Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Венгрия парламенти Швециянинг НАТО аъзоси бўлишини маъқуллади
Энди Швециянинг НАТО аъзоси бўлиши учун бошқа тўсиқ қолмади.
Венгрия парламенти Швециянинг НАТО аъзоси бўлиши ҳақидаги аризасини маъқуллади ва шу тариқа мамлакатнинг Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо бўлиши йўлидаги сўнгги тўсиқни олиб ташлади.
Венгрия алянснинг 31 та аъзоси ичида Швециянинг аризасини маъқуллаган охирги мамлакат бўлди. Январ ойида ушбу масала бўйича овоз беришни пайсалга солиб келаётган яна бир давлат - Туркия парламенти ҳам Швецияни иттифоққа қўшилишига розилик берган эди.
Венгрия парламентининг 188 нафар депутати Швеция аризасини ратификация қилишни маъқуллади, 6 нафари қарши бўлди.
Овоз беришдан сўнг Швеция бош вазири Улф Кристерссон буни ўз мамлакати учун тарихий кун деб атади.
«Бугун тарихий кун. Энди барча НАТО давлатларининг парламентлари Швецияни НАТО аъзоси бўлиши учун овоз беришди. Швеция Евро-Атлантика хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беришга тайёр», деб ёзади Кристерссон ижтимоий тармоқда.
200 йилдан бери ҳарбий иттифоқларга қўшилмаган Швеция 2022 йилда Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли тажовузи бошланганидан кейин Финляндия билан бирга НАТО аъзоси бўлиш учун ариза берган эди.
НАТО аъзоларининг аксарияти ҳар икки давлатнинг иттифоққа қабул қилинишини тезда ратификация қилди, бироқ Швецияни Курдистон Ишчилар партияси аъзоларига бошпана берганликда айблаган Туркия бу жараённи кечиктираверди. Венгрия Швециянинг принципиал жиҳатдан аъзолигига эътирози йўқлигини бир неча бор таъкидлади, аммо қарорни кечиктиришда давом этди.
Натижада, Финляндия ўтган йилнинг апрел ойида НАТО аъзоси бўлди, Швеция эса ҳалигача аъзо бўлиш жараёнини якунлай олмаётган эди.
Мавзуга оид
09:00 / 16.06.2026
Венгрия парламенти бош вазир лавозимида бўлиш муддатини чеклади
22:29 / 13.06.2026
Ўзбекистон ва Швеция ўртасида илк бор миграция соҳасида битим ва қўшма декларация имзоланди
23:00 / 10.06.2026
Швеция ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига очилмоқда
10:15 / 08.06.2026