21:27 / 03.05.2024
2323

Ўзбекистонда Хитой билан ҳамкорликда чиқиндиларни ёқиш заводини қуриш режалаштирилмоқда

Заводнинг дастлабки лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Хитойдан эксперт гуруҳини чақириш бўйича келишувга эришилган. 

Фото: Экология вазирлиги

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва China CAMC Engineering компанияси раиси Ван Бо ўртасида учрашув бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистонда чиқиндиларни ёқиш электр станцияси лойиҳаси бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

Қайд қилинишича, Ўзбекистондаги чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ўрганиш ва ташкил этиш ҳамда республика раҳбариятига тақдим этиш учун заводнинг дастлабки лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Хитойдан эксперт гуруҳини юбориш бўйича келишувга эришилган. 

Бундан ташқари, экотуризм соҳасида ҳамкорлик қилиш ва Самарқанд вилоятининг тоғли ҳудудларида янги канат йўлини қуриш имкониятлари кўриб чиқилган. 

Шунингдек, томонлар ҳаво сифати мониторинги ва экологик қоидабузарликларга жавоб беришнинг онлайн тизими ҳамда чиқиндиларни йиғиш ва ташиш ускуналарини кузатиш тизими билан танишиш мақсадида диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказини кўздан кечирган.

Top