Осиё инфратузилма инвестициялари банки Ўзбекистондаги лойиҳалар портфелини 5 млрд долларга етказишни режалаштирилмоқда. Асосий йўналишлар – транспорт, энергетика, сифатли йўллар, тоза сув ва соғлом шаҳарлар. Куни кеча Тошкентга келган банк вице президенти Людгер Шукнехт Kun.uz'га интервю берди.

– Аввало, Осиё инфратузилма инвестициялари банки ва унинг халқаро тараққиёт молиясига қўшаётган ҳиссаси ҳақида бироз маълумот берсангиз.

– Раҳмат. Яна Ўзбекистонга келганимдан хурсандман. Бу ерга ўтган йили келган эдим. Осиё инфратузилма инвестициялари банки нисбатан янги тараққиёт банки бўлиб, у энди 8 ёшга кирди, лекин аллақачон 100 дан ортиқ аъзолари бор. Аъзолари сони бўйича банкимиз иккинчи энг йирик инвестицион банк ҳисобланади ва асосий вазифаси келажак учун инфратузилмани қўллаб-қувватлаш орқали ўз аъзоларининг ривожланишига ёрдам беришдир.

Инфратузилма борасида банкнинг бир қанча приоритетлари бор. Биринчиси, иқлим ўзгаришининг олдини олишга ва иқтисодиётни яшиллаштиришга ёрдам берадиган инфратузилмани молиялаштиришни ривожлантириш. Молиялаштиришимизнинг 50 фоизи 2025 йилга қадар шу йўналишга қаратилиши керак ва биз бунга аллақачон эришдик. Банкимиз диққат марказидаги яна бир масала – хусусий молияни жалб қилиш. Суҳбат давомида бунга яна қайтаман. Биз технологиялардан фойдаланадиган ҳамда минтақадаги ва айниқса Осиёдаги, балки ундан ташқаридаги мамлакатларни боғлашга ёрдам берадиган инфратузилмага эътибор қаратишни мақсад қилганмиз.

– Сиз банкнинг вице-президенти ва корпоратив котибисиз. Ўз ролингиз ва бу нима учун муҳимлигини тушунтириб бера оласизми?

– Ҳа. Банк юздан ортиқ аъзоларга эга каттагина банк бўлишдан ташқари, кўп томонлама тараққиёт банклари оиласининг муҳим аъзоси ҳисобланади. Тараққиёт банкларига хос равишда, ОИИБ – жуда юқори стандартларга эга ижтимоий, атроф-муҳит ва бошқарув стандартлари лойиҳаларини молиялаштиради. Кучли бошқарув бизнинг асосий хусусиятларимиздан биридир. Қадриятларимиз – барқарорлик, покизалик ва яшиллик бўлиб, бунда яшиллик атроф-муҳитни қўллаб-қувватлаш, барқарорлик кераксиз бюрократияга йўл қўймаслик ва покизалик бизда яхши бошқарув мавжудлигини англатади. Корпоратив котиб ва унинг жамоаси кучли бошқарувни таъминлаши керак. Ўзбекистон каби акциядор мамлакатлар билан яхши муносабатларни сақлаш, банкнинг бошқарув органларининг йиғилишларини ташкил этиш ҳам шулар жумласидан. Бу лавозимдан мақсад – директорлар кенгаши, бошқарувчилар кенгаши фаолиятини ташкил этиш ва умуман олганда, банк ўзининг барча тартиб-қоидаларига риоя қилган ҳолда яхши обрў қозонишини таъминлашдир.