Ўзбекистон | 13:39 / 14.02.2024
6158
6 дақиқада ўқилади

“Револвер асосида 10 йил муддатга 100 млн доллар ажратиляпти” – “ЎзАгролизинг” АЖ техника етказиб беришдаги янги механизмлар

Деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиб, ҳосилдорликни пахтада 50 центнер, ғаллада 100 центнерга етказиш режа қилинган. Бу борада қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва энг замонавий техникалар билан таъминлаш устувор вазифа. Президент раислигида ўтказилган йиғилишда эътибор қаратилган айни шу масалалар юзасидан “ЎзАгролизинг” АЖ бошқарув раиси Нодир Отажонов ўз инсайдлари билан бўлишди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 феврал куни қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда ер ва сув ресурслари чекланган шароитда янгича ишлаб, маҳсулотни кўпайтириш, соҳага саноат муҳитини олиб кириш зарурлиги таъкидланди. Маълум қилинишича, юртимизда бир гектар майдондан олинадиган ўртача ҳосил илғор мамлакатлардагига қараганда кам. Лекин ўғит ҳам, ёқилғи ҳам, сув ҳам 2 карра кўп ишлатилади. Шу боис, хориждан серунум чигит ва уруғлар олиб келиб, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиб, ҳосилдорликни пахтада 50 центнер, ғаллада 100 центнерга етказиш мумкинлиги тилга олинди.

Айтиш жоиз, бу борада механизациялаш жараёни муҳим, хусусан, фермер ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларига энг замонавий техникаларни етказиб бериш устувор вазифадир. Президент раислигида ўтказилган йиғилишда айни шу масалаларга эътибор қаратилди. Янги жорий этилаётган тизим ва имкониятлар юзасидан “ЎзАгролизинг” АЖ бошқарув раиси Нодир Отажонов ўз инсайдлари билан бўлишди.

- Юртбошимиз томонидан қишлоқ хўжалигида сафарбар қилинмаган янги захираларни ишга солиш, харажатларни пасайтириб, шу орқали деҳқонлар даромадини кўпайтириш, ерларимиз унумдорлиги, ҳосилдорликни ошириш бўйича барча соҳаларда аниқ вазифалар белгилаб берилди. Механизация, операторларни ўқитиш масалаларига эътибор қаратилди. Қатор вазифаларни юклаш билан бирга олдин мавжуд бўлмаган янги молиявий манбалар тақдим қилиниши айтилди. Хусусан, “ЎзАгролизинг” акциядорлик жамиятига жорий йил қишлоқ хўжалигига 10 мингдан ортиқ замонавий энергия тежамкор қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш вазифаси юклатилди. Ҳозирга қадар ҳудудлар кесимида бу техникаларнинг эгаларини аниқлаштириб, ҳисоб-китоб қилиб олдик.

Бугунги кунда техника етказиб беришда янги механизмларни қўллаяпмиз. Бунинг олдинги молиялаш тизимидан фарқи шуки, кредит револвер асосида 10 йил муддатга бериляпти. Жами 100 млн доллар ажратиляпти, унинг 1 йиллик имтиёзли даври ҳам бор. Ундан ташқари Жаҳон банкидан 40 млн доллар, Япониянинг Халқаро ҳамкорлик ташкилотидан ҳам 40 млн доллар маблағ тақдим этиляпти, булар 10 йилга берилади ва 3 йиллик имтиёзли даври ҳам бўлади. Яна бир муҳим жиҳати, бу ажратилаётган маблағлар навбат билан ишлатилади. Мазкур маблағлар ўзлаштирилгандан сўнг кейинги линияларни очишга имконият яратилади. Бу дегани, 10 минг техника билан чекланмаймиз, талаб катта бўлса, бундан ҳам кўпини етказиб берамиз.

Янги 200 минг гектар ер ўзлаштирилади

Қайси турдаги техникаларга устуворлик берилади, деган масалага тўхталсак. Давлатимиз раҳбари яна 200 минг гектар ерни ўзлаштириш бўйича топшириқ берди. Шу сабабли катта кучли тракторлар, лазерли ер текислагичлар, юқори сифатли омочларга, умуман, ерга ишлов берувчи техникаларга эҳтиёж катта бўлади. Чигит экиш мавсуми яқин бўлгани учун юқори аниқликда ишловчи чигит экиш сеялкаларига эҳтиёж бор, ғалла ўрим мавсумида комбайнлар, пахта терим мавсумида эса механизациялаш техникаларига устуворлик берилади, 500 та пахта териш машинасини етказиш кўзда тутилган.

Техникаларни тақдим этиш муддати 3 кундан ошмайди

Талаблар мураккаб эмас. Мурожаат қилувчилар ер майдони, оладиган ҳосили, даромади ва банкдаги айланмалари ҳақида маълумот тақдим этишади. Талаб этилган барча ҳужжатларни кўриб чиқиб, шартнома қилиш муддати 2-3 кундан ошмайди, техникалар қисқа муддатда етказиб берилади. Оғир техникаларга 10 йилгача, кичикроқ техникаларга эса 3-5 йилгача лизинг қилиб берилади.

Кафолат берилган муддатдаги носозликлар учун компенсация ишлаб чиқарувчи компания томонидан қопланади. Кафолат муддатидан сўнг пайдо бўладиган таъмирлаш ишлари харажати техника эгаси томонидан қопланади.

Арзон нархларда техника етказиб беришга урғу қаратилади

2024 йилда “Ўзагролизинг” АЖ биринчи навбатда хорижий молия бозоридан узоқ муддатли, паст фоизли маблағларни жалб қилиш ҳисобига деҳқон, фермерларга узоқ муддатли, нисбатан арзон нархларга қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб беришни асосий вазифа сифатида ўз олдига мақсад қилган. Ўтган йилгига нисбатан етказиб бериш ҳажми 5 баробарга ўсиши кутиляпти. Олдин ички манбалардан маблағ жалб қилишда муаммолар бўларди. Сўнгги уч йилда компания молия тизими халқаро стандартларга мослаштирилиб, ташқи манбалардан ҳам маблағ ола бошладик. Хориждан экспертлар жалб қилинди. Жаҳон банки ҳамда Япония Халқаро ҳамкорлик ташкилотининг экспертлари текширувидан иш жараёнимиз таҳлили ижобий баҳоланди. Уларнинг хулосаси натижасида янги кредит линияларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдик, бу эса бизнинг имкониятларимизни оширди.

Ҳозирда оператор-механикларни ўқитиш бўйича тизимли иш ташкил этиляпти. Барча ҳудудларда техникаларга сервис хизмати кўрсатиш марказлари ҳам шакллантириляпти. Сервис марказларида кўчма сервис хизматлари йўлга қўйилиб, жойларга чиқиб хизмат кўрсатиш ҳам амалга ошириляпти. Буларни ишга туширишда янги молиявий манбалар катта аҳамиятга эга.

Республикамизнинг барча ҳудудларида компаниямиз филиаллари бор, боғланиш учун телефон рақамлар ишлаб турибди. Шунингдек, деҳқон ҳамда фермерлар саволлар билан бирга ўз таклифларини беришлари ҳам мумкин. Ходимларимиз техникаларнинг афзалликларини тушунтирган ҳолда мижозларга тавсиялар беришади.

Диёрахон Набижонова тайёрлади.

Оператор ҳамда монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов