Жаҳон | 17:20 / 30.03.2024
21207
11 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилар учун ҳаёт ва мамот тўқнашуви – дунёдаги энг хавфли йўллар қаерларда жойлашган?

Айрим ҳайдовчилар машина бошқараётганда қизиққонлик қилади ва “тулпор”ини учириб ҳайдашни хоҳлаб қолади. Бундай пайтларда тез юриш хавфли экани ва бунинг оқибати аянчли тугаши ҳам уларни тўхтатиб қололмайди. Бироқ дунёда шундай йўллар борки, тез юришни, хавфли манёврларни ёқтирадиган ҳайдовчилар ҳам улардан ўтишда қўрқишади.

20-асрнинг иккинчи ярмида автомобил саноати жуда тараққий этди. Дунёдаги кўплаб автомобилсозлик компаниялари бир вақтнинг ўзида ўнлаб турдаги енгил ва юк машиналарини ишлаб чиқара бошлади.

Шунга яраша автомобиллар ҳаракатланиши учун кўплаб йўллар қурилди. Шунга ҳамоҳанг йўловчи ва юк ташиш ҳажми кескин ўсиб борди. Бир пайтлар ёлғизоёқ ёки арава ҳаракатлана оладиган жойларда автойўллар қурилди.

Ҳатто ўтиш қийин бўлган жойлар ёки тоғ довонларида ҳам йўллар пайдо бўлди. Натижада жуда узоқ жойлардан айланиб келиш керак бўлган жойларга ҳаракатланиш бироз хавфли бўлса ҳам яқинроқ йўл орқали етиб олиш имконияти туғилди.

Бугун дунёнинг бир қанча ҳудудларида машина бошқариб ўтиш анча хавфли бўлган ана шундай йўллар бор. Уларнинг аксарияти хавфли тоғ йўллари ҳисобланади.

Бир томондан жуда чиройли табиат манзаралари, иккинчи томондан тик жарлик – бундай жойлардаги тор йўллардан машина бошқариб ўтишга ҳар қандай ҳайдовчида жасорат топилмайди.

Қуйида дунёдаги энг хавфли автойўллар ҳақида маълумот берамиз.

Тун кўли бўйлаб ўтган йўл, Швейцария

Фото: alamy.com

Тун кўли Швейцариянинг Берн кантонида жойлашган. Ана шу кўл ёқасида дунёдаги энг хавфли йўллардан бири жойлашган. Эни жуда тор бўлган асфалт йўл кескин тоғлар бўйлаб тепага чўзилиб кетган.

Энг тепага чиққунча ана шу тор йўл бўйлаб кескин оғишлар, хавфли бурилишлар, тоғ аркалари ва туннелларидан мардона ўтиш керак. Бу эса осон эмас.

Фото: alamy.com

Йўлнинг бир қисми тик қояларга темир бетон конструкциялар қотирилиб ясалган. Пастда жойлашган, кўзга бирмунча осойишта туюладиган кўлнинг кўплаб сирлари бор.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Швейцария ҳукумати фойдаланилмаган ўқ-дориларни Тун кўлига чўктиришга қарор қилганди. Ҳозир кўл остида энг камида 3 тонна қурол-яроқ занглаб ётибди.

Зожи-Ла довонидаги йўл, Ҳиндистон

Фото: iranbanou.com

Зожи-Ла довонидаги йўл Ҳиндистон ва Покистон ўртасида баҳсли бўлган Кашмир штатида жойлашган. (Бу штатни Ҳиндистон назорат қилади.)

Йўлнинг Ладакх ва Кашмир шаҳарлари орасидаги қисми тоғ довонида, денгиз сатҳидан 3500 метр баландликда жойлашган. Довондан ўтган йўл жуда тор бўлиб, ундан нафақат машиналар ҳаракатланади, балки маҳаллий аҳоли ўз чорва молларини ҳам шу ердан ҳайдаб ўтади.

Фото: telegraph.co.uk

Ана шундай пайтларда чорва моллари йўлни тўлиқ ёпиб қўяди ва уларни белгиланган манзилига етиб олгунча довондаги йўлнинг икки томонида ҳам бир неча километрлик тиқилинчлар юз беради.

Довондан ўтган йўл жуда тор бўлиши билан бирга, унинг бир томони қир, иккинчи томони жарликдан иборат. Шу сабабли бу йўлда машина бошқариш учун кишида довюраклик хислати бўлиши керак.

Йўл асфалт қилинмаган. Зеро ёғингарчилик кўп бўлгани учун асфалт узоқ муддатга чидамаса ҳам керак. Бу ердан ҳаракатланаётган юк машиналар ёнма-ён бўлиб қолганда улар бир-бирига йўл бериб зўрға ҳаракатланади.

Ҳана йўли, Ҳавайи (АҚШ)

Фото: huffingtonpost.ca

Ҳана йўли узунлиги 103,6 км бўлиб, у Ҳавайи ороллари таркибига кирувчи Мауи оролида жойлашган Каҳаули ҳудудини Ҳана шаҳри билан боғлайди.

Мазкур йўлда 60дан ошиқ кўприк бор. Сон-саноқсиз тоғ сойлари ва тропик ёмғирлар баъзи жойларда йўлни ювиб кетади. Кучли шамол кўчкиларга олиб келади.

Ҳана йўлидан юришни танлаган саёҳатчилар хавфли саёҳат вақтида кўплаб кескин бурилишларга дуч келишади. Бу йўлда жами 620 та кескин бурилиш жойлари бор.

Кўчани сел ювиб кетганда ёки кўчки тушганда маълум вақтга йўл ёпилиб қолиши мумкин. Бироқ улар бамбук ўрмонлари, кўплаб чиройли шаршаралар ва тропик ўрмоннинг бошқа гўзалликларидан завқ олишади.

Гуолян туннели, Хитой

Фото: fj.people.com.cn

Гуолян туннели Хитойнинг Хэнан провинциясида жойлашган. Йўлнинг номи Гуолян туннели дейилгани билан оддий туннелмас. Гап шундаки ўтган асрнинг 70-йилларида бу ерда йўл ўтказилаётганда йўл тик тоғ қоясига келиб қадалиб қолган.

Шунда одамлар тоғни қўл меҳнати билан ўйиб туннеллар очишган ва уларнинг сони жуда кўп. Туннел ичи ёритилмайди ва қоронғи. Шундай бўлса ҳам у йўлнинг энг хавфсиз жойи ҳисобланади ва машиналарни кескин жарликка қулашдан ҳимоя қилади.

Фото: alamy.com

Аммо йўлнинг бошқа очиқ қисмларидан юриш жуда хавфли. Чунки айрим жойларда йўлнинг кенглиги бор-йўғи 4 метрни ташкил этади ва бундай жойлардан ҳаракатланишда ҳайдовчилардан диққатни максимал бир жойга жамлаб, эҳтиёт бўлиш талаб қилинади.

Хитойликлар бу йўлни “хатоларни кечирмайдиган йўл” деб аташади. Бу бежизга эмас. Бироз эҳтиётсизлик қилинса машина пастга қулаб кетиши ҳеч гапмас.

Пассаж дю Гуа, Франция

Фото: hoatinhthuong.net

Бу йўл Франциянинг Атлантика океанига туташ қирғоқларида Бурнёф қўлтиғи бўйлаб ўтган. Йўл кунига бир неча соатга очилади холос. Қолган пайтларда уни сув босади, йўлдан ҳаракатланишнинг иложи бўлмайди.

Гап шундаки бу йўл океан суви камайган вақтда кўринади ва очиқ бўлади. Кучли тўфонлар пайтида баланд тўлқинлар сабабли у сув остида қолади. Ана шундай пайтда тўлқинлар йўлдан ҳаракатланаётган машиналарни оқизиб кетиши ҳам мумкин.

Фото: albayan.ae

Шу учун ҳам йўл ҳайдовчиларга ва машиналарга ҳеч нарса хавф солмаганда очиқ бўлади. Об-ҳаво ёмонлашганда, кучли шамол турганда ёпиб қўйилади.

Баъзида ҳаво сокин бўлганда кўприкни бироз сув босган бўлса ҳам у очиқ туради ва машиналар ўтиб-қайтади. Бироқ бу ҳам анча хавфли. Чунки сув остидаги йўлни илғаб машина бошқариш осон эмас.

Тароко дарасидан ўтган йўл, Тайван

Фото: semnaklairam.blogspot.ca

Тароко дарасидаги йўл Тайвандаги Тароко миллий парки ҳудудида жойлашган. Бу йўл ҳам Гуоляндаги йўлга жуда ўхшаш. Бунда ҳам тоғда тик қоялар тешилиб йўл ўтказилган. Пастда дарё оқади.

Йўл ўтган ҳудудда кўп ёғингарчиликлар бўлади. Бундай пайтларда тоғдан сел сувлари оқиб тушади, тез-тез кўчкилар содир бўлади. Бундан ташқари сейсмик фаоллик вазиятни янада оғирлаштиради.

Ҳимачал-Прадеш штати йўллари, Ҳиндистон

Фото: flickr.com

Ҳимачал-Прадеш штати Ҳиндистон шимолида, Ҳимолай тоғларининг жанубий қисмига туташ ҳудудда жойлашган. Штатда ўнга яқин Миллий йўл (Ҳиндистонда муҳим йўлларни шундай деб аташади) бор.

Бу йўлларнинг аксарияти жуда тор бўлиб, улар тоғлар ёнбағридан ёки довонлар тепасидан ўтказилган. Уларда ҳайдовчилар машиналарни жуда эҳтиёт бўлиб бошқаришади.

Гарчи ҳаракатланиш жуда хавфли бўлса-да Ҳимачал-Прадеш йўлларининг аксариятида йўловчи автобуслар ҳам ҳаракатланади. Ҳудуднинг табиати жуда чиройли, ҳамма ёқ ўрмон билан қопланган.

Йўлларнинг бир қисми салобатли музликлари бор Ротанг Ла довони орқали ўтади. Қор кўчкилари туфайли йилнинг асосий қисмида довондан ўтган йўл ёпиқ бўлади.

Пасо-де-лос-Караколес, Чили

Фото: La Nación

Чили ва Аргентина ўртасида жойлашган Пасо-де-лос-Караколес довонидан ўтган йўл дунёдаги энг хавфли йўллардан бири ҳисобланади. Бу ерда Хитой ва Тайвандаги каби тоғ қояларини йўниб йўл очишмаган. Балки довон тепасига чиққунча 20 дан ошиқ кескин бурилишлардан ўтиб бориш керак.

Йилнинг асосий қисмида йўлни қор қоплаб ётади. Шу сабабли ёз фасли учун мўлжалланган шиналар таққан машиналар бу йўлдан чиқа олмайди.

Доимий ноқулай об-ҳавога қарамай, довон йўлида ҳар доим юк машиналарини, ҳатто икки қаватли сайёҳлик автобусларини ҳам учратиш мумкин.

Атлантика йўли, Норвегия

Фото: oicwx.com

Атлантика йўли Норвегиянинг шимолий қисмидан, океан бўйлаб чўзилиб кетган. Бу йўл мамлакатнинг асосий диққатга сазовор жойи ва маданий мерос объекти сифатида тан олинган.

Йўлнинг бир қисми қуруқликдан, айрим қисмлари бетон устунлар билан океан устидан ўтказилган.

Бу йўлдан юриш чоғида Атлантика океани гўзаллигидан тўла завқ олиш мумкин. Аммо ҳайдовчи бир дақиқа ҳам чалғимасдан ҳушёр бўлиши керак. Чунки исталган вақтда океандан келган тўлқин машинани суриб кетиб, сувга тушириб юбориши мумкин.

Кол де ла Бонет, Франция

Фото: auto.onliner.by

Кол де ла Бонет, Франция – Алп тоғларининг Франция ҳудудидаги қисмида жойлашган энг баланд довон йўли ҳисобланади.

Бу йўл ҳайдовчилар учун жуда ноқулай ва машина бошқариш анча мураккаб ҳисобланади. Бироқ йўлни велосипед ҳайдовчилари анча ёқтиришади. Велоспорт бўйича ўтказиладиган энг нуфузли турнир "Тур де Франс" пойгаси бу ерда тўрт марта ўтказилган.

Тянмэн тоғи йўли, Хитой

Фото: shutterstock.com

Тямэн тоғидаги довондан ўтган йўл дунёдаги энг мураккаб ва қийин йўллардан бири ҳисобланади. Бу йўлнинг 10 км жойида 99 та бурилиш бор ва бундай йўл дунёнинг бирон жойида учрамайди.

Йўлнинг мураккаб қисми бошланадиган жой ва довон тепаси тик баландликда 1 км чиқади. Йўлнинг энг тепа қисми “Осмон дарвозалари” деган машҳур номга эга ва у жойга чиқиб бориш осон эмас.

Сен-Готард довони орқали йўл, Швейцария

Фото: alamy.com

Маълумки, Алп тоғларининг бир қисми Швейцарияда жойлашган ва шу сабабли бу ерда бир нечта довон йўллари бор. Сен-Готард довони орқали йўл улар орасида энг хавфлиси ҳисобланади.

Бир пайтлар Александр Суворов ўз қўшинини Сен-Готард довонидан олиб ўтган ва у шуниси билан ҳам машҳур. Бугунги кунда довонда автомобил йўли илинган, бироқ у ҳайдовчилар учун энг мураккаб йўл ҳисобланади.

Сен-Готард довонидан ўтган йўлнинг асосий қисмида ҳимоя тўсиқлари ўрнатилмаган. Машина ҳаракатланиб кетаётганда уларни чуқур жарликдан озгина масофа ажратиб туради холос.

Довондаги йўл ҳам Тянмэн ва Чилидаги йўл сингари тепага илонизи тарзда буралиб чиқиб кетади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид