Ўзбекистон | 19:18 / 20.02.2024
11452
6 дақиқада ўқилади

“Оқлансамгина адолат тикланган бўлади” - Сардор Кариев

Док-1 Макс” иши бўйича судланувчиларга сўнгги сўз берилди. Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариев ўз сўзида ўзига нисбатан адолат қилинмаганини, айбловлар асоссиз ва туҳмат эканини, оқлов эълон қилинсагина адолат тикланишини гапирди. Судлов ҳайъати иш бўйича ҳукм чиқариш учун маслаҳатга кирди.

“Док-1 Макс” иши бўйича суд жараёнлари якунланяпти. 19 феврал кунги суд мажлисида музокара қисми якунланиб, судланувчиларга сўнгги сўз берилди.

Суд мажлисида сўз олган судланувчи, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев якуний нутқида айби йўқлиги, унга нисбатан қонуний ҳукм чиқарилиши кераклигини айтди.

“Суд ярим йидан бери давом этяпти. Суд жараёнида томонларнинг адолат тушунчаси ҳар хил бўлмоқда. Жабрланувчилар томонидан ўлим жазоси сўраганлар ҳам, қонуний жазо бўлсин деганлар ҳам, айби йўқ деганлар ҳам бўлди. Жараёнларни тўғри таҳлил қилиб, айби йўқ деган кишилардан миннатдорман.

Жабрланувчилар учун бўлган судларда уларнинг бирортаси охиригача қатнашмади. Судда нима масалалар кўтарилди, нима билан айблашди, ўзи тўғри айб қўйиляптими, биз нима важлар келтирдик — жабрланувчиларда шу каби масалаларга тўғри баҳо бериш имконияти бўлмади, деб ўйлайман.

ОАВда суд жараёни ёритилди, бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман. Лекин суд ярим йил бўлди, ҳафтасига 3 марталаб, 8 соатлаб бўлди. Бунча нарсани ОАВлар тўлиқ ёритолмайди. Шу сабабли, одамларда тушунча ҳар хил бўлиб қолди. Жамият иккига бўлинган: бир томон оғир жазо сўраяпти, бир томон эса айбсиз ҳисоблаяпти.

Мени асоссиз қамашди, туҳмат билан қамалдим. Менга нисбатан туҳмат қилганлар жавобгарликка тортилса, мен учун адолат шу бўлади. Биз ҳуқуқий давлатда яшаймиз. Лекин қанчалик ҳуқуқий давлатмиз, деган масала чиқади шу ўринда.

Айбимиз йўқлигидан ташқари бизга нотўғри модда, яъни Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4 банди билан айблов қўйилган. Бу модда дори воситасининг зарарли эканини била туриб, сотиш учун олиб кирган шахсга нисбатан қўйилиши керак. Лекин ҳатто ишлаб чиқарувчининг хабари бўлмаган бу зарарли моддадан.

Ҳуқуқий давлатда ҳуқуқ нуқтаи назаридан тергов тўғри олиб борилиши керак. Аммо тергов ҳам нотўғри олиб борилди. Бошқа ривожланган давлатларда ҳам шундай масалаларда жамият бўлинади, турли қарашлар бўлади. Биз ҳам ривожланяпмизки, ОАВлар орқали ёритиляпти, очиқ суд бўляпти.

Тергов бизга нотўғри айб қўйяпти. Тўғри, жабрланувчилар кўзига биз айбдор кўриняпмиз, мусибати оғир уларнинг. Чунки тергов шунақа тушунча яратиб қўйди. Инспекцияга борганда ундай бўларди, бундай бўларди деб тахминлар асосида айблов қўйяпти. 6 ойдан бери айтамиз: дори бошқа масала, инспекция бошқа масала. Прокурор ҳам 18 йил сўрамоқда.

Ўзим ҳам ҳуқуқшунос сифатида айтоламанки, қонунларимиз халқаро стандартлар бўйича ёзилган. Тўғри ҳуқуқий ҳукмгина адолатли бўлади. Шу сабабли, мен тўғри ҳуқуқий ҳукм чиқарилишини сўрайман. Бундан кимлардир норози бўлади, лекин қонун гапиради. Судга ҳозирги вазиятда қийин, жамиятда бўлиниш бор, кўпчилик бизни айбдор деб ҳам билади. Лекин ҳозир тўғри, қонуний ҳукм чиқарилиши жаҳон ҳамжамияти олдида Ўзбекистон ростдан ҳам ҳуқуқий давлат эканини кўрсатади”, дея таъкидлади Сардор Кариев сўнгги сўзида.

Шундан кейин Фармагентликнинг собиқ раҳбари Кариевнинг ўринбосари Азимов гапирди ва у сўзида мамлакатдан чиқиб кетиш имконияти бўлгани, лекин айби йўқлиги сабабли бундай ишни қилмаганини таъкидлади.

Яна бир судланувчи суддан оиласида ёлғиз боқувчи экани, вояга етмаган фарзандлари борлигини ҳисобга олишини ва адолатли ҳукм чиқаришини сўради.

Судда сўз олган “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКда рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи Г.С. аёл сифатида сиропдан вафот этган болаларнинг яқинларига сабр тилашини, фожиадан пушаймонлигини билдирди.

Бошқа судланувчилар ҳам суддан адолатли ҳукм чиқаришини сўради.

Мажлис сўнгида судлов ҳайъати иш бўйича қарор қабул қилиш учун маслаҳатга киришини маълум қилиб, номаълум муддатга танаффус эълон қилди.

Маълумот учун, иш доирасида 23 нафар шахс Жиноят кодексининг турли моддалари билан айбланмоқда. Уларнинг 9 нафарига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

12 феврал куни ўтказилган суд мажлисида прокурор томонидан эълон қилинган айбловда “Quramax Medikal” МЧЖ раҳбари бўлиб ишлаган ҳиндистонлик С.Р.П.гa узил-кесил ўташ учун 20 йил, судланувчилар К.С., А.А., М.Н., Ш.Ш.гa 18 йилдан, Э.Ж.гa 11 йил, К.Б.гa 10 йил 1 ой, М.Ҳ.гa 8 йил 1 ой, М.Э.гa 5 йил, С.Г.гa 3 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш сўралган.

Прокурор қолган судланувчиларга ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш билан боғлиқ жазоси тайинлашни сўраган.

Р.С., Б.Қ. ҳамда Э.М.дан солидар тартибда 9 млрд 688,4 млн сўм солиқ қарздорлигини давлат фойдасига ундириш сўралган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид