Жаҳон | 14:58 / 22.05.2024
9825
10 дақиқада ўқилади

Нетаняҳунинг ордерини қўллаётганлар, Зеленскийнинг поёнига етган муддати ва Гуржистондаги зиддиятлар — кун дайжести

Ўтган кун мобайнида дунёда содир бўлган воқеалар, ҳодисалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништириб ўтамиз.

Ғазодаги вазият

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича олий комиссари маълумотларига кўра, Исроил Рафаҳга кенг кўламли ҳужум бошлаганидан буён мажбурий кўчирилганлар сони 810 минг кишига етган.

Умуман, Рафаҳга ҳужум бошланганидан буён Ғазодаги вазият тобора оғирлашиб бормоқда. Исроил агрессияси туфайли ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони ўсишда давом этмоқда.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, урушнинг 228-кунига келиб қамал қилинган эксклавда қурбон бўлганлар сони 35 минг 647 кишига етган, ярадорлар 79 минг 852 кишини ташкил қилмоқда.

Сўнгги бир сутка ичида Исроил қўшинлари 5 та оммавий қирғин ўтказишган, уларда 85 киши вафот этган ва 200 киши яраланган.

Ғазода ҳукм сураётган очарчилик туфайли вафот этганлар сони ҳам 35 тага етган. Қурбонларнинг энг сўнггиси уч ойлик чақалоқ бўлди.

Ғазода ўлдирилган журналистлар ҳам 148 тага етди. Ғазо секторидаги Ал-Бариж қочқинлар базасига Исроил армиясининг ҳаводан ҳужуми натижасида фаластинлик журналист Абдуллоҳ ан-Нажкар ҳалок бўлди.

7 октябрдан буён Ғарбий Соҳил ва Ал-Қудсда Исроил ўқларидан 513 киши ҳалок бўлган.

Ҳаага суди ордери

Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррел Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди ордер бериши мумкинлиги ҳақида фикр билдириб, «барча мамлакатлар Халқаро жиноий суд қарорларига риоя қилиши шарт»лигини таъкидлаб ўтган.

«Мен Халқаро жиноий суд прокурорининг Яҳё Синвар, Муҳаммад Деиф, Исмоил Ҳания, Бенямин Нетаняҳу ва Йоав Галлантни ҳибсга олиш учун ордер беришни сўраш ҳақидаги қарорини эътиборга оламан», — деб ёзган у Х ижтимоий тармоғида.

Дипломатнинг таъкидлашича, Халқаро жиноий суднинг ваколати халқаро ҳуқуқ бўйича энг оғир жиноятларни таъқиб қилишдир. «Халқаро жиноят суди низомини ратификация қилган барча давлатлар суд қарорларини бажаришга мажбурдирлар», — дея қўшимча қилган Боррел.

Эслатиб ўтамиз, 20 май куни Халқаро жиноят суди бош прокурори Карим Хон Исроил бош вазири ва Мудофаа вазирлиги раҳбарини ҳибсга олишга ордер беришни сўраган эди. Шунингдек, ҲАМАСнинг уч нафар етакчиси ҳам инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда.

Бу қарор Исроил ва Америка Қўшма Штатларида қораланди. Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч халқаро жиноят судидан Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер сўралганини олқишлаган. Франция ҳам халқаро жиноят суди ва унинг мустақиллигини қўллаб-қувватлашини эълон қилган.

Украинадаги уруш

Украина қуролли кучлари бош штаби украиналик ҳарбийлар Россиянинг «Циклон» ҳарбий кемаси нишонга олингани ҳақида баёнот берди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча кеманинг йўқотилганини тасдиқлагани йўқ.

Украина Бош штаби маълумотларига кўра, 22800 лойиҳасидаги «Циклон» кичик ракета кемаси 19 майга ўтар кечаси аннексия қилинган Севастополга уюштирилган ҳужум асносида йўқ қилинган.

20 май куни кеманинг эҳтимолли йўқ қилингани ҳақида Украина ҳарбий денгиз кучлари спикери Дмитро Плетенчук баёнот берган эди. Унинг сўзларига кўра, бу маълумотнинг тасдиқланиши Қримда қанотли ракеталар ташувчиси бўлган бирорта сувусти кемаси қолмаганидан далолат беради. Россия қолган барча ракета кемаларини Новороссийск портига кўчирган.

Россиянинг «Досье Шпиона» аноним Телеграм канали «Циклон»га иккита ATACMS ракеталари билан зарба берилганини ёзган. Кейинроқ «Astra» ўзининг Севастополдаги шошилинч хизмат манбаларига асосланиб, кема турган бандаргоҳга учта ракета келиб урилганини хабар қилди. «Astra» маълумотларига кўра, ҳужум натижасида «Циклон» чўкиб кетган. Украинанинг «Қрим шамоли» канали ҳам сунъий йўлдошдан олинган тасвирларга биноан кема аниқ нишонга олинганини таъкидлаган.

Россия мудофаа вазирлиги 19 май куни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Қрим узра 9 та ATACMS ракеталари ва битта дронни уриб туширганини хабар қилган эди.

Зеленскийнинг президентлик муддати

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг фикрича, унинг давлат раҳбари сифатидаги ваколат муддати ҳали тугамаган.

«Беш йиллик муддатим ҳали поёнига етмади, чунки мамлакатда ҳарбий ҳолат давом этмоқда», — деган Зеленский Reuters агентлигига берган интервюсида.

Зеленский президент сифатидаги ўз фаолиятини баҳолай олмаслигини қўшимча қилди. «Чунки бу этика жиҳатидан тўғри эмас», — деган у.

Володимир Зеленский 2019 йил апрель ойида Украина президенти этиб сайланганди. У сайловнинг иккинчи турида 73,22 фоиз жамғариб, амалдаги президент Петро Порошенко устидан ғалаба қозонган эди.

2023 йил ноябрида Олий Рададаги фракция раҳбарлари томонидан имзоланган меморандумга кўра Украинада президентлик сайлови уруш тугаганидан кейингина ўтказилиши мумкин. Украина Марказий сайлов комиссияси раиси Олег Диденко ҳарбий ҳолатни инобатга олган ҳолда Украина раҳбарининг 20 майдан кейинги ваколатлари автоматик равишда янги сайловлар ўтказилгунга қадар узайтирилишини айтган. Буни адлия вазири Денис Малюска ҳам тасдиқлаган.

Гарчи Зеленскийнинг давлат раҳбари сифатидаги ваколати расман 20 май куни тугаган бўлса-да БМТ уни Украина президенти деб ҳисоблашда давом этади, деган БМТ бош котиби вакили Стефан Дюжаррик.

«Президент Зеленский биз учун Украина давлат раҳбари ва бош котиб Украина раҳбари билан боғланиш зарурати туғилганда мулоқот қиладиган шахс бўлиб қолади», деган Дюжаррик.

Тактик ядро қуроллари билан машғулот

Россия Мудофаа вазирлиги тактик ядро қуроллари билан машғулотлар бошланганини эълон қилди. Машғулотлар «ғарб расмийларининг Россияга қарши провокацион баёнотлари ва таҳдидларига жавобан» ўтказилмоқда.

Россия Мудофаа вазирлигига кўра қўшинлар ностратегик ядро қуролларини тайёрлаш ва қўллаш бўйича амалий машғулотларни Жанубий ҳарбий округда бошлаган.

Ушбу босқич доирасида округ тузилмалари «Искандер» оператив-тактик ракета мажмуаси учун ўқ-дориларни қабул қилиш, шунингдек, ракеталарни учиришга тайёргарлик кўриш учун яширин равишда позиция зонасига ўтиш амалиётини бажаради.

Машғулотлар давомида Россия Аэрокосмик кучларининг авиация қисмлари ўз навбатида «авиация қуролларини» махсус жанговар бўлинмалар, шу жумладан «Кинжал» гипертовушли ракеталари билан жиҳозлашни ва белгиланган патрул ҳудудларига учишни машқ қилади.

Россия газига чеклов

Европа Иттифоқи Россия табиий гази ва суюлтирилган табиий газини биргаликдаги харидлар рўйхатидан чиқариб ташлади.

Европа Иттифоқи кенгаши блок давлатлари томонидан газни биргаликдаги харид қилиш механизмида Россия ва Беларус иштирок этмаслиги тўғрисидаги дериктивани маъқуллаган. Украинага очилган урушга жавобан ишга туширилган механизмга кўра, газ омборларига ҳайдалаётган газнинг 15 фоизи тўғри келади. Чекловлар қувур орқали ҳайдаладиган табиий газга ҳам, суюлтирилган табиий газга ҳам тааллуқли.

Сешанба куни Европа Иттифоқи кенгаши томонидан қабул қилинган ҳужжатга кўра, табиий газ, суюлтирилган табиий газ ва водороднинг ички бозорлар учун умумий қоидалари жорий этилади, шунингдек, Европа Иттифоқининг газга оид қонунчилигини ислоҳ қилиш назарда тутилган.

Энди давлатлар «ўзларининг хавфсизликка доир муҳим манфаатларига дахл қилинадиган ўринлар»да Россия ва Беларус орқали келадиган газга нисбатан қувватлар захирасини чеклаш воситасига эга бўлишмоқда.

Европа Иттифоқи 2027 йилгача Россия газидан тўлиқ воз кечиш мақсадини ўз олдига қўйган. Ҳозирча «Газпром» 5 та қувурдан иккитасидан, ҳаттоки Украина ҳудуди орқали Европага газ етказишда давом этмоқда. Суюлтирилган табиий газ хариди ҳажми эса Украинадаги уруш йилларида ҳаттоки ўсган.

Гуржистондаги зиддиятлар

Европа кенгашининг Венеция комиссияси Гуржистоннинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунини ўрганиб чиқди ва унинг «асосий камчиликларини» кўрсатди.

«Қонун орқали демократия учун» Европа комиссияси Гуржистон ҳукуматига «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилишдан воз кечишни «қаттиқ тавсия қилди».

Қонуннинг ҳозирги кўринишидаги «асосий камчиликлари» уюшмалар ва сўз эркинлиги, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, жамоат ишларида иштирок этиш ҳуқуқи учун «катта салбий оқибатларга олиб келади», дейилади комиссия хулосасида.

«Гўёки очиқликни таъминлашга қаратилган қонун хориждан ўз маблағларининг озгина қисмини ҳам оладиган уюшмалар ва оммавий ахборот воситаларини қоралаш, овозини ўчириш ва охир-оқибат тугатиш хавфига олиб келади», деб таъкидлайди Европа Иттифоқи комиссияси.

Экспертларнинг фикрича, Гуржистон ҳукуматини танқид қилувчи уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари зарар кўради, бу эса мамлакатдаги плюрализм ва демократияга салбий таъсир қилади.

14 май куни Гуржистон парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилган эди. Янги қоидага кўра, молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари «чет эл агенти» сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт.

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили 18 май куни қонунга вето қўйган, бироқ «Гуржистон орзуси» партияси парламентдаги кўпчилик овоз билан уни четлаб ўтиши мумкин. 

Мавзуга оид