Жаҳон | 20:39 / 20.02.2024
10604
11 дақиқада ўқилади

Мисрнинг ҲАМАСга эътирози, Бразилия президентига Исроилдан тақиқ ва эътирозларидан кечган Венгрия — кун дайжести

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз. 

Фаластиндаги вазият

ҲАМАС Тел-Авив билан музокараларни тўхтатганини эълон қилди. Бу ҳақда Қатарнинг «Ал-Арабий» телеканали ўз манбаларига таяниб хабар қилмоқда.

Фаластин ҳаракати ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш борасида Исроил билан воситачилар иштирокидаги музокараларни тўхтатмоқчи.

ҲАМАС токи Ғазога инсонпарварлик ёрдам киритилмагунга қадар музокараларни тўхтатиб туришга қарор қилган.

«Фаластин халқи очлик ва ташналикдан қийналиб турар экан, ҳеч қандай музокаралар ўтказиш учун имконият йўқ», — деган ҲАМАС вакиллари.

ҲАМАС сиёсий вакили Усома Ҳамдан Исроил Ғазодаги туннелларнинг бор-йўғи 20 фоизини аниқлай олганини таъкидлаган.

«Ғазодаги қаршиликнинг ерости шаҳарчаси ҳамон мавжуд ва сионистлар туннелларнинг мураккаб тармоғига дуч келишди», — деган Усома Ҳамдан.

Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Бени Ганц ҲАМАС билан урушда Исроил ортга чекинмаслигини таъкидлади.

«Ёки бизнинг гаровда асирликда ушлаб турилган фуқароларимиз қайтарилади. Ёки биз ҳарбий ҳаракатларни кенгайтириб, муқаддас Рамазон ойи яқинлашаётганига қарамасдан Рафаҳ шаҳрига кирамиз», — деган Ганц.

АҚШ давлат котиби Исроилнинг Рафаҳга ҳужумига кескин қарши эканини маълум қилди. Энтони Блинкен Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог билан суҳбати чоғида буни таъкидлаб ўтган.

Айни пайтда Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 29 мингдан ошган. Ярадорлар эса 70 мингга яқинлашган.

Қонли уруш олиб бораётган Исроил иқтисодиёти ҳам оғир зарбаларни қабул қилмоқда. Исроил статистик бюроси 2023 йилнинг сўнгги чорагида иқтисодиётнинг ўсишига доим маълумотларни ошкор қилди.

Албатта, Ғазода олиб борилаётган уруш Исроил иқтисодиётига салбий таъсир ўтказмасдан қолмаган. Ўтган йилнинг тўртинчи чорагида Ялпи ички маҳсулот аввалги чоракка нисбатан 19,4 фоизга қисқарган. Гарчи уруш исроил иқтисодиётини фақат 10 фоизга қисқартиради дея кутилаётганди. 2023 йилда иқтисодиёт жами 2 фоизга ўсган. 2022 йилда бу кўрсаткич 6,5 фоиз бўлган. 

Мисрнинг ҲАМАСга нисбатан айблови

Миср ҲАМАСни Фаластинни бўлиб ташлаганликда айблади. Миср ташқи ишлар вазири Самиҳ Шукрий шундай деган:

«Мен ҲАМАС фаластинликларнинг ва Фаластин миллий маъмуриятининг катта қисми ўртасида қўлловга эга эмас, деб ўйлаётганларни ҳақ деб ҳисоблайман».

Дипломатнинг айтишича, ҲАМАС Фаластин фракциялари ўртасида бўлинишни юзага келтирган Фаластин озодлик ташкилоти билан можаро учун тўлиқ жавобгар.

Шукрий шунингдек, 2007 йилда Ғазода ҲАМАСни ҳокимият тепасига олиб келган шарт-шароитлардан шубҳаланишини ҳам айтиб ўтган.

2005 йилда Ғазо секторида ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонгач, ҲАМАС ва ФАТҲ ўртасида қуролли тўқнашувлар рўй берди. Бўлиниш 2007 йилда ҲАМАС эксклавда ҳокимиятни тўлиқ эгаллаб олиши билан якунланди.

13 февралдан буён Миср пойтахти Қоҳирада АҚШ, Исроил, Миср махсус хизматлари раҳбарлари, шунингдек, Қатар бош вазири ва ҲАМАС делегацияси ўртасида музокаралар бошланган эди. Уч кун давомида томонлар ярашувнинг янги муроса режасини топишга ҳаракат қилишган. Бироқ Қоҳирадаги учрашув айтарли натижаларсиз якунланган. 

Қизил денгиздаги вазият

Яманлик ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати Ҳудайда шаҳри яқинида Американинг MQ-9 Reaper разведка дронини уриб туширганини таъкидламоқда.

Бу ҳусийчилар томонидан уриб туширилган қимматбаҳо дроннинг иккинчиси. Илк марта шундай дрон 2023 йилнинг ноябрида уриб туширилган эди.

Канада Қизил денгизда хавфсизликни таъминлаш бўйича Хитойга мурожаат қилди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Мелани Жоли Хитойга Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бериш ўрнига Қизил денгизда ташувларнинг хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беришни сўраган.

Reuters хабарига кўра, Мелани Жоли Хитой «Қизил денгиз очиқ бўлиши учун ҳусийчиларга таъсир ўтказишда ёрдам бериши кераклиги»ни, бу экспортчи сифатида Пекиннинг ҳам фойдасига бўлишини таъкидлаб ўтган.

АҚШ президентлиги учун яна кураш олиб бораётган Доналд Трамп Мичигандаги сайловчилар олдида чиқиш қилар экан, Яманга ташланаётган ҳар бир бомба Америкага 1 миллион долларга тушаётганига урғу берди.

«Биз Яманни бомбалаяпмиз. Ҳар бир бомба бир миллион доллар туради. Энг асосийси булар кўплаб одамларни ўлдирмоқда», — деган Трамп. 

Бразилия – Исроил кескинлиги

Бразилия Исроилдан ўз элчисини чақириб олди. Бунга сабаб — мамлакат президенти лула да Силва Исроилнинг Ғазо секторида олиб бораётган қонли ҳаракатларини геноцид деб атаган ҳамда содир этилаётган қонли қилмишларни Ҳитлернинг яҳудийларга нисбатан қилган ваҳшийлиги билан қиёслаган.

Шундан сўнг Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Бразилия президенти Лула дас Силвани персона нон грата деб эълон қилган.

Исроилнинг Лула да Силва ўp манзилига айтган гап-сўзлар ва персона нон грата деб топилганига жавобан Бразилия Тел-Авивдаги элчиси Фредерико Мейерани мамлакатга маслаҳатлашув учун чақириб олган. Шунингдек, да Силва ўз вазирлари ҳамда маслаҳатчиларини президент расмий қароргоҳида Исроил билан кризисни муҳокама қилиш учун «шошилинч» учрашувга таклиф этган.

Лула да Силва Исроил ҳокимиятини геноцидда айблаётган биринчи давлат раҳбари эмас. Илгари Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам бир неча бор исроилликларни Ғазодаги фаластинликларни геноцид қилаётганликда айблаган. 

АҚШдан Украинага янги ракеталар

АҚШ Путин билан музокаралар барбод бўлгач, Украинага Қримдан ҳам олисроқдаги нишонлар ура оладиган ATACMS ракеталарини бериши мумкин.

АҚШ президенти Жой Байден маъмурияти янада узоқ масофадаги нишонларни бехато ура олувчи ATACMS баллистик ракеталарини Украинага етказиб бериш масаласини муҳокама қилмоқда, деб хабар беради NBC News ўзининг мулозимлар орасидаги икки манбасига таяниб.

Уларнинг сўзларига кўра, АҚШ ўтган йилнинг кузида Киевга 160 км олисдаги нишонни ура оладиган эски андозадаги тактика ракета тизимларини етказган. Энди Оқ уй Украинага замонавий, 300 км масофагача уча оладиган ракеталарни бериш ҳақида бош қотиряпти. Бундан ракеталар Украина армиясига «Россия оккупацияси остидаги ҳудудлардан ҳам олисроқдаги нишонлар»га зарба бера олиш имкониятини яратади. 

Россиянинг Украинадаги йўқотишлари

Украинанинг Авдийивка шаҳри штурм қилинишида Россия армияси 16 мингга яқин аскаридан айрилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Россиянинг ҳарбий блогерлари ёзишмоқда ва улар қўмондонликнинг хатти-ҳаракатлари тергов қилинишини талаб этишмоқда.

Россия қуролли кучлари 4-мотоўқчи бригадасида хизмат қилувчи ҳарбий, Z-блогер Андрей Морозовнинг ёзишича, Россия 16 мингга яқин тикланмас йўқотишларга учраган. 300 га яқин зирҳли техникасидан айрилган. Душанба куни у ўз дўсти билан ёзишмада 16 минг «200-рақамли юк» бўлганини айтган. Яъни гап фақат ўлган 16 минг аскар ҳақида кетмоқда. Ярадорлар сони икки баробар кўп бўлиши мумкин.

Украина томони Авдийивкада ўлдирилган ва ярадор қилинган Россия аскарлари сони 50 мингдан ошишини хабар қилган эди ва бунда жон борга ўхшайди.

Авдийивкада Россия армияси жуда катта йўқотишларга дучор бўлганини бошқа Z-каналлар ҳам ёзишмоқда.

«Қани аскарларимиз хотирасига ҳурмат?» — дея эътироз билдирмоқда улар. Штурм авжига чиққан биргина 15 феврал куни Россия армияси 1300 аскаридан айрилган ва яна минглаб аскарлар ярадор қилинган. 

Венгрия санкцияларга рози    

Венгрия Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларининг 13-пакети жорий этилишига қаршилик қилмайдиган бўлди. Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто пакетда ортиқ Венгриянинг манфаатларига зид ҳолатлар қолмаганини таъкидлаган.

«Санкцияларнинг 13-пакетини тайёрлаш жараёнида Венгриянинг иқтисодий манфаатларига дахл қилувчи барча унсурларни ундан чиқариб ташлашга муваффақ бўлдик. Шу сабабли энди унга вето қўйишдан маъни қолмади деб ҳисоблаймиз. Лекин барибир Европа Иттифоқи нотўғри қарор қабул қиляпти, деб ўйлайман», — деган Сийярто.

Венгрия ташқи ишлар вазирининг қўшимча қилишича, агар Будапештнинг улуши бошқа мақсадларга йўналтирилса, Венгрия Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатиладиган Европа тинчлик фондига 5 млрд евро маблағ ажратилишига ҳам тўсқинлик қилмайди. 

АҚШ Хитойга санкция тайёрламоқда

Вашингтон Россиянинг Украинага қарши урушида русларни қўллаб-қувватлаётган Хитой компанияларига қарши санкциялар тайёрламоқда, деб хабар беради CNBC америкалик конгрессменларга таяниб.

Вакиллар палатасининг халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси аъзоси конгрессмен Жералд Конноллининг айтишича, қонунчилар Европа Иттифоқи муҳокама қилаётганга ўхшаш чораларни ўйлаб кўришмоқда.

«Хитой шуни тушуниши керакки, Россияга жорий этилган ва Россиядаги ишлаб чиқариш, иқтисодий кўрсаткичлар ва ҳаёт сифатига таъсир ўтказаётган санкциялар Хитойга ҳам жорий этилиши мумкин», — деган Коннолли. Унинг сўзларига кўра, Хитойнинг йўқотадиганлари Россияга нисбатан кўпроқ. 

Россия билан ҳисоб-китоблар қийинлашмоқда

Ўтган йилнинг охирида Россия билан тўлов операцияларини ёппасига блоклаётган турк банклари россиялик нефтчиларга ҳам етиб борди.

Россиянинг нефт экспортчилари бир муддатдан буён сотган барреллари учун Туркиядан пул ололмай қолган, деб хабар беради Reuters. Нашр манбасига кўра, муаммо «икки-уч ҳафтадан буён» бўй кўрсатмоқда.

Вазият билан таниш Туркиядаги манбанинг вазиятни тасдиқлаб айтишича, энергия ташувчилар учун тўлов мураккабликлари АҚШдан декабр ойида Россияга қарши санкцияларни бузганлик учун қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантириш олинганидан сўнг пайдо бўлган.

«Тасдиқланган тўлов усулларини ўзгартиришга ёки уларни кейинроққа қолдиришга тўғри келмоқда, лекин етказиб бериш давом этмоқда», — деган турк манбаси. Ҳозирча Туркияга нефт етказиб бериш тўхтатилмаган.

Бирлашган Араб Амирликларининг энг йирик банклари россияликларнинг ҳисобварақаларини ёпа бошлади, деб хабар беради Ведомости.

Жисмоний шахслар ва компаниялар чекловларга дуч кела бошлашган. Ҳисоб-китобларнинг тўхтатилиши тўловларнинг асосий канали бўлиб келган «Ак барс» банкининг санкция остига тушгани билан боғлиқ.

Мавзуга оид