Иқтисодиёт | 15:25 / 11.05.2024
9137
6 дақиқада ўқилади

Иқтисодий тенгсизликнинг кучайиши Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш суръатини секинлаштирди - Жаҳон банки

Ўзбекистонда 2022-2023 йилларда аҳолининг 10 фоиз энг камбағал қатлами даромади атиги 6 фоизга ўсган. Ўз навбатида, 10 фоиз энг бой қатламнинг даромади 30 фоиздан кўпроққа ошган. Бу эса иқтисодий тенгсизлик муаммосини янада чуқурлаштириши мумкин. 

Фото: AP

Жаҳон банки «Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш йўли: халқаро таққослаш дастури хулосалари» блогини эълон қилди.

«Ўзбекистон камбағаллик даражаси бўйича халқаро миқёсда таққосланадиган ҳисоб-китобларга эга бўлмаган кам сонли давлатлардан бири эди. Ўнлаб йиллар давомида мамлакат камбағалликни дунёнинг бошқа мамлакатлари билан тўғридан тўғри таққослашга тўсқинлик қиладиган тарзда ўлчаб келди. Бу эса Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар қанчалик самарадор эканини тушунишни қийинлаштирди.

Бироқ 2017 йилдан бошлаб, мамлакат Халқаро таққослаш дастурида иштирок эта бошлагач, Ўзбекистонда камбағалликни ўлчаш тизими қайта кўриб чиқилди. 2021 йилда Жаҳон банки кўмагида қашшоқликни ўлчашнинг янги методологияси жорий қилинди ва ҳукумат ўз олдига 2026 йилгача камбағаллик даражасини икки баравар камайтиришни мақсад қилиб қўйди», дея таъкидлаган блог муаллифлари.

Ўзбекистонда камбағаллик сезиларли даражада қисқарган

Ўзбекистонда 2015-2022 йилларда камбағаллик даражаси 2 баробарга қисқариб, Европа ва Марказий Осиё давлатлари ичида энг яхши кўрсаткичлардан бирини қайд этган. Хусусан, мамлакатда камбағаллик даражаси 2015 йилдаги 36 фоиздан 2022 йилда 17 фоизгача пасайган. Бу кўрсаткич Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги умумий натижаларга нисбатан яхшироқ. Ушбу даврда умумий миқёсидаги кўрсаткич 13 фоиздан 8 фоизгача камайган.

Уй хўжаликлари даромадининг ошиши камбағалликни камайтиришга ёрдам берган

Блогда миллий камбағаллик чегараси (минимал истеъмол харажатлари) асосида ҳисобланган камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизгача пасайгани келтирилган.

Жумладан, 2021-2023 йилларда қишлоқ жойларида 1,2 млн аҳоли (камбағаллик даражаси 2021 йил – 19,8 фоиз; 2023 йил – 12 фоиз) ва шаҳарларда 400 минг (13,9 фоиз; 10,1 фоиз) аҳоли камбағалликдан чиқарилган. Бунда қишлоқ жойларида камбағалликнинг қисқариши шаҳарларга нисбатан тезроқ кечган.

«Уй хўжаликлари даромадларининг ўсиши қашшоқликни камайтиришнинг асосий омили бўлди. Иш ҳақининг ўсиши камбағалликни қисқартириш бўйича эришилган ютуқларнинг 60 фоизини ташкил этди. Кейинги энг муҳим омил ижтимоий трансфертлардир, чунки ҳукумат аҳолининг айрим гуруҳларини қўллаб-қувватлаш бўйича асосий дастурларни модернизация қилди ва кенгайтирди. Шу билан бирга, пенсия таъминотининг яхшиланиши ҳам ижобий таъсир кўрсатди», дейилади ЖБ блогида.

Даромадлардаги тенгсизлик даражаси кенгая бошлаган

Жаҳон банки экспертлари тенгсизлик даражасининг ортиб бораётганини қайд этган. Бу эса қашшоқлик даражасини камайтириш суръатларини секинлаштирмоқда. Даромадларнинг ўсиши асосан аҳолининг бой қатламлари орасида юз берган.

2023 йилда Жини коэффициенти 0,31 пунктдан 0,35 пунктгача кўтарилган. Натижада камбағаллик даражаси 5,5 фоиз фоизга эмас, балки 3,1 фоизга камайган.

Жини коэффициенти – даромадлар тенгсизлигининг кенг тарқалган ўлчовидир. Бу мамлакат бўйича бутун даромад тақсимотини 0 дан 1 гача бўлган ягона рақамга қисқартиради: бу рақам қанчалик катта бўлса, даромадлар тенгсизлиги даражаси шунчалик юқори бўлади.

Қайд этилишича, 2022-2023 йилларда аҳолининг 10 фоиз энг камбағал қатламлари даромади атиги 6 фоизга ўсган, шу билан бирга 10 фоиз энг бой қатламнинг даромади 30 фоиздан кўпроққа ошган. Шундай қилиб, бой фуқаролар бойлик даражасининг юқори ўсиш суръатлари иқтисодий тенгсизлик муаммосини чуқурлаштирмоқда.

«Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш кам таъминланган уй хўжаликлари даромадларини оширишни талаб қилади. Маълумотлар шуни кўрсатадики, камбағал уй хўжаликлари бир қатор муаммоларга эга. Уларнинг иш топиш эҳтимоли камроқ, аксарият ҳолатларда маълумот даражаси паст ва қарамоғида кўп одамлар бор. Уй хўжаликлари орасида бу ўлчовлардаги тафовутларни камайтириш Ўзбекистонда ўсиб бораётган тенгсизликни чеклаш ва қашшоқликни янада камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда муҳим аҳамиятга эга бўлади», дея хулоса қилган халқаро экспертлар.

Ўзбекистондаги тенгсизликнинг ошиб бораётгани соҳалар ва ҳудудлар кесимида

Статистика агентлиги ҳар чорак якунлари бўйича Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб боради.

Ушбу маълумотлар таҳлил қилинса, ҳудудлар кесимидаги иқтисодий фарқланиш кучайиб бораётганини кўриш мумкин. Хусусан, 2020 йилда энг бой ва энг камбағал ҳудудлардаги (Тошкент/Сурхондарё) ўртача иш ҳақидаги фарқ 74 фоиз, 2021 йилда 85 фоиз, 2022 йилда 2 баробар, 2023 йилда 2,1 баробар бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 2,3 баробарга етган.

Соҳалар кесимида оладиган бўлсак ҳам нисбатан даромади юқори тармоқларда иш ҳақининг ошиши даромади пастроқ соҳаларга нисбатан тезлашган. Масалан, 2019-2023 йиллар оралиғида молия ва суғурта фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 2,77 баробарга ( 4,8 млн сўмдан 13,8 млн сўмга), ахборот ва алоқа соҳасида 2,67 баробарга (3,9 млн сўмдан 10,6 млн сўмга) ошган бўлса, бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасида 95 фоизни (1,5 млн сўмдан 3 млн сўмга), таълим соҳасида 69 фоизни (1,8 млн сўмдан 3,1 млн сўмга) ташкил этган. Яъни таълим ёки соғлиқни сақлаш соҳасида иш ҳақи миқдорининг ошиши бошқа соҳаларга нисбатан секин кечмоқда, бу эса ушбу тармоқда меҳнат қилаётганларнинг йилдан йилга бошқа соҳа вакилларига нисбатан камбағаллашиб боришига олиб келади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда камбағалликнинг янги ўлчови сифатида минимал истеъмол харажатлари жорий қилинганди. Унинг миқдори 2021 йилда 440 минг сўмни ташкил этган, 2022 йил январидан бошлаб эса 498 минг сўм деб белгиланганди. Кейинчалик бу миқдор 2023 йил июл ойида 498 минг сўмдан 568 минг сўмгача, 2024 йилнинг январида эса 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилди. Жорий йилнинг 1 майидан электр энергияси ва газ тарифларининг қимматлашаётгани фонида эса 648 минг сўмга етказилди.

Мавзуга оид