Kun.uz’нинг Ҳиндистон экологиясига бағишланган ўрганишлари дунёнинг яна бир ҳавоси энг ифлосланган йирик мегаполиси – Калкуттада давом этади. Бу гал Деҳли ва Мумбайдан фарқли ўлароқ, Калкуттадаги табиий ҳолат бузилишининг бошқа омилларига ҳам тўхталамиз.

Бир неча ҳафтадирки, Ҳиндистондаги экологик вазият бўйича ўрганишларимизни кўп қисмли мақолаларимиз орқали сизлар билан бўлишиб келяпмиз. Турли шаҳарлардаги табиий ҳолатнинг бузилишига кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр станциялари, тирбандликларда каррасига ошадиган автомобил тутунлари, сохта, сифатсиз ёнилғилар, қурилишлардан кўтарилаётган чанглар, цемент заводлари, аҳолида чиқинди ташлаш маданиятининг йўқлиги, ўз ҳолига ташлаб қўйилган саноат корхоналари чиқараётган карбонат ангидрид, ишлов берилган сигир гўнги ёқилғиси каби биомассалар ва ҳатто шовқиндан ҳам зарарланиш ҳолатлари сабаб бўлаётганини рақамлар, тасвирлар орқали кўрсатиб бердик.

Санаб ўтилган аксар омиллар пойтахтимиз Тошкент ва қолган ҳудудлардаги ҳаво ифлосланишининг келиб чиқишига жуда мос келишини ҳам инкор қила олмаймиз, тўғрими? Ҳиндистоннинг 3-йирик шаҳри Калкутта ҳам бу сабаблардан холи эмас. Бугун гапни чўзиб, яна шу омилларга тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз. Чунки Калкуттада буларга қўшимча табиий ҳолатни бузиб, атроф-муҳитга зарар келтираётган бошқа улушдорлар ҳам бор.

“Очиқ осмон остидаги музей” – Калкутта

Турли русумдаги жимжимадор безатилган бу эски автобусларнинг бунчалик кўплигини кўриб, гўё Ҳиндистоннинг фойдаланиш муддати тугаган бутун жамоат транспортлари Калкуттага олиб келингандек тасаввур уйғонади кишида. Бу шаҳарга “очиқ осмон остидаги ретро автобуслар музейи” мақомини ҳам ҳеч иккиланмай бериш мумкин.

Ёки “ҳаракатдаги тоза ҳаво кушандалари” салбий мақомини ҳам шу автобуслар учун қўлласа бўлади. Чунки Калкуттадаги минглаб бундай эски автобуслардан атрофга чиқаётган заҳарли газлар йиғилиб бориб, бутун шаҳар экологиясига салбий ҳиссасини қўшаётганини юқорида айтиб ўтдик. Албатта, фақат бу турдаги жамоат транспортларини айбдор қилиш фикридан йироқмиз. Уларга яна бир “кўмакчи” бор. Бу – Амбассадор таксилари.