Зеленский Хавфсизлик кенгаши котибини истеъфога чиқарди
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат Хавфсизлик кенгаши бош котиби Олексий Даниловни истеъфога чиқарди. Унинг ўрнини Украина ташқи разведкаси раҳбари Олександр Литвиненко эгаллади.
Эндиликда Украина ташқи разведкасини Олег Ивашенко эгаллайди. Тегишли фармонлар Украина президенти сайтида эълон қилинди.
Данилов Зеленский жамоасининг содиқ вакилларидан бири бўлиб, 2019 йилдан буён Украина Хавфсизлик кенгаши бош котиби бўлиб ишлаётганди. ОАВ билан фаол алоқада бўлган Данилов фронтдаги воқеаларни фаол муҳокама қилиб келаётганди.
Бунгача эса Данилов Луҳанск мэри бўлиб ишлаган. 2006-2007 йилларда «Юлия Тимошенко блоки»дан Олий Радага сайланган. Унинг вақтида Хавфсизлик кенгаши жуда фаол органга айланиб, амалда президентнинг фикрларини ифода эта борди.
Данилов раҳбарлигида кенгаш 2021 йилда жиноий «авторитетлар», контрабандачилар, россияпараст сиёсатчилар ва улар таъсиридаги ОАВга қарши санкциялар жорий қилганди.
2024 йил 22 март куни Москвада теракт амалга оширилгач, Россиянинг НТВ давлат каналида Данилов гўёки Украина терактга алоқадорлигини тан олгани ҳақида фейк видео эфирга узатилганди.
Данилов истеъфога чиқарилганидан кейин ўзининг Facebook саҳифасида пост қолдирди: «Уруш вақтида миллатим ва ватанимга хизмат қилиш имконини бергани учун тақдирдан миннатдорман», деб ёзди у.
Олександр Литвиненко ким?
Украина Хавфсизлик кенгашининг янги котиби Литвиненко аввалги мулозим Даниловга қараганда оммага унчалик таниш инсон эмас. Киевда туғилган, сиёсий фанлар доктори. Фаолиятини Украина Хавфсизлик хизматида бошлаган. 1998 йилдан 2007 йилгача Стратегик тадқиқотлар институтида ишлаган. Орада икки йил Хавфсизлик кенгашида ишлашга ҳам улгурган.
Петро Порошенко вақтида Хавфсизлик кенгаши бош котиби ўринбосари бўлиб ишлаган. 2021 йил Зеленский уни Ташқи разведка хизмати раҳбари этиб тайинлаган. У ОАВда кўп кўриниш бермайди ва таҳлилий мақолалар ёзишни афзал кўради. Масалан, 2023 йил ёзган мақолаларидан бирида Россия Украина билан ҳали узоқ вақт урушишга тайёрлигини ёзганди.
Литвиненконинг фикрича, Украина жамиятидаги вазиятнинг издан чиқиши урушда Россия ғалабасининг асосий калити бўлади. У 2009 йилда Россия Украинага ҳужум бошлашини тахмин қилиб мақола ёзган. Украина Хавфсизлик кенгашининг илк раҳбари Володимир Горбулин билан ҳаммуаллифликда ёзилган мақолага «Катта қўшни қарор қилди. Украина энди нима қилиши керак?» деб сарлавҳа қўйишади.
«Россия давлатининг ғояси «Улуғ ғалаба» мифига, замонавий Россия Сталин СССРининг давомчиси эканига асосланади. Империяча қараш, Ғарбга душманликнинг ксенофобик комплекси, айнан АҚШга қаратилган душманлик кучаяди, Россияга қамалда қолган қалъа сифатида қараш бошланади.
Ташқи сиёсатдаги асосий вазифа Киевни бўйсундириш бўлади. Украинани, ҳеч бўлмаса унинг шарқини бўйсундириш Кремлнинг Россиядаги ҳолатини яхшилайди. Гап Украина жануби ва шарқини Россия таркибига қўшиб олиш ҳақида бормоқда. Украина марказида эса қўғирчоқ раҳбарият қўйишга уринишади», дейилганди хусусан ўша мақолада.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
18:44 / 21.12.2024
Зеленский бир қатор украиналик дипломатларни ишдан олди
07:55 / 20.12.2024
Зеленский Путиннинг «Орешник» билан «дуэл» ҳақидаги сўзларини танқид қилди
13:55 / 18.12.2024