АҚШ Хитойдан электромобиллар ва бошқа товарларга божларни оширди
Хитойдан импорт қилинадиган 18 миллиард долларлик товарларга божлар оширилди. Оқ уй буни ишчилар ва компанияларни ХХРнинг «адолатсиз савдо амалиёти»дан ҳимоя қилиш билан изоҳлади.
Қўшма Штатлар «Америка ишчилари ва компанияларини» Хитойнинг «адолатсиз савдо амалиёти»дан ҳимоя қилиш учун Хитойдан 18 миллиард долларлик электр транспорт воситалари, ярим ўтказгичлар ва бошқа товарлар импортига тарифларни оширмоқда. Бу ҳақда Оқ уйнинг 14 май, сешанба куни чоп этилган пресс-релизида айтилади.
«Хитойнинг технология трансфери, интеллектуал мулк ва инновациялар билан боғлиқ адолатсиз савдо амалиёти америкалик бизнес вакиллари ва ишчиларга таҳдид солмоқда. Хитой жаҳон бозорларини сунъий арзон нархлардаги экспорт маҳсулотлари билан тўлдирмоқда», - деб ҳисоблайди Вашингтон. Айни пайтда, АҚШ президенти Жо Байденнинг иқтисодий режаси «Америка иқтисодий келажаги ва миллий хавфсизлиги учун муҳим бўлган асосий тармоқларга сармоя ва иш ўринларини яратишни қўллаб-қувватлашга қаратилган», дея таъкидланади маълумотда.
Электромобиллар, аккумуляторлар, қуёш панеллари
Шу муносабат билан Вашингтон Хитойдан импорт қилинадиган айрим маҳсулотлар, хусусан, электромобиллар учун божларни жорий йилда 25 фоиздан 100 фоизга; электр транспорт воситалари учун литий-ионли аккумуляторлар ва бундай аккумуляторлар учун эҳтиёт қисмлар учун - 7,5 фоиздан 25 фоизгача; қуёш панеллари ва улар учун эҳтиёт қисмлар учун - 25 фоиздан 50 фоизгача оширади. Бундан ташқари, Хитойдан айрим пўлат ва алюминий маҳсулотлари (0-7,5 фоиздан 25 фоизгача), баъзи муҳим фойдали қазилмалар (0 фоиздан 25 фоизгача), кранлар (0 фоиздан 25 фоизгача) ва баъзи тиббий маҳсулотлар (шприц, игналарни ўз ичига олган ҳолда - 0 дан 50 фоизгача) импортига тарифлар оширилмоқда.
2025 йилга бориб яримўтказгичлар бўйича тариф ставкаси 25 фоиздан 50 фоизга кўтарилади. Бундан ташқари, 2026 йилгача Хитойдан АҚШга электромобиллар учун мўлжалланмаган литий-ионли аккумуляторларни олиб кириш божлари 7,5 фоиздан 25 фоизга кўтарилади.
АҚШ Россиядан ҳам импортни чекламоқда
14 май куни президент Жо Байден Россиядан кам бойитилган уран импортини тақиқловчи қонунни имзолади. Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан айтишича, бу «фуқаро ядровий энергетикаси бўйича Россияга қарамликни камайтириш ва охир-оқибат йўқ қилиш орқали» Қўшма Штатларнинг «энергетика ва иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлайди».
Апрел ойида АҚШ ва Британия Россиядан металлар - алюминий, мис ва никел импортига эмбарго қўйди. Шундан сўнг алюминий ва никелнинг биржа нархлари 9 фоизга кўтарилди.
Мавзуга оид
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
09:15 / 12.11.2024