Ғазода яраланган журналистлар, Эрон–Исроил тўқнашуви эҳтимоли ва Исроилни тарк этган Samsung — 13 апрел дайжести
Дунёда содир бўлган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан анъанавий тарзда таништириб боришда давом этамиз.
Ғазодан хабарлар
Исроилнинг оккупацион армияси TRT Arabi журналистларига ҳужум қилган. Журналистлар кетаётган автокарвонга қарата танклардан ўқ узилгани хабар қилинмоқда.
Туркиянинг араб тилида эфирга чиқувчи телеканалининг мухбири Сами Бергум мўъжиза туфайли омон қолган. Мустақил оператор Сами Шаҳода эса оғир тан жароҳатлари олган ва унинг оёғини кесиб ташлашган.
«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг маълумотларига кўра, Ғазода ўлдирилган журналистлар сони аллақачон 100 дан ошиб кетган.
Ғазодаги ҳукумат матбуот хизматига кўра, Исроил «янгиликлар ва ахборотлар минтақа ва дунёга чиқмаслиги учун, фактларни яшириш учун, Фаластин томонининг овозини ўчириш учун қасддан журналистларни ўлдирмоқда».
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, қамал қилинган экславда урушнинг 188-кунига келиб, ўлдирилганлар сони 33 минг 634 кишига етган. Ярадорлар 76 минг 214 кишини ташкил этмоқда.
Биргина сўнгги сутка ичида Исроил қўшинлари 8 та оммавий қирғин уюштириб, 89 кишининг ўлимига ва 120 кишининг яраланишига сабаб бўлган.
Эроннинг Исроилга ҳужуми
Эроннинг Исроилга ҳужуми 12 апрел куни рўй бериши мумкин, деб хабар қилди CBS News. Ушбу кўрсатувимиз эфирга чиққанида тахмин ўзини оқлаган-оқламаганини билиб оласиз. Телеканал манбаларига кўра, Эрон 100 дан ортиқ камикадзе дронлар ва қанотли ракеталар билан Исроил ҳарбий объектларига ҳужум қилишни мақсад қилган.
Эрон 1 апрел куни Сурия пойтахтидаги ўз консуллигида ҳарбий қўмондонлари Исроил томонидан ўлдирилгани учун қасос олишни ваъда қилган эди.
Агар Эрон Исроилга ҳужум қилса, бунга жавобан Исроил янги типдаги бомбалар билан жавоб қайтарилишини маълум қилган, деб хабар беради Maariv нашри.
Бу электромагнит бомба бўлиб, у пойтахт Теҳрон ва ядровий объектлар ва йирик саноат шаҳарларига ташланади. Электромагнит импулслари тарқатадиган бомба инсонларга ва биноларга зарар етказмайди, бироқ барча электрон ускуналарини ишдан чиқаради.
Бомба ташланса, Теҳрон инфратузилмасининг катта қисми дарҳол ишдан чиқади ва бундан Исроил бошқа мақсадларида ҳам фойдаланиши мумкин.
Дарвоқе, агар Эрон – Исроил тўқнашуви рўй берса ва бунга АҚШ аралашса Қатар ва Кувайт можаро янада авж олмаслиги учун ўзида жойлашган ҳарбий базалардан Эронга қарши фойдаланишга изн бермаслигини маълум қилди.
Украинадаги уруш
Украина агар 2024 йилги Россия қарши ҳужумига дош бера олса, 2025 йилда яна бир қарши ҳужумни бошлашни режалаштирмоқда, деб ёзади Франциянинг Le Figaro нашри.
Ғарб мулозимларининг сўзларига кўра, Киев икки йиллик урушдан буён айни дамда жуда ожиз ҳолатда қолган. Фронт чизиғи бўйлаб Украина кучларининг хонавайрон бўлиши ва Россиянинг ёриб ўтиши хавфи мвжуд.
Россия кучлари томонидан тинимсиз ракета харбалари ва авиация томонидан бомбардимон қилишлар, шунингдек Украина қуролли кучларида ўқ-дори етишмовчилиги Украинадаги ҳарбий можаро кескин бурилиш нуқтасига етиб келганини билдирувчи хавотирларни кучайтирмоқда.
Оқ Уй вакили Конгресс Украинага ҳарбий ёрдам беришни зудлик билан маъқуллаш борасида чоралар кўриши кераклиги, бундан ўзга йўл йўқлигини таъкидлаган.
Француз ҳарбийлари урушда ким биринчи сафарбарлик уюштирса ўша ғолиб чиқишини айтишмоқда, бироқ ҳар икки томон бу борада кескин қадам ташламаяпти. Украина жамияти урушдан чарчаган, Кремл эса ички қарама-қаршиликни кучайтирмаслик учун одамларга ёқмайдиган қарор қабул қилишдан ўзини тиймоқда.
Қозоғистондаги сув тошқини
Қозоғистонда сув тошқини оқибатида эвакуация қилинганлар сони 100 мингга яқинлашган.
Қозоғистоннинг саккиз ҳудудида фавқулодда вазият режими амал қилиб турибди. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотларига кўра, авария-қутқарув хизматлари 9 миллион метр куб сувни тортиб олишган, 1,6 миллионта қум тўлдирилган қоплар тахлаб чиқишган. Шунингдек, 1,2 миллион тонна қўзғалмас материаллардан тўсиқлар қурилган.
Қозоғистонда қиш қаттиқ келгани сабабли, тупроқ чуқур музлаган ва дарёдан баҳорги эришда тошган сув ерга сингимасдан бемалол ҳаракатланиши туфайли тошқинлар кузатилмоқда. Сўнгги 80 йилдаги энг йирик тошқин деб баҳоланган табиий офатдан 60 та аҳоли пункти жабр кўрмоқда. Тошқин туфайли юзлаб километр йўлларда ҳаракат чекланган.
Россиянинг Қозоғистон билан чегарадаги Оренбург областида ҳам Урал дарёсида сув сатҳи кўтарилиши оқибатида юзага келган сув тошқинлари давом этмоқда.
12 апрел куни Оренбургнинг айрим районларида аҳоли ёппасига эвакуация қилинишини эълон қилинди. Аҳолиси ярим миллион кишидан ошадиган шаҳарда 4963 та томорқа ва 2687 та уй сув остида қолган, сўнгги бир куннинг ўзида 995 та участка ва 361 та уйни сув босган.
Европа парламентида суриштирув
Белгия Европа парламенти депутатларининг Россия томонидан сотиб олингани борасида тергов-суриштирув ҳаракатларини бошлади.
Россия Европа парламентининг айрим депутатларига улар пропагандани тарқатиши ва июн ойда бўладиган сайловларда имкон қадар кўпроқ иттифоқчиларини Европа Иттифоқи қонун чиқарувчи органига олиб киришлари учун пул тўлаган. Аралашув фактини Белгия разведкаси аниқлаган, прокуратура тергов-суриштирув ҳаракатларини бошлаган, деган Белгия бош вазири Александр де Кро.
«Разведкамиз маълумотларига кўра, Москванинг мақсади аниқ-равшан. Имкон қадар кўпроқ россияпараст номзодларни парламентга олиб кириш ва бу институтда россияпараст нарративни кучайтириш», — деган де Кро.
Samsung Исроил билан хайрлашди
Жанубий Кореянинг глобал инвестициялари жамланган, мобил телефонлар ишлаб чиқарувчи Samsung Next компанияси 70 дан ортиқ стартап лойиҳаларини йиғиштириб, Исроил бозорини тарк этишга қарор қилди.
Компания Исроилни тарк этишига сабаб қилиб, Ғазо секторига ҳужум ва фойда меъёрининг камайганини кўрсатган. Бойкот, чекловлар ва санкциялар ҳаракати BDS сайтига кўра, Samsung даромади ўтган йилда 56 фоизга камайган.
Россия нефт заводларига зарба
Украинага Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишловчи заводларга зарба берганидан сўнг Россиянинг нефт ортидан даромадлари 20 фоизга тушиб кетган.
Март ойида нефт ва нефт маҳсулотлари экспортидан Россия 9,3 млрд доллар тушум олган, дейилади Халқаро энергетика агентлиги ҳисоботида. Феврал ойига солиштирилганда, Россия иқтисодиётининг бу борадаги даромадлари гарчи экспортнинг жисмоний ҳажми ошганига қарамасдан, 20 фоизга ёки 2 млрд долларга пасайган.
Reuters ҳисоб-китобларига кўра январ-март ойиларида Россиянинг камида 10 та нефт заводи дронлардан жабр кўрган.
Мавзуга оид
13:34 / 16.11.2024
Фаластин халқини қўллаган БМТ, Трамп билан гаплашган Зеленский ва Абхазиядаги намойишлар — кун дайжести
13:57 / 15.11.2024
Таълимсиз қолган Ғазо болалари, соқолини олган Пашинян ва ўзидан кетаётган Илон Маск — кун дайжести
14:12 / 14.11.2024
Ливанга қўйилган талаб, сионист элчини танлаган Трамп ва Севастополда портлатилган флот қўмондони — кун дайжести
14:20 / 13.11.2024