20:14 / 29.05.2024
20333

Пляжга 10 мингта пластик ўрдак: Экология вазирлиги “Янги Ўзбекистон” боғини огоҳлантирди

“Янги Ўзбекистон” боғи 1 июн – Болалар кунида боғдаги пляжга 10 мингта ўйинчоқ ўрдак ташланишини эълон қилди. Экология вазирлиги буни кескин қоралаб, қонунчиликка биноан жавобгарликдан огоҳлантирди. Пластик буюмлар узоқ муддат чиримаслиги сабаб чиқинди сифатида табиатга катта зарар етказади.

“Янги Ўзбекистон” эълон қилган реклама видеосидан кадрлар

Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” боғи 1 июн – Болалар куни муносабати билан ташкил этиладиган тадбирларни эълон қилди. Улар орасида шу куни соат 12:00 да боғдаги пляжга пластикдан ясалган 10 мингта ўйинчоқ ўрдакни ташлаш режаси ҳам бор.

Маъмуриятнинг қайд этишича, бундан мақсад – болаларга яхши кайфият улашиш.

Боғнинг бу ҳақда Instagram'да берган эълони остида кўплаб ўзбекистонликлар пластик экология учун зарарли эканини таъкидлаб, боғнинг бу ниятини танқид қилди.

Бу ҳолатни, шунингдек, Экология вазирлиги ҳам кескин қоралади.

“Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бундай хатти-ҳаракатларни кескин қоралайди ва бундай ҳолатлар қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлишини маълум қилади”, – дейилади вазирлик баёнотида.

Экология органига кўра, бундай хатти-ҳаракатлар “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларни қўпол равишда бузиш ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади. Вазирлик вакиллари воқеа жойига чиқиб, мутасаддилар билан тушунтириш ишлари олиб борган ва жавобгарлик тўғрисида қатъий огоҳлантириш берган.

“Пластик буюмлар узоқ муддат чиримайди ва чиқинди сифатида табиатга катта зарар етказади. Шундай экан, ўзимиз ва фарзандларимиз яшаб турган табиатни тоза сақлашга, асраб-авайлашга ҳисса қўшайлик!” – дейилади Экология вазирлиги баёнотида.

Top