Ўзбекистон | 21:55 / 25.03.2024
20175
3 дақиқада ўқилади

Андижонда мактаб директори устозлардан “Опен бюджет”га овоз ёки пул, катакхонага эса товуқ сўрамоқда

Андижон туманидаги 24-мактабда ўқитувчилардан янги жиҳозлар олиш учун бир нечта овоз йиғиш ёки ўрнига 90 минг сўмдан пул бериш талаб қилинмоқда. Қолаверса, мактаб директори мактабда товуқхона ҳам ташкил қилган бўлиб, педагоглардан уни товуқлар билан тўлдиришда “ўз ҳиссасини қўшиш”ни сўраяпти.

"Очиқ бюджет" порталидан скриншот

Андижон вилояти Андижон туманининг 24-мактаби янги жиҳозлар олиш учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига киритилган. Айни пайтда бу ташаббуснинг тўплаган овозлари сони бўйича туманда иккинчи ўринда бўлиб туришига мактаб ўқитувчиларининг ҳиссаси катта – улар овоз йиғишга жалб этилмоқда.

Мажбурий овоз йиғишдан норози бўлган бошланғич синф устозларидан бири Kun.uz'га мурожаат қилди.

“Ўтган йилларда ҳам "Опен бюджет" учун овоз йиғганмиз, лекин бу йилдан директоримиз Сарвар Насриддинов шунақа ошириб юборяпти. Ҳар биримизга 3 та ҳали сим-карта очилмаган паспортни топиб, сим-карта сотиб олиб, овоз беришни ёки пул йиғиб беришимизни талаб қиляпти. Ҳадемай, мактабга “овоз бердингми?” деб чақираверади”, – дейди шахсини очиқлашни истамаган педагог.

Ўқитувчи тақдим этган скриншотларда синф раҳбарлари ўз синфидаги ҳар бир ўқувчи сонига 5 тадан, синф раҳбарлиги йўқ фан ўқитувчилари эса умумий 30 та овоз тўплаши кераклиги айтилади.

“Масалан, 30 нафар ўқувчиси бор синф 150 та овоз тўплаши керак. Ҳозирдан режа бошланди. Бугунгача тўпланганлари ўтди, ҳозирдан старт кетди. Ўқувчилар сони ва режаси юбориляпти.

1-4-синфлар Сайфуллаев Оятиллога, 5-8-синфлар Азизов Абдулазизга, 9-11-синфлар Азимов Авазбекка кунлик ҳисобини юборасиз”, дейилади мактаб ходимлари учун ташкил этилган Telegram-гуруҳидаги хабарда.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, мактаб директори Сарвар Насриддинов таълим масканида товуқхона ҳам ташкил қилган ҳамда ўқитувчи ва ўқувчилардан товуқ олиб келишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 1 февралдан кучга кирган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш, унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни шакллантириш ҳамда тақдим этишни талаб қилиш, уларнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш тақиқланган.

Мавзуга оид