Жаҳон | 20:44 / 12.04.2024
4853
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтиш жиноятлар рўйхатига киритилди 

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар санкцияларни бузганлик учун самарали ва мутаносиб тарзда жазоланишини таъминлаши керак. 

Фото: Reuters

Европа Кенгаши аъзо давлатларда Европа Иттифоқи санкцияларини бузиш ёки четлаб ўтиш учун жавобгарликка тортиш бўйича умумевропа қоидалари бўйича директивани тасдиқлади. Директивада аъзо давлатлар муайян хатти-ҳаракатларни жиноий ҳуқуқбузарликлар сифатида белгилаши шарт. 

Буларга қуйидагилар киради:

- саёҳат тақиқини четлаб ўтиш учун Европа Иттифоқининг чекловчи чораларига дучор бўлган шахсларга ёрдам бериш,

- санкцияланган товарлар савдоси ва Европа Иттифоқининг чекловчи чоралари қўлланиладиган давлатлар ёки ташкилотлар билан шартномалар тузиш;

- молиявий хизматлар кўрсатиш ёки тақиқланган ёки чекланган молиявий фаолиятни амалга ошириш;

- Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлган шахс, юридик шахс ёки орган томонидан маблағлар ёки иқтисодий ресурсларга эгалик қилишини яшириш. 

Ушбу жиноятларга ёрдам бериш ва ундаш ҳам жиноят сифатида жазоланади. 

Ҳарбий материаллар савдоси нафақат қасддан содир этилган бўлса, балки жиддий эҳтиётсизлик юзасидан бўлса ҳам жиноий жавобгарликка тортилади. 

Аъзо давлатлар ЕИ санкцияларини бузганлик учун самарали ва мутаносиб тарзда жазоланишини таъминлаши керак, улар жиноятга қараб фарқланади. Бироқ, санкцияларни қасддан бузиш энг юқори жазо сифатида қамоққа олиб келиши лозим. Европа Иттифоқининг чекловчи чораларини бузганлар қўшимча жаримага тортилиши мумкин. 

Агар жиноят ташкилотда юқори лавозимни эгаллаган шахс томонидан содир этилган бўлса, юридик шахслар (яъни компаниялар) ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин. Бундай ҳолларда санкциялар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун рухсатномалар ва лицензияларни бекор қилишни ўз ичига олиши мумкин. 

Директива Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилганидан кейин йигирманчи куни кучга киради. Аъзо давлатлар директива қоидаларини ўз миллий қонунчилигига киритиши учун 12 ой мухлатга эга. 

Мавзуга оид