АҚШ Гуржистонда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун илгари сурилаётганидан хавотирда
Давлат департаментига кўра, Гуржистон расмийларининг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни қабул қилишга бўлган янги уриниши мамлакатни евроинтеграциядан узоқлаштиради.
АҚШ Давлат департаменти ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясининг бир йил аввал мамлакатдаги норозилик намойишлари туфайли қайтариб олинган «чет эл агентлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини парламентга қайта киритиш ниятидан чуқур хавотирда. Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллер 5 апрел, жума куни X ижтимоий тармоғида бу қонун «Гуржистонни Европа йўлидан четлаштиради ва фуқаролар ҳаётини яхшилайдиган жамоат ташкилотларига зарар етказади», деб ёзди. У Гуржистон расмийларини «ЕИга қўшилиш ҳаракатларида тўхтамасликка» чақирди.
Аввалроқ «Гуржистон орзуси» партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Мамука Мдинарадзе «партия сиёсий кенгаши билан маслаҳатлашувлар натижасида» янгиланган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга қайтаришга қарор қилинганини билдирганди. Гуржистоннинг «Формула» телеканалига кўра, унинг матнидаги ягона ўзгариш - «чет эл агенти» атамаси «хорижий давлат манфаатлари йўлида фаолият юритувчи ташкилот» ибораси билан алмаштирилган.
Гуржистон бош вазири Кобахидзе Шолц билан учрашади
Германия ҳукумати, худди Қўшма Штатлар каби, «Гуржистоннинг ўзида, шунингдек, хориждаги жамоатчилик сўзсиз салбий реакциясига қарамай», мамлакат расмийлари баҳсли қонун лойиҳасини муҳокама қилишга қайтганидан афсусда эканлигини билдирди.
«Матбуот ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳар қандай демократия ва ЕИга кириш учун муҳим шартлар асосидир», - дея таъкидлаб ўтди Германия ТИВ матбуот котиби Себастян Фишер.
Бу мавзу, бошқалари қатори, катта эҳтимол билан Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзенинг 12 апрел, жума куни Германияга бўлажак ташрифи чоғида муҳокама қилинади. Берлинда у федерал президент Франк-Валтер Штайнмайер билан учрашиши ва канцлер Олаф Шолц билан тушлик доирасида музокара олиб бориши режалаштирилган.
Қонун бир йил аввалги намойишлардан сўнг қайтариб олинганди
«Гуржистон орзуси» партияси мамлакат сиёсий ҳаётида демократик қадриятлардан кўра, Кремл кун тартибига ўхшаш позицияни илгари сургани учун бир неча бор танқид нишонига айланган.
«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 2023 йилда РФнинг Украинага ҳужуми бошланганидан кўп ўтмай «Гуржистон орзуси» собиқ депутатлари томонидан асос солинган ва аниқ Ғарбга қарши позицияни эгаллаган «Халқ кучи» ижтимоий ҳаракати томонидан кўриб чиқиш учун парламентга тақдим этилган эди. Бир қатор экспертлар «Халқ кучи»ни Гуржистон ҳукуматининг лойиҳаси, деб ҳисоблайди.
Қонун лойиҳаси матнида мамлакатда 20 фоиз молиялаштиришни хорижий ҳомийлардан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини ўз ичига олиши керак бўлган реестр яратиш кўзда тутилган. Реестрга киритилган ташкилотлар ва жисмоний шахслар солиқ декларациясини тақдим этиши, бундан ташқари, уларга давлат органларидан ҳар қандай маълумот олиш тақиқланиши кўзда тутилган эди. Шунга ўхшаш чоралар РФдаги шу каби қонун билан солиштирилади.
Қонун лойиҳаси парламентда биринчи ўқишда «Гуржистон орзуси» ва «Халқ кучи» томонидан кўпчилик овоз билан қабул қилинди. Бироқ бу мамлакатда оммавий норозилик тўлқинига олиб келди, шундан сўнг ҳужжатнинг кейинги муҳокамаси кун тартибидан олиб ташланди.
Мавзуга оид
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
09:15 / 12.11.2024
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
16:42 / 11.11.2024