Ўзбекистон | 21:58 / 18.03.2024
24513
2 дақиқада ўқилади

Учта уюшма раислари ўзгарди

Чарм саноати, тўқимачилик саноати ва гул етиштирувчилар уюшмалари раҳбарлари бир кунда ўз аризасига кўра лавозимини тарк этди. Жами 12 та тармоқ ва саноат уюшмалари Савдо-саноат палатаси тизимига ўтказилмоқда.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Ф.Бобоев лавозимдан кузатилмоқда. Раис вазифасини унинг ўринбосари Ф.Нурмуҳамедов (чапдан биринчи) бажариб туради. / Фото: “Ўзчармсаноат” матбуот хизмати

Ўзбекистонда 18 март куни учта тармоқ уюшмаси раҳбарлари ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилди.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Бобоев Фахриддин Атоевич лавозимини тарк этди. Раис вазифасини вақтинча бажарувчи этиб унинг ўринбосари Нурмуҳамедов Фарҳод Ҳасанович тайинланди.

 “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси бўлиб ишлаган Илҳом Ҳайдаров ўрнига унинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Мирмуҳсин Султонов тайинланди.

Гул етиштирувчилар уюшмаси раиси Алишер Мусабоевнинг лавозимини вақтинча Ш.Нуриддинов эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, 12 март куни президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда ҳудудларда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт масалаларини яхлит тизимда бирлаштириш мақсадида 12 та тармоқ ва саноат уюшмасини Савдо-саноат палатаси тизимига ўтказиш таклиф этилганди.

“Бу орқали лойиҳа тайёрлаш ва экспорт тизими давлатдан тадбиркорлар ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотга ўтади. Натижада уларнинг талаб ва истакларини эшитиш, муаммоларини ҳал қилиш осонлашади, тадбиркорларнинг ўзаро ҳамкорлиги кучаяди”, – дейилганди расмий хабарда.

Мавзуга оид