Ўзбекистон | 17:08 / 08.04.2024
5609
3 дақиқада ўқилади

6 йилдан бери техник синовдан ўтмаган автобуслар фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмоқда – Сенат

​​​​​​​2018 йилдан бери техник синовдан ўтказилмаган STG-3 русумидаги баллонларга эга 300 дан ортиқ автобус ҳали ҳам йўналишларга чиқиб, йўловчиларга хизмат кўрсатаётгани аниқланди. Ҳолат юзасидан бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовга сенаторлик сўрови юборилди.

Фото: Kun.uz

Техник кўрикдан ўтказилмаган газбаллонли 300 дан ортиқ автобуслар ҳали ҳам аҳолига хизмат кўрсатмоқда, деб хабар берди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 815-сонли қарори билан “JV MAN Auto-Uzbekistan” МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган “MAN A 22 SNG” русумли автобусларга истисно тариқасида STG-3 русумидаги газбаллонларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишга рухсат берилган.

Ҳужжат билан “Ўзавтосаноат” АЖ қошида замонавий юқори технологияли синов лабораториясини ташкил этиш, кейинчалик уларни зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва STG-3 (LNG-3) русумидаги газбаллонларини синовдан ўтказиш бўйича мутахассислар тайёрлаш, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан аккредитациядан ўтказиш белгиланган. Бироқ Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси 6 йилдан бери ҳукуматнинг ушбу қарори талаби ижро этилмаганини қайд этди.

Таъкидланишича, “JV MAN Auto-Uzbekistan” МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган, STG-3 русумидаги баллонлар билан жиҳозланган 300 дан ортиқ автобус 2018 йилдан бери техник синовдан ўтказилмаган. Шунга қарамай, бу автобусларда ҳанузгача йўловчилар ташилмоқда.

Бу эса минглаб, балки миллионлаб фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига реал хавф туғдирмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида автобус ва бошқа транспорт воситаларига ўрнатилган газбаллонларининг портлаши билан боғлиқ содир бўлаётган ҳолатлар бунга яққол мисолдир”, – дейилади Сенат хабарида.

Шунингдек, қўмита бу жараёнда Тошкентга келтирилиб, йўналишларга қўйилган Хитой компаниясининг автобусларига ҳам эътибор қаратиши лозимлигини билдирган. Бу автобусларнинг STG-3 русумли газбаллонларини ҳам техник синовдан ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовга сенатор сўровини юборган.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 815-сонли қарорида белгиланган юқори технологияли синов лабораториясини ташкил этиш ва STG-3 (LNG-3) русумидаги газбаллонларини синовдан ўтказиш бўйича мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан аккредитациядан ўтказиш бўйича вазифанинг ижроси нима учун таъминланмагани ҳамда мазкур лабораторияларни ташкил қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан тушунтириш бериш сўралган.

Юборилган сенатор сўровининг жавобини Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида муҳокама қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда ҳам Сенат қўмитаси худди шу мавзуни кўтариб, ҳукуматни хавфсизлиги тўлиқ кафолатланган газбаллонларини Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқаришни рағбатлантирмаётганликда айблаганди.

Мавзуга оид