Жаҳон | 21:31 / 25.03.2024
15682
7 дақиқада ўқилади

Ғарбий Соҳилдаги Исроил зулми, қамоққа олинган террорчилар ва саратонга чалинган малика — кун дайжести

Кун давомида дунёда рўй берган энг муҳим янгиликлар, воқеа-ҳодисаларнинг батафсил шарҳи билан таништиришда давом этамиз.

Фаластиндаги вазият

Исроил фаластинлик маҳбусларни ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларга алмаштириш тўғрисидаги АҚШ таклифига розилик билдирган ва Фаластин ҳаракатининг бу борадаги жавобини кутмоқда, деб хабар беради CNN.

АҚШ таклифига кўра, ҲАМАС томонидан ушлаб турилган исроиллик асирлар эвазига Исроил 700 нафар фаластинлик маҳбусларни озод қилиши керак.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Исроил Ғазода содир бўлаётган воқеалар учун жавобгарликни ўз гарданига олиши кераклигини таъкидлади. Бироқ ҳуманитар кризис ҲАМАС туфайли келиб чиққанини таъкидлади.

Унга кўра Исроил Ғазода очарчилик юз бермаслиги учун қайғуриши керак. «Исроил Ғазога ҳуманитар кризис сабабчиси бўлган ҲАМАСдан халос бўлиш учун кирди», деган Кэмерон.

Кэмерон Британия Исроил дўсти ва ҳимоячиси эканини қайд этиб, у Ғазога ёрдам киритилишини таъминлаши кераклигини таъкидлар экан, бу ёрдам нафақат Ғазо учун, Исроил учун ҳам муҳим эканлигига урғу берди. «Чунки Исроил давлат сифатида очлик ва ҳуманитар кризисга рўпара келмаслиги керак», деган у.

Бу орада инсонпарварлик ёрдами учун навбатда туриб, Исроил зарбаларидан қурбон бўлган шимолий ғазоликлар сони 560 нафарга етган. 1523 киши турли даражада тан жароҳатлари олган.

Исроил армиясининг Ғазодаги йўқотишлари 600 нафарга яқинлашмоқда. 7 октябрдан сўнг Ғазода агрессия уюштира бошлаган Исроил ҳарбийларининг йўқотишлари 595 нафарга етган. Бу Исроил томонининг маълумоти. ҲАМАС томони йўқотишлар 10 баробар кўплиги ва 5000 дан ошганини таъкидлайди.

Боз устига, Исроил 2023 йилнинг 7 октябридан буён оккупация остидаги Ғарбий соҳилда 7755 нафар фаластинликларни ҳибсга олган. Ал-Халил, Байтул Лаҳм, Рамаллоҳ, Тулкарим ва Қуддус шаҳарларида ўтказилган рейдларда қайта ҳибсга олинган фаластинликлар бор.

Исроил 7 октябрдан буён «жангарилар»га қарши кураш баҳонасида Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусга агрессив бостириб киришни давом эттирмоқда. Бугунги кунгача улар юзлаб фаластинликларнинг уйларини бузиб ташлаб, 2000 кишини мажбурий кўчирган.

Исроил молия вазири Бецалел Смотрич Фаластиннинг оккупация қилинган Ғарбий соҳилидаги 800 гектар ерни Исроил давлати ерлари деб эълон қилди, деб хабар берди Reuters. Бу қарор яҳудий манзилгоҳлари қуриш учун ушбу ҳудуддаги ерлардан фойдаланишни осонлаштиради. 

Теракт ижрочилари қамоққа олинди

Москвадаги “Crocus City Hall” концерт залида содир этилган теракт ижрочиларига судгача эҳтиёт чораси қўлланиб, уларни икки ойга — 22 майгача қамоққа олиш тўғрисида суд ҳукми чиқди.

Тожикистон фуқароларининг уч нафари судда ўз айбига иқрор бўлган. Булар:

32 ёшли Далержон Мирзоев, оилали, тўрт нафар вояга етмаган фарзанди бор, ишсиз, Новосибирскда рўйхатдан ўтган.

25 ёшли Фаридун Шамсуддин, оилали, 8 ойлик фарзанди бор, террорчилик актигача Подолскдаги паркет заводида турли туман юмушларни бажарувчи бўлиб ишлаган.

30 ёшли Саидакрам Ражабализода, оилали, бир нафар вояга етмаган фарзанди бор, ишсиз, аввал Подолскда яшаган.

Суд залига касалхонанинг жонлантириш бўлимидан олиб келинган 19 ёшли Муҳаммадсобир Файзов гуруҳдаги ҳали уйланмаган ягона инсон. У Иваново шаҳрида сартарош бўлиб ишлаган, аҳволи оғир бўлгани сабабли судда ўз ҳимоясига ҳеч нарса дея олмаган ва айбини ҳам тан олмаган.

Эслатиб ўтамиз, 22 март, жума куни кечқурун Москванинг шимолий ғарбий қисмида жойлашган Россиядаги энг йирик савдо кўнгилочар комплексида террорчилик акти рўй берди. Қуролланган террорчилар «Пикник» гуруҳининг концертига тўпланган томошабинларга қарата ўт очган. Камида 137 киши ҳалок бўлгани, 180 дан зиёд инсон турли даражада жароҳатлангани айтилмоқда.

Россия Хавфсизлик кенгашис раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ўз телеграм каналида шундай деб ёзди:

“Уларни ушлашди. Ушлаганларга баракалла деймиз. Уларни ўлдириш керакми? Керак. Шундай бўлади ҳам. Лекин ундан ҳам муҳими барча алоқадор шахсларни ўлдириш. Барчасини. Пул берган, иштирок этган, ёрдам кўрсатган. Барчаси ўлдирилиши керак”.

Россияда теракт қурбонлари хотирасига 24 март мотам куни деб эълон қилинди. Воқеа рўй берган жойга одамлар гулдасталар ва шамлар келтиришди. Россиянинг кўплаб давлатлардаги элчихоналарида, жумладан, Тошкентда ҳам қурбонларни хотирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Қрим ва Севастополга ҳужум

Украина Россиянинг Қримда ўрнатган Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўтиб, Қрим ва Севастополдаги ҳарбий объектларга Британиянинг Storm Shadow қанотли ракеталари билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берилмоқда.

Жумладан Белбекдаги Россия авиабазасига ҳам зарба берилган. Россия томони эса уриб туширилган ракеталар авиабазага қулаганини хабар қилмоқда. Россия томони маълумотларига кўра, 3 та Су-27 ҳарбий самолётларига зарар етказилган. Улардан бири буткул ёниб кетган бўлса, иккитасини тикласа бўлади.

Бундан ташқари ракеталар денгиз пиёдаларининг маскировка қилинган дислокация нуқтасига ҳам бориб урилган. 34 нафар ҳарбийлар, жумладан 11 офицер ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Севастополда алоқа маркази, бир қатор инфратузилма объектлари ва  бухтада лангар ташлаб турган иккита йирик десант кемаси ҳам ракета нишонига айланган. Улар «Ямал» ва «Азов» катта десант кемалари экани айтилмоқда. Кемалар сувга чўктирилмаган, уларга етказилган зарарнинг кўлами қанчалик экани тўғрисида хабарлар тарқатилмаяпти

Бу уруш бошланганидан буён Россия Қора денгиз флотида зарбага учраган кемалар сони 26 тага етганини билдиради. 

Қироллик оиласида саратон

Британия валиаҳд шаҳзодаси Уилямнинг рафиқаси, Уэлс маликаси Кейт Миддлтон қорин бўшлиғида ўтказилган мураккаб операциядан сўнг унда саратон ўсмаси аниқланганини хабар қилди.

42 ёшли маликанинг видеомурожаатини Кенсингтон саройи эълон қилди.

Малика шифокорлар жамоаси касалликни профилактика қилиш учун унга кимётерапия курсини ўташни тавсия қилганини билдирган.

Кейт Миддлтон саратоннинг айнан қайси кўриниши ҳақида гап кетаётгани ва хавфли ўсмалар қаерда топилганига аниқлик киритмаган. У қироллик оиласи номидан ҳозирча уларга махфийлик кераклигини тушунишларини сўраган.

Аввалроқ оммавий ахборот воситалари малика декабр ойидан буён омма олдида кўриниш бермай қўйгани ҳақида ёзиб, бунинг учун турли тахминларни илгари сураётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Англия қироли Чарлз III да саратон шиши топилган. Қирол простата аденомасидан даволаниш курсини ўтаётганда унда ҳам саратон топилган эди. 

Мавзуга оид