2023 йилда Ўзбекистонда 263 бола ЙТҲ қурбони бўлган – Сенат
Қарийб 10 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисаларида 2 минг 282 нафар фуқаро, жумладан 263 бола ҳалок бўлган.
28 феврал куни Сенатда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси ўтказилди. Унда ИИВнинг 2023 йилда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси борасида тегишли вазирлик ва идоралар билан олиб борган ҳамкорликдаги ишлари юзасидан ахбороти эшитилган.
Маълум қилинишича, 2023 йилда Ўзбекистонда содир этилган умумий жиноятларнинг 82,7 фоизи фош этилган, қидирувдаги 7 563 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 450 нафар шахс топилган. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиб содир этилган 6 455 та жиноят аниқланган.
Йил якуни бўйича мамлакатдаги 9 442 та маҳалладан 2 972 тасида ёки 31,5 фоизида жиноят содир этилмаган. Жиноятлар кўпайган 2 298 та ёки 24,3 фоиз маҳалла “қизил” тоифага киритилган.
Тазйиқ ва зўравонликка учраган 40 минг нафардан ортиқ хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида 17 327 та оила ярашган, оилавий муаммолар ва зўравонликка дуч келган 1 450 нафар хотин-қиз Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилган.
Йиғилишда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси йўналишида муайян камчиликлар, ўз ечимини кутаётган масалалар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилган.
Хусусан, 2023 йилда мамлакатда 104 096 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 74 202 таси ёки 71,3 фоизи ҳисобот йилида содир этилган. Жами жиноятлар сони мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига 289 тадан тўғри келган. Ушбу салбий кўрсаткич Тошкент шаҳрида 735 тани, Тошкент вилоятида 415 тани, Сирдарёда 378 тани, Фарғонада 328 тани ташкил этган.
Қайд этилишича, профилактика инспекторлари фаолиятининг сустлиги оқибатида олдини олиш имкониятлари мавжуд бўлган жиноятлар ҳанузгача жами жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.
Шунингдек, оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.
Жумладан, 2023 йил 12 ойида содир этилган 363 та қотилликнинг 141 таси ёки 38,8 фоизи оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида келиб чиққан.
Ёшларнинг муаммоларини бартараф этишга лозим даражада эътибор қаратилмаганлиги оқибатида 2023 йилда ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида содир этилган жиноятлар 2022 йилга нисбатан 5,3 фоизга ортган.
Йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари сони кундан кунга ортаётганлиги ҳам таъкидланган.
Автомобил йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли 2023 йилда жами 16 млндан ортиқ қоидабузарлик, жумладан 13 млндан кўп қўпол қоидабузарлик, 42 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 300 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган.
Буларнинг оқибатида, 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, Сенатга аҳолидан келаётган ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ мурожаатларнинг аксарияти ходимларнинг, айниқса, йўл-патрул хизмати ходимларининг тарбиясиз ҳаракатлари, йўл ҳаракати қатнашчилари билан қўпол муомаласи устидан эътирозни акс эттирмоқда.
Мажлисда сенаторлар томонидан аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Бу борада тегишли тавсиялар берилган.
Унга кўра, бундан буён масъул вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда хотин-қизлар, вояга етмаганлар, ёшлар, айниқса, бандлиги таъминланмаган ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, оилавий муносабатлар туфайли содир этилган жиноятларнинг доимий таҳлилини юритиш орқали бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш чоралари кўрилади.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024