Ўзбекистон | 08:00 / 20.02.2024
8673
2 дақиқада ўқилади

Бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ Сенат раиси бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди 

Президент имзолаган қонун билан айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Сенат раиси бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди. 

Фото: Kun.uz

“Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, вакил конституцияга мувофиқ қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли экани белгиланди.

“Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги конституциявий қонунга киритилган қўшимчага кўра, Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

“Олий Мажлиснинг Сенати тўғрисида”ги конституциявий қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, Сенат ва унинг органлари мажлисларида Марказий банк бошқаруви раиси иштирок этиши мумкин. Бундан ташқари, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Сенат раиси бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди. Сенат конституцияга мувофиқ қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли.

Қонунчилик таклифларини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва уларни Қонунчилик палатасига киритиш тартиби Сенатнинг регламентида белгиланади.

«Прокуратура тўғрисида»ги қонунга кўра, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг бош прокурори лавозимини эгаллаши мумкин эмас.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги конституциявий қонунга кўра, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Қонунчилик палатасининг спикери бўлиши мумкин эмас.

Мавзуга оид