21:35 / 09.03.2024
24881

Метанни қайтарган баҳор, асраб қолинган кўл ва экостикерлар — ҳафта дайжести

Автомобилларга уч хил рангдаги экологик стикерлар берилади. Ноқонуний дарахт кесганлар энди бошқача жазоланади. Жамоатчилик Фарғонадаги кўлни ҳоким ва тадбиркорнинг “ҳамласи”дан асраб қолди. Бола туғилганда энди ҳар доим ҳам суюнчи пули берилмайди. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Совуқ қиш ниҳоят ортда қолиб, уч ҳафта ичида биринчи марта метан-шохобчаларда навбатлар камайгани – миллионлаб ўзбекистонликлар ўз ҳаётида бевосита гувоҳ бўлган ҳафтанинг энг асосий воқеаси бўлди. 7 март куни Энергетика вазирлиги бутун республика бўйлаб барча метан-шохобчалари очилишини эълон қилди. Вазирлик ахборотига кўра, бу – табиий газ босимининг меъёрий схемага қайтгани билан боғлиқ. Оддийроқ айтганда эса, шунчаки баҳор бошланиб, кунлар анча илиди.

Қишдан олдин энергетика тизими масъуллари газ ва электр тармоқлари ҳар қандай об-ҳаво шароитига тайёр қилиб қўйилганини айтган бўлса-да, амалда бутун қиш давомида таъминотнинг барқарорлиги ҳаво ҳароратига боғлиқлигича қолди. Қиш фасли учун одатий даражадаги совуқ кунларда ҳам метан-шохобчалар иш вақти чекланди ёки бутунлай ёпилди, ҳудудларда электр энергиясини шахмат тартибида ўчириш давом этди.

Шу ўринда бу йилги қиш кутилганидек анча илиқ келганини ҳам айтиш керак. Ўзгидрометга кўра, ўтган уч ойда ҳарорат иқлимий меъёрлардан 1,5–2,6 даража юқори бўлган. Айниқса январ ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январ ойлари учлигига кирган. 2024 йилнинг февралидаги ҳарорат Ўзбекистонда меъёрий даражада, дунё миқёсида эса барча кузатувлар тарихидаги энг иссиқ феврал сифатида тарихга кирди.

Автомобилларга экологик стикерлар берилади

Ўзбекистонда автомобиллар экологияга зарари даражасидан келиб чиқиб “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга бўлинади. Худди шундай, шаҳарлардаги ҳудудлар ҳам учта тоифага бўлиниб, атроф-муҳитга зарари юқори автомобилларнинг муайян зоналарга кириши чекланади. Бу ҳақдаги режалар 5 март куни давлат раҳбарига тақдимот қилинди.

Тақдимот Тошкентнинг Файзобод маҳалласидаги собиқ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида бўлиб ўтди. Маълум бўлишича, бу ерда автомобилларга давлат рақами ва техпаспорт бериш жараёни янгича тарзда йўлга қўйилган ва соддалаштирилган. Асосий янгилик эса, рўйхатдан ўтказиш давомида автомобиллардан чиқаётган заҳарли моддалар миқдори ҳам текширилади ва текширув натижасидан келиб чиқиб, “қизил”, “сариқ” ёки “яшил” экостикер берилади. Ичига чип ўрнатилган бу стикер автомобилнинг олд ойнасига ёпиштирилади.

Бундан мақсад – келгусида шаҳарлардаги ҳудудларни бир нечта экологик зоналарга бўлиш ва транспорт воситаларининг ҳавога чиқараётган зарарли моддалари миқдорига қараб айрим зоналарга киришини босқичма-босқич чеклаш таклиф қилиняпти. Яъни “қизил” стикерли автомобил шаҳарнинг “сариқ” ва “яшил” зоналарига, “сариқ” стикерли автомобил эса “яшил” зоналарга кира олмайди. Ҳайдовчиларнинг бунга риоя қилиши кўчалардаги камералар ёрдамида автоматик тарзда назорат қилинади. Қоидабузарлик натижасида келиб тушадиган жарималар ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш чоралари учун сарфланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилдан бошлаб Аи-80 бензинидан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш бўйича топшириқ берилган эди. Экология вазири Азиз Абдуҳакимовга кўра, Тошкент шаҳри ҳавосидаги PM2,5 зарраларининг 60-65 фоизи айнан Аи-80 бензинида юрадиган автомобиллар ҳиссасига тўғри келади. Маълум қилинишича, автомобилларнинг атмосферага зарарини баҳолаш ишлари йўл-ҳаракати хавфсизлиги хизматининг республика бўйлаб 300 та жойлашув нуқтасида амалга оширилади. Бу ишлар қачондан бошланиши ҳозирча маълум эмас.

Дарахткесарлик учун янги жазолар

Ноқонуний тарзда дарахт кесганлик учун белгиланган жарима 5 баробарга оширилди. Президент имзолаган қонунга кўра, эндиликда бундай ҳолатларда ҳуқуқбузар фуқаролар 8,5 млн сўмдан 17 млн сўмгача, мансабдор шахслар эса 17 млн сўмдан 25,5 млн сўмгача маъмурий жаримага тортилади. Ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилса, жарима миқдори бир неча баробарга ошади ёки дарахткесар 15 суткагача маъмурий қамоққа олинади.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарларга ҳар бир кесилган қимматбаҳо дарахт учун 100 туп дарахт экиш ва уларни уч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти юклатилди. Асосийси, улар янги дарахтларни бошқа жойда эмас, айнан қаердаги дарахтни қулатган бўлса, ўша ерда экиб кўкартириб бериши керак. Яъни, қонун талабига кўра, қаердадир 5 та дарахт ноқонуний кесиб кетилса, айбдор шахслар жарима тўлашдан ташқари, ўша жойда 500 та дарахт экиши ва уларни 3 йил парвариш қилиб бериши керак.

Қонуннинг яна бир бандига асосан, юридик шахслар учун ҳам алоҳида молиявий санкция жорий этилади. Бунда, қимматбаҳо дарахт ва бута навларини ноқонуний кесиб ташлаган тадбиркорларга 34 млн сўмдан 102 млн сўмгача жарима солинади. Қимматбаҳо дарахтларнинг кесилишига олиб келган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққан шахслар эса 5,1 млн сўмдан 8,5 млн сўмгача маъмурий жаримага тортилади.

Фарғонадаги “Ёшлар кўли” сақлаб қолинди

Айтиб ўтганимиздек, қимматбаҳо дарахтни қўпориб ташлаб, ўрнига бино қуриш ҳақида лойиҳа ишлаб чиққан шахслар учун жавобгарлик белгиланди. Лекин ям-яшил дарахтзор ерни қурилиш қилиш учун бериб юборган ёки аукционга чиқарган мансабдорларга ҳозирча ҳеч қандай жавобгарлик йўқ. Умуман, мансабдорларга жазо йўқлиги масаласига бу ҳафта Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров яхши мисол бўла олади. У президент фармонини очиқчасига айланиб ўтиб, Фарғона шаҳридаги улкан бир кўлни буткул йўқ қилиш ҳақида қарор чиқарди. Kun.uz суриштирувидан кейин қарор бекор қилинган бўлса ҳам, ҳокимнинг ҳаракатларига на ҳуқуқий, на сиёсий баҳо бериш масаласи кун тартибида эмас.

Гап шундаки, ҳокимлардан ер ажратиш ваколати олиб қўйилганига 2 йилдан ошди. Шунга қарамай, Фарғона вилояти ҳокими 29 январ куни қарор чиқариб, Фарғона шаҳридаги “Ёшлар кўли” жойлашган жойни очилганига ҳали 1 ой ҳам бўлмаган фирмага тортиқ қилиб юборди. Ҳужжатга кўра, “Unays building” номли компания кўлнинг ўрнида меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ва албатта кўп қаватли турар жойлар қуриши керак эди.

Суриштирув эълон қилиниб, ҳолатга жамоатчилик фаол реакция билдиргач, “Ёшлар кўли” халққа қайтариб бериладиган бўлди. Давлат активларини бошқариш агентлигига кўра, бу жараёнда қонунчилик талаблари бузилган, кўл спорт мактабининг балансига ўтказилади. Кўлнинг ёпиқ эшиклар ортида 24 кунлик фирмага бериб юборилгани, шу саноқли кунлар ичида фирманинг таъсисчилари ҳам ўзгаришга улгургани, ҳокимнинг ваколат доирасидан чиққани каби масалаларга эса ҳуқуқ органларидан муносабат бўлганича йўқ.

Олтин нархлари тарихий рекордларни янгиламоқда

Жаҳонда олтин нархлари мутлақ рекорд даражада кўтарилмоқда. Таҳлилчиларга кўра, бу – энг йирик марказий банкларнинг фоиз ставкаларини тушириш режалари, геосиёсий вазият, бу йил кўплаб катта давлатларда сайловлар бўлиши каби омиллар билан боғлиқ. Глобал тенденцияга мувофиқ Ўзбекистондаги олтин қуймаларнинг нархлари ҳам ҳафта давомида кетма-кет тўрт кун янги рекордларни қайд этди. Қуймалар нархлари охирги 1 ойда салкам 6 фоизга қимматлашди.

Олтиннинг энг асосий экспортёрларидан бири бўлмиш Ўзбекистон учун нархларнинг ошиши бюджетга режадан ташқари бир неча юз миллион доллар қўшимча даромадни англатади. Бошқа томондан эса, охирги маълумотларга кўра, давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги жуда катта фарқ ҳали ҳам сақланиб қоляпти. Январ-феврал ойларида бюджет тақчиллиги 13 трлн сўмга етган. Маълумот учун, 2024 йилги давлат бюджети жами 10 трлн сўмлик дефицит билан тасдиқланган эди.

Давлат бюджети ҳақида гап кетганда, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти шу ҳафта эълон қилган рақамларни келтириб ўтишимиз жуда ўринли. Маълум бўлишича, Ўзбекистондаги жами 10 522 та мактабнинг 70 фоизи канализация тармоғига уланмаган. Ҳар 3 та мактабнинг биттасида ичимлик суви йўқ. Мактабларнинг 28 фоизи интернетга уланмаган, 21 фоизида эса спорт зали мавжуд эмас. Яна 36 фоиз мактабда овқатланадиган жой йўқ. Ўринлар етишмаслиги сабабли мактабларнинг 73 фоизида иккита сменали ўқиш ташкил этилган. 451 та мактаб эса авария ҳолатида.

Ўзбекистон – халқаро рейтингларда

АҚШда жойлашган Sapien Labs нотижорат ташкилоти руҳий саломатлик бўйича ўзининг тўртинчи йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда илк марта Ўзбекистон ҳам киритилган ва эътиборлиси, мамлакатимиз 71 та давлат орасида руҳий саломатлик даражаси бўйича энг охирги ўринда қайд этилган. Тадқиқотга кўра, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан бири руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолардан азият чекаётган бўлиши мумкин.

Муаллифларнинг маълум қилишича, бу рейтинг 71 та мамлакатдан салкам 420 минг кишини қамраб олган аноним онлайн сўровлар асосида тузилган. Сўровда Ўзбекистондан неча киши иштирок этгани маълум эмас, фақат шуниси маълумки, унда рус тилини биладиган ватандошларимиз қатнашган, чунки сўровноманинг Ўзбекистон учун мўлжалланган версияси рус тилида бўлган.

Рейтингга кўра, Ўзбекистондаги руҳий фаровонлик даражаси Буюк Британияники билан деярли тенг. Лекин бу тадқиқот натижаларини шубҳа остига олиш учун бир нечта асослар бор. Хусусан, БМТ ва бошқа бир нечта жамоатчилик фикрини ўрганувчи нуфузли тадқиқот марказлари томонидан ҳар йили тузиладиган Жаҳон бахтиёрлик индексига кўра, 2023 йилда аҳолининг бахтлилик даражаси бўйича мамлакатимиз 137 та давлат орасида 54-ўринда, Буюк Британия эса 19-ўринда қайд этилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид рейтингларда ҳамон қуйи ўринларда қоляпти. Freedom House бу йилги ҳисоботида ҳам Ўзбекистонни “эркин бўлмаган” давлатлар қаторида қолдирди. Янгиланган рейтингда Ўзбекистондаги эркинлик даражаси 100 баллдан 12 баллга баҳоланган. Мамлакатимизга фуқаролик эркинликлари бўйича 60 баллдан 10 балл, сиёсий ҳуқуқлар бўйича эса 40 баллдан 2 балл берилган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Самарқандда тўрт нафар эгизак дунёга келди. Эътиборлиси, бирданига 1 қиз ва 3 ўғилли бўлган Муниса Бекмирзаева ва Фаррух Пўлатовлар оиласи фарзандли бўлишни 10 йил кутишган. Шифокорларга кўра, 29 ёшли она ҳамда чақалоқларнинг умумий аҳволи қониқарли. Маълум қилинишича, туғуруқ операцияси ўтказилган Она ва бола марказининг Самарқанд вилояти филиалида йил бошидан бери ўнга яқин ҳолатда уч эгизак, иккита ҳолатда тўрт эгизак дунёга келган.

Бола туғилганда “суюнчи пули”ни бериш тартиби ўзгармоқда. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб, бир марталик нафақа пули биринчи фарзандини дунёга келтирган барча аёлларга, иккинчи фарзанди учун эса фақат ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга берилади. Учинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун “суюнчи пули” берилмайдиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа миқдори ҳозирда 738 минг сўмни ташкил этади.

Америкага ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди. Уларнинг кўпчилиги АҚШга Мексика орқали кириб борган. Декабр ойида ҳам 119 киши қайтарилган эди. АҚШ элчихонасининг 3 март куни маълум қилишича, штатлардан ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш давом этади. Элчихона ўзбекистонликларни АҚШга фақат қонуний йўллар билан боришга, жиноий гуруҳларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб қолмасликка чақирди. Бу билан бир вақтда, АҚШ Қирғизистон фуқаролари учун саёҳат ва ишбилармонлик визалари муддатини 5 йилдан 10 йилга узайтиргани эътиборга молик. Маълумот учун, бу турдаги визалар ўзбекистонликларга узоғи 1 йилга берилади.

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров вафот этди. У Тошкентда, маҳкумлар касалхонасида даволанаётган бўлган, 5 мартга ўтар кечаси касалхонанинг терапия бўлимида вафот этган. Омбудсманнинг маълум қилишича, марҳумга юрак-қонтомир тизими касалликлари ташхиси қўйилган. Ҳайдаров 2022 йил охирида коррупцион жиноятларда айбланиб 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

“Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи” хусусийлаштирилди. Заводни собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли “Petroleum Technology Group” МЧЖ сотиб олган. Бу компания Ўзбекистондаги энг йирик бензин шохобчалари тармоғи – UNG Petro'ни ҳам ёпиқ тарзда хусусийлаштириб олган эди. Бу олди-сотди жараёнлари бўйича расмий маълумот берилмади. Эслатиб ўтамиз, хусусийлашлаштириш тўғрисидаги қонунга кўра, активларни давлат тасарруфидан чиқаришда ошкоралик ва рақобат асосий принциплар қаторида кўрсатилган.

Top