Мюнхен. Якуний хулосалар - Украина ва узоқ урушга тайёргарлик
Алексей Навалнийнинг ўлими ва Авдийивканинг қўлга олиниши ҳақидаги хабарлар фонида Ғарб Россия ва Украина ўртасида узоқ давом этадиган урушга ҳозирлик кўрмоқда. Мюнхен хавфсизлик конференцияси якунлари шундан дарак беради.
Баъзан кичик тафсилотлар катта ўзгаришларни англатади. 18 феврал, якшанба куни якунланган Мюнхен хавфсизлик конференциясида (MSC) шундай бир қанча тафсилотлар бор эди. Украина президенти Володимир Зеленскийга форум ўтказилган замонавий Bayerischer Hof меҳмонхонасида илк бор бошқа давлатлар раҳбарлари билан мулоқот қилиш учун алоҳида хона ажратилди. Бунгача у ўзидан олдингилар каби бошқа, нуфузли сиёсатчилар билан учрашувларга борган. Россиянинг Украинага қарши уруши уни асосий ва энг ҳимояланган иштирокчилардан бирига айлантирди.
Яна бир мисол, Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми олдидан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳар йили Мюнхенга келиб, конференциянинг асосий куни бўлмиш шанба куни тушга яқин нутқ сўзлаган. Ҳозирда Мюнхенга Москванинг расмий вакиллари таклиф қилинмаяпти ва дастурдаги «Лавров дарчаси» Хитой бош дипломати Ван Ига берилди. У келаси йил ҳам Мюнхенда бўлиши кутилмоқда, бу 60 йиллигини нишонлаган етакчи конференция учун янги анъанага ўхшаяпти.
Кўплаб майдончалардаги кайфият байрамона эмас эди, аммо ташвиш, ноаниқлик ва бузилиб кетаётган дунё тартибини сақлаб қолиш ҳамда НАТОни мустаҳкамлаш чақириқлари ўртасида мувозанатли бўлди. Ташкилотчилар, эҳтимол, сўнгги йиллардаги энг пессимистик сарлавҳали ҳисоботни нашр этишди - «Lose-Lose?» (Барча ютқазадими?). Форумдан сўнг кўплаб суҳбатдошлар сўроқ белгисини олиб ташлаш мумкинлигини айтган.
Навалнийнинг ўлими ва Авдийивканинг қўлга олиниши
Шу тариқа, АҚШ Конгрессида янги ёрдам масаласи блокланганидан кейин Украинада Ғарб ўқ-дорилари ва қурол-яроғлари етишмаяпти. Шу фонда, конференция давомида Украина қўшинлари Донецк чеккасидаги Авдийивка шаҳрини тарк этгани ҳақида хабар келди. Дунё ва форум иштирокчилари диққати Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршиликка ҳам қаратилган. Шунингдек, Қўшма Штатларда республикачилардан президентликка эҳтимолий номзод, Оқ уйнинг собиқ раҳбари Доналд Трамп НАТО шартномаси моҳиятини шубҳа остига қўйиб, ялпи ички маҳсулотнинг икки фоизини мудофаага сарфлаш мажбуриятини бажармаган мамлакатларни ҳимоя қилмаслигини айтди. Улар эса кўпчиликни ташкил қилади, шу жумладан, яқин вақтгача Германия Федератив Республикаси ҳам рўйхатда бор эди.
Уч кунлик конференция очилишига бир соат қолганда Россиянинг энг машҳур мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг колонияда вафот этгани ҳақида хабар келди. Бу рус ва ғарб экспертлари ҳамда журналистларини ҳайратда қолдирди. Деярли ҳамма қотиллик ҳақида гапирди ва Россия расмийларини айблади. Навалний номи Ғарб етакчилари нутқида биринчи дақиқадан сўнгги дақиқагача эшитилди. Сиёсатчи беваси Юлия Навалнаянинг режасиз нутқи анжуманнинг ҳаяжонли лаҳзаларидан бирига айланди. Томошабинлар уни қарийб бир дақиқа давомида олқишлади. Навалная Россия раҳбариятини РФ ва унинг оиласи олдидаги «барча даҳшатли ишлар учун» жавобгарликка тортишга чақирди.
Навалнийнинг ўлими «Россия келажаги» ҳақидаги муҳокаманинг ҳам асосий мавзусига айланди. Унда фақат аёллар иштирок этди - ҳуқуқ ҳимоячиси Ирина Шчербакова, 2015 йилда ўлдирилган мухолифатчи Борис Немцовнинг қизи Жанна ва сиёсатшунос Екатерина Шулман. Жанна Немцованинг айтишича, «Алексей Навалнийнинг ўлдирилиши қўрқитиш ҳаракатидир» ва Россия тарихида янги босқич бошланади.
Шолц ҳозирча TAURUS’сиз Украинани қўллаб-қувватлашга ваъда берди
Украина президенти Володимир Зеленский ҳам Навалнийнинг ўлими ҳақидаги хабарни Россиядан форум ва Ғарбга сигнал сифатида баҳолаб, уни тилга олди. Зеленский ҳам олқишлар билан кутиб олинди. У иштирокчиларга инглиз тилида мурожаат қилди. Кўпчилик ёдида қолган асосий тезислардан бири: «Украинадан уруш қачон тугайди, деб сўраманг, лекин ўзингиздан нима учун Путин буни давом эттириши мумкинлигини сўранг». Бу Киев учун қурол-яроғ етарли эмаслигига ишора эди.
Ғарб етакчилари ёрдам яна давом этишига ишонтиришга ҳаракат қилди. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Камалла Харрис ва Германия канцлери Олаф Шолц гапирди, улар Украинадаги Россия урушини ўз нутқининг асосий мавзусига айлантирди. «Россиядан келаётган таҳдид ҳақиқат», - деди Шолц Москвани тўхтатиб туриш учун мудофаа харажатларини оширишга чақириб. Умуман олганда, жуда кўп немис газеталари унинг чиқишига нисбатан паст баҳо берди. Кўпчилик Шолц Берлин Украинага Киев бир йилдан бери сўраётган TAURUS қанотли ракеталарини бериши ҳақидаги саволга тўғридан тўғри жавоб беришдан қочганига эътибор қаратди.
Канцлер айтиб ўтган анжуманнинг муҳим нуқталаридан бири шундаки, Ғарб ва НАТО Россия билан уруш олиб бораётгани йўқ ва унга тортилишни истамайди. Шу муносабат билан Шолц Ғарб ҳамкорлари «Украинага ўз аскарларини юбормасликларини» аниқ айтди.
Европа Украинада узоқ давом этадиган урушга тайёрланмоқда
Фронтдан келган ёмон хабарлар фонида президент Зеленскийда Мюнхенни эҳтиёткор оптимизм билан тарк этишга асос бор эди. Бавария пойтахтига ташрифидан олдин у Германия ва Франция билан узоқ муддатли ёрдамни назарда тутувчи хавфсизлик шартномаларини имзолади. MSC’да Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни Украинада НАТО калибридаги (155 мм) артиллерия снарядларини биргаликда ишлаб чиқаришни эълон қилди. Уларнинг кескин танқислиги бор ва Украинанинг ўзи бундай ўқ-дориларни ишлаб чиқара олмайди.
Ғарбда ҳам бундай снарядлар ва бошқа қуроллар етишмайди, аммо вазият ўзгармоқда. Мюнхендаги форумда «ишлаб чиқаришни кўпайтириш» ва «сўздан ишга ўтиш» зарурлиги ҳақида кўплаб баёнотлар бўлди. Бунга нима тўсқинлик қилаётгани - қурол бозоридаги рақобат ва «миллий ғурур» ҳақида ғайриоддий очиқ муҳокама бўлди. Нима учун силжишлар Россия ҳужумидан икки йил ўтиб содир бўлаётгани борасидаги савол эса очиқ қолди.
Пессимизмга қарши курашишга уриниб, форум ташкилотчилари ва иштирокчилари «умид нури»ни излади. Кўпгина маърузачилар буни Украина армиясининг Қора денгиздаги муваффақиятлари - Россия дон йўлаги блокадасининг ҳақиқий олиб ташланиши, шунингдек, Россия Қора денгиз флоти кемаларининг йўқ қилиниши деб атади.
Мюнхен конференциясининг асосий хулосаларидан бири шундай: Европа Украинада узоқ давом этадиган урушга тайёргарлик кўра бошлади. Ва агар бир йил олдин Россиянинг Украинадаги ғалабаси дунё учун оқибатлари ҳақида четда гапирилган бўлса, энди бу минбарда муҳокама мавзусига айланди.