«ЎзТренд» жамоаси улар ҳақида ҳикоя қилувчи янги мултимедиа лойиҳасини бошлади. Лойиҳа «Эко-қочқинлар учун плейлист» деб аталади.

Хўш, бу тоифага кимлар киради? Қандай сабаблар туфайли одамлар ўзларининг кичик ватани — уйларини тарк этишга мажбур бўлмоқда?! Ўз-ўзидан маълумки, улар ташлаб кетаётган ҳудудларда ичимлик суви, озиқ-овқат, яйлов ва экин майдонлари қисқариши шундай йўл тутишга мажбур қилмоқда. Лойиҳа ўз олдига ана шундай эко-қочқинлар оқимининг йўналишларини кузатиб бориш ва янгиларини топишни мақсад қилиб қўйган.

Биринчи йўналишнинг узунлиги 125 километрни ташкил этади. Бу — Мўйноқдан Нукусгача бўлган йўл. Лойиҳада мавзу қаҳрамонларининг кечинмалари — глобал иқлим ўзгариши даврида яшашга мажбур бўлган оддий одамлар ҳикоялари сўзлаб берилади.

* * *

Ўзбекистонда замонавий экологик миграцияни ўрганишни Нукус шаҳрининг шарқий чеккасидаги Қўшкўлдан (қорақалпоқчада Қўскўл) бошлаш керак. Балким куни келиб, бу маскан дунёнинг барча энциклопедияларида «Илк эко-қочоқлик даври» тарихий ёдгорлиги сифатида қайд этилар...

Қўшкўл маҳалласининг харитадаги ўрни

Харитага назар ташласангиз, посёлкага ном берган шу номдаги кўлнинг жанубида бирорта ҳам тўғри кўча йўқлигини кўрасиз. Бу илгари Орол денгизи соҳилларида яшаб, жанубга бу ердан қочиб келган одамлар томонидан бошланган стихияли хаотик қурилиш оқибатидир.

Қўшкўл маҳалласидаги хаотик қурилишларнинг коинотдан тасвири.

Қаҳрамонимиз — собиқ Балиқ назорати инспектори Жолдасбай Абсаметов бундан қирқ йил илгари ишсиз қолади. Денгиз йўқ — демакки, балиқ ҳам йўқ. Балиқчи бўлмаса — балиқ овлаш назорати ҳам йўқ. У оиласи билан собиқ порт шаҳри Мўйноқни тарк этиб, 1984 йилда Қорақалпоғистон пойтахти чеккасидаги бўш жойдан қўним топади.

Жолдасбай Абсаметов

«Менинг бошпанам йўқ эди. Экологик қочқинлар ўзлари учун янги уйлар қурди. Бу ерлар бўш эди. Ҳамма ўзи хоҳлаган жойида уй қуриб олди», – деб бошидан ўтказган дамларини хотирлайди Жолдасбай оға.