҳажмининг кутилаётган ошиши ҳисобига 10-12 фоиз атрофида ўсиши прогноз қилинмоқда.
Импорт ҳажми ўсиши сўнгги йиллардаги юқори даражасига нисбатан пасайиши ва жорий йилда 10-12 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Жумладан, юқори база эффекти туфайли машина ва ускуналар импорти 2023 йилга нисбатан пастроқ шаклланиши бўйича кутилмалар мавжуд.
Бироқ импорт нархларига энергия ресурсларининг нархи ва уларни денгиз орқали ташиш харажатлари ошиши борасидаги хатарлар оширувчи босим яратиши мумкин.
Инфляция
Фискал интизомнинг кучайтирилиши орқали бюджет тақчиллигини 2024 йилда 4 фоиздан оширмаслик чоралари иқтисодиётдаги инфляцион босимни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Янгиланган прогнозларга кўра, инфляциянинг 2024 йилда йиллик 8-9 фоиз атрофида, 2025 йил якунида 5 фоизлик таргет кўрсаткичи доирасида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
Бундан ташқари, солиқ тизимидаги ўзгаришлар ҳам нархларга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Хусусан, жорий йил апрел ойидан совуқ сув ва иссиқлик таъминоти, чиқинди йиғиш ва канализация хизматлари ҳамда дори воситалари ва тиббий хизматларни қўшилган қиймат солиғига тортилиши эълон қилинди. Шунингдек, эҳтимолий энергия ресурслари қимматлашиши инфляциянинг янги тўлқинини пайдо бўлиш хатарини кучайтиради.
Келгуси чоракларда ҳам мева ва сабзавот нархларига таклиф омиллари томонидан оширувчи босим давом этади. Бунда иқлим ўзгариши таъсири, сув танқислиги ва иссиқхоналарнинг энергия билан таъминланганлик ҳолати бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.
Пул ўтказмалари
Пул ўтказмалари ҳажми 2024 йилда хориждаги ишчи кучига юқори талаб натижасида 6-8 фоиз атрофида ўсиши мумкин. Жорий йилда пул ўтказмаларининг кириб келиши бўйича ижобий кутилмалар, иқтисодиётдаги иш ҳақи миқдорларининг ошиб бориши аҳоли даромадлари реал ўсишининг 5-7 фоиз атрофида шаклланишига хизмат қилади.
Мавзуга оид

12:24 / 24.04.2025
Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

16:34 / 18.04.2025
Марказий банк Telegram орқали тарқалаётган фирибгарликдан огоҳлантирди

19:31 / 15.04.2025
Инфляцияни ўлчаш: нархлар қандай кузатилади?

12:24 / 06.04.2025