Жаҳон | 21:43 / 01.05.2024
6480
2 дақиқада ўқилади

АҚШ суди Binance криптовалюта биржаси асосчисини 4 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди

Чанпэн Чжао биржада ноқонуний фаолиятни молиялаштириш билан боғлиқ транзакциялардан хабардор бўлгани исботланди. Қамоқ жазосидан ташқари у 50 миллион доллар жарима ҳам тўлайдиган бўлди. 

Фото: AFP

АҚШ суди дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси Binance асосчиси Чанпэн Чжаони 4 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди. 

Суд 47 ёшли Чжаони АҚШ пул ювишга қарши кураш қонунларини бузганликда айбдор деб топди. Айбловга кўра, Binance раҳбарияти терроризм, болалар порнографияси ва бошқа ноқонуний фаолиятни молиялаштириш билан боғлиқ транзакциялардан хабардор бўлган - бироқ платформа бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларини хабардор қилмаган. 

Чжао ўз айбини тергов билан келишувининг бир қисми сифатида тан олди ва Binance раҳбари лавозимини тарк этди. Суд уни прокуратура талаб қилганидан (3 йил) камроқ муддатга жазолади. Шунингдек, Чжао 4 ойлик қамоқдан ташқари, 50 миллион доллар жарима тўлаши керак. 

Чжао дунёдаги энг бой одамлардан бири. У Forbes миллиардерлар рўйхатида 50-ўринни эгаллаб турибди, унинг бойлиги 33 миллиард долларга баҳоланган. 

Март ойида FTX криптобиржаси асосчиси Сэм Бэнкман-Фрид Қўшма Штатларда 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У мижозлар пулини ўғирлашда айбдор деб топилди. Банкрот бўлишдан олдин ушбу биржа Binance биржасининг асосий рақобатчиларидан бири эди.

Мавзуга оид