Ўзбекистон | 20:36 / 11.03.2024
22776
5 дақиқада ўқилади

Ангор ҳокими “Аёллар дафтари” маблағларидан Captiva-5 сотиб олди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ангор тумани ҳокимининг “Аёллар дафтари” маблағларидан автомашина сотиб олгани ҳолатини текшира бошлади. Captiva-2 русумли хизмат машинаси ЙТҲга учраган ҳоким уни сотиб, ўрнига 350 млн сўмлик Captiva-5 харид қилишга қарор қилган.

Қосим Мардонов / Фото: Ангор тумани ҳокимлиги

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ОАВ ва ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилди.

Ангор ҳокимининг Captiva-5 хариди

Агентлик Сурхондарёнинг Ангор тумани ҳокими Қосим Мардонов “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 349 млн 900 минг сўмга Captiva-5 автомашинаси харид қилганини текширишни бошлаган.

Бу ҳолат ҳақида Telegram'даги “Ревизор” канали хабар берган. Каналнинг ёзишича, Ангор тумани ҳокимлиги балансидаги давлат рақами 75 026 DAV бўлган Captiva-2 русумли хизмат машинаси ЙТҲ натижасида носоз ҳолатга келиб қолган, шу сабабли аукцион орқали 120 млн сўмга сотилган. Кейин Ангор тумани ҳокими янги автотранспорт воситаси хариди учун 349 млн сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган. Бу қарор асосида туман ҳокимлиги 349 млн 900 минг сўмга бир дона Captiva-5 автотранспорт воситасини харид қилган.

“Очиқ маълумотларга кўра, Ангор тумани ҳокимлиги мазкур давлат харидини “Аёллар дафтари“га киритилган Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширган. Шунингдек, туман ҳокимлигининг МИБ органларидаги умумий қарздорлиги 1,4 млрд сўмни ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, туман ва шаҳар ҳокимлари учун фақат битта дона, қиймати 1 000 БҲМгача бўлган (ёки 340 миллион сўмгача) хизмат автотранспорт воситаси харид қилиниши мумкин”, – дея ёзади канал муаллифи.

Тадбиркорликдан давлат хизматига

Антикоррупция агентлиги инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари лавозимига тайинланган Илзат Қосимов айни пайтда бир неча МЧЖда ҳаммуассис эканини ҳам ўрганмоқда.

Очиқ маълумотларга кўра, 7 март куни лавозимга тайинланган Илзат Аблахатович Қосимов Тошкентда таъсис этилган иккита корхонада улушларга эга:

  • “Oxus Construction Engineering Company” МЧЖ (49 фоиз). 2020 йил июлда рўйхатга олинган. Фаолият тури – яшаш учун мўлжалланмаган бинолар қуриш. Устав фонди – 10 млн сўм.
  • “Silk Way Core Point” МЧЖ (33,3 фоиз). 2023 йил мартда рўйхатга олинган. Фаолият тури – тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат бериш. Устав фонди – 3 млн сўм.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга биноан, давлат хизматчилари тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга ҳақли эмас. Акциядорлик жамиятларининг эркин муомалада бўлган акцияларига эгалик қилиш ҳоллари бундан мустасно.

Ушбу қонунга кўра, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриши тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

Бу ҳақдаги низом лойиҳаси 2022 йил декабр ойида муҳокамага қўйилган эди. Унда агар бизнесмен давлат хизматига қабул қилинса, бизнесини ё ишончли бошқарувга топшириши, ё вақтинча бошқаришга бериши, ёки муассислар (иштирокчилар) таркибидан ихтиёрий равишда чиқиши таклиф этилганди. Ҳужжат айни пайтга қадар қабул қилинмади.

Агробанк ўтказган тендер

Агентлик текшираётган ҳолатлардан яна бири – Агробанк ўтказган 1,3 млрд сўмлик тендер.

Diplomat.uz'нинг ёзишича, Агробанк 7 март куни ўтказган “Пул ўтказмалари” мавзусида реклама роликлари олиш бўйича 1,3 миллиард сўмлик тендерда ўзаро боғлиқликлари бор корхоналар иштирок этган.

Тендерда учта – Edmond GT, Twins Creative and Entertainment, Quasar Design компаниялари иштирок этган.

Биринчи ва иккинчи фирмани Voxe Group боғлаб туради, учинчи фирма – Quasar Design тендердан дисквалификация қилиб юборилган. Нашрга кўра, Voxe Group ходими Эдуард Фириджанов – Edmond GT таъсисчиси; Voxe Group бош директори Турсунов Равшан – Twins Creative and Entertainment таъсисчиси, Voxe Group бош директори ўринбосари Ҳасан Салихов – Twins Creative and Entertainment раҳбари ва таъсисчиси. Voxe Group Production департаменти раҳбари Давлат Арабшоев – Twins Creative and Entertainment таъсисчиси ҳисобланади.

“Лот шартларига кўра, ғолиб ташкилот 10 кун ичида “Пул ўтказмалари” мавзусида бир бирини тўлдирувчи 3 та реклама ролигини тайёрлаши керак. Ушбу рекламалар кўчадаги LED экранларда, интернет тармоғида ва телевидениеда эълон қилиниши режалаштирилган. Ҳар бир видеоролик хронометражи 20 секундгача бўлиши кераклиги талаб қилинган. Коррупцияга қарши кураш агентлиги Агробанкдаги мазкур тендер қанчалар коррупциядан холи эканлиги бўйича текширув ўтказишини кузатамиз”, – деб ёзган нашр.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги юқоридаги ҳолатлар бўйича ўрганиш якунлари юзасидан батафсил маълумот берилишини маълум қилган.

Мавзуга оид