Ғазога инсонпарварлик ёрдамлари, сунъий идрокни чеклаётган Европа ва АҚШда TikTokni тақиқлашга ҳаракат — кун дайжести
Сўнгги кун ичида дунёда содир бўлган энг муҳим воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотлар шарҳи одатдагидек кундалик дайжестимизда.
Фаластиндаги вазият
Ниҳоят очлик ва ташналик исканжасида қолган ғазоликларга инсонпарварлик ёрдами кела бошлади. Сутка ичида секторга инсонпарварлик ёрдами юклари ортилган 200 дан ортиқ юк машиналари кириб келган.
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари бугун Ғазо сектори аҳолисига ҳаво орқали тўққизинчи бор инсонпарварлик ёрдами етказгани хабар қилинди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливан пойтахти Байрут шаҳрида ҲАМАСнинг вакилларидан бири Солиҳ ал-Арурийнинг Исроил кучлари томонидан ўлдирилганини расман тан олди:
«Биз ҲАМАСдаги тўртинчи рақамли инсонни йўқ қилдик. Учинчи, иккинчи ва биринчи рақамли инсонларга ҳам ҳали қўлимиз етади!» — деган Нетаняҳу.
АҚШ Сенатининг разведка бўйича махсус қўмитаси раиси Ғазода бўлаётган 140 кунлик урушда Исроил қуролли кучлари ҲАМАСнинг 35 фоиздан камроқ жангчиларини йўқота олишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган ва бу вазиятдан сабоқ чиқариш кераклигини айтиб ўтди.
АҚШ ва Эрон илк марта ҳусийчилар масаласида музокара ўтказган, деб хабар бермоқда The Financial Times. Нашрга кўра, Вашингтон Теҳронни яманлик ҳусийчилар таъсиридан фойдаланиб, уларни «Қизил денгизда кемаларга ҳужумини тўхтатишга кўндиришни сўраган. Эрон томони бунга қандай жавоб бергани ҳозирча номаълум.
Европа сунъий идрокни чеклайди
Европа парламентида жаҳонда илк бор сунъий идрокни тартибга солиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди
Энди кўҳна қитъада сунъий идрок тизимлари маълум бир шаффофлик талабларига жавоб бериши керак бўлади. Сунъий идрок ёрдамида қайта ишланган суратлар, аудио ҳамда видеоёзувлар тегишли маркировкага эга бўлиши талаб қилинади.
Реал вақт режимида юзни таниб олиш тизимлари ва бошқа биометрик идентификация тизимлари тақиқланади. Ҳуқуқ-тартибот органларига ундан олдиндан келишилган фавқулодда ҳолатларда, масалан, йўқолган инсонни қидиришда ёки террорчилик таҳдиди чоғида фойдаланишгагина рухсат этилади.
Янги қонунга кўра, қуйидагилар тақиқланади: реал вақт режимида юзни аниқлаш, иш жойи ва мактабларда одамларнинг ҳис-туйғуларини аниқлаш, ижтимоий рейтинг ва инсон хатти-ҳаракатларини манипуляция қилувчи ёки заифликларидан фойдаланувчи сунъий идрок технологиялари.
Қонун, шунингдек, сунъий идрокка асосланган барча тизим ва воситаларни риск даражасига қараб, паст, ўрта, юқори ва қабул қилиб бўлмас каби тўрт даражага бўлади.
Ҳужжат ҳали Европа Кенгаши томонидан тасдиқланиши керак. У май ойи охирида кучга кириши кутилмоқда.
АҚШда TikTok тақиқланиши мумкин
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Хитойга тегишли TikTok ижтимоий тармоғини тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади.
Конгрессменлар ByteDance компаниясига TikTok платформасини Америкага сотиш учун беш ой муҳлат беради. Агар бу бажарилмаса, илова дўконлари TikTok’ни олиб ташлаши керак бўлади. Иловани ўрнатганлар ундан фойдаланишда давом этиши мумкин, фақат у янгиланмайди.
Вакиллар палатаси TikTok миллий хавфсизликка таҳдид солади, деб ҳисобламоқда, чунки Хитой ҳукумати ByteDance компаниясини америкалик фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотларини беришга мажбурлаши мумкин.
Ҳали қонун лойиҳасини АҚШ Сенати тасдиқлаши керак. Президент Жо Байден эса қонунни парламент маъқулласа унга жон-жон деб имзо қўйишини аллақачон таъкидлаб бўлган. Айни пайтда TikTok иловасидан АҚШдаги 7 миллион кичик бизнес вакили ва 170 миллион фуқаро фойдаланади.
Эслатиб ўтамиз, TikTok — Ўзбекистонда блокланган ягона ижтимоий тармоқлигича қолмоқда.
Россияда навбатдаги топ-менежер ўлими
Россияда газ-нефт компаниялари топ-менежерларининг сирли ўлими давом этмоқда. 13 март куни «Лукойл» компаниясининг 53 ёшли вице-президенти Виталий Робертус кутилмаган тарзда вафот этган. Унинг ўлимига нима сабаб бўлгани очиқланмаяпти.
Робертус компаниянинг сўнгги икки йил ичида вафот этган бешинчи топ-менежери.
2022 йилнинг майида «Лукойл»нинг экс топ-менежери 44 ёшли Александр Субботин ўлган эди.
2022 йилнинг сентябрида «Лукойл» директорлар кенгаши раиси 67 ёшли Равил Маганов касалхонада юқори қават деразасидан тушиб кетиб ўлган.
2022 йилд «Лукойл»нинг энг йирик шуъба корхоналаридан бири — «Когалимнефтгаз» директори 48 ёшли Олег Зацепин вафот этган.
2023 йилнинг октябрида Магановнинг ўрнига ўтирган директорлар кенгаши раиси, 66 ёшли Владимир Некрасов ўлган.
2024 йилнинг мартида эса, мана, Робертус бу дунё билан хайрлашди.
Бу фақат давлатга тегишли «Лукойл» нефт компанияси раҳбариятида рўй берган ўлимлар. «Газпром»нинг ҳам ўзига яраша шунақа рўйхати бор.
Буни тасодиф деб бўладими? Тасодиф бўлганда ҳам, Россиянинг энг йирик нефт компаниясида 2 йилдан кам вақт ичида у қадар қариялардан бўлмаган беш нафар раҳбарларнинг ўлими барибир бироз шубҳа келтириб чиқаради.
Украина томони Виталий Робертус Нижегород области Кстово шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводига дрон билан зарба берилган чоғда ҳалок бўлганини таъкидламоқда. Аммо бу маълумот тасдиқланмаган.
Россияга дронлар зарбаси
Дарвоқе, Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига қилган ҳужумлари ҳақида. Ўтган куни Украина хавфсизлик хизмати Россиядаги бирйўла учта — Рязан шаҳридаги, Кстово шаҳридаги ва Ленинград областидаги Кириши шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум уюштирган.
Ҳужумга дучор бўлган нефтни қайта ишлаш заводлари Россиядаги топ-5 заводлар туркумига киради. Бу ҳужумлардан кўзланган мақсад — Россиянинг иқтисодий салоҳиятини сўндиришдан иборат.
Bloomberg нашрининг ёзишича, Россиянинг нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум ишлаб чиқариш қувватларининг 12 фоизига таъсир қилган.
Сўнгги зарбага учраган Рязан НҚЗ Москва учун мотор ёқилғисини асосий етказиб берувчиси бўлган. Сўнгги икки кун ичида зарбага дучор бўлган Рязан НҚЗ ва қолган объектлар РФ нефтни қайта ишлаш қувватларининг 12 фоизини ташкил этади, деб ёзади нашр.
Украина хавфсизлик хизмати мудофаа кучлари билан биргаликда Россия ҳарбий ҳаво кучларининг Бутурлиновкадаги авиабазаси ва Воронеждаги ҳарбий аэродромини ҳам нишонга олган.
Украина янгиликлари
Украинага оид учта қисқа янгилик билан таништирамиз.
Украиналик маҳбуслар армияда хизмат қилиш учун шартнома имзолашса, улар жазони ўташ муддатидан аввал озод қилинади. Бу қандай тартибда амалга оширилиши белгиланган қонун лойиҳаси Олий Радага киритилган.
Мамлакат парламенти Олий Радага киритилган яна бир қонун лойиҳасига кўра, Украинада фарзанд кўрганлик учун қарийб 10 минг АҚШ доллари тўлаш режалаштирилмоқда.
Агар қонун лойиҳаси маъқулланса, туғиш учун нафақа миқдори қарийб 10 баробар оширилади — ҳозирги 41 минг 280 ҳривна (1065 доллар)дан 384,5 минг ҳривна (9920 доллар)гача. Ташаббускорларнинг фикрича, бу мамлакатда туғилиш даражасини ошириши мумкин, чунки сўнгги марта туғиш нафақаси 2014 йилда оширилган.
Европа Иттифоқи элчилари Украинага қурол-яроғ сотиб олиш учун қўшимча 5 млрд евро ажратилишини маъқуллашди.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024