21:03 / 30.05.2024
4560

30 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Toshkent City’да сотилаётган банк бинолари, стадионга Captiva’сида бостириб кирган безори, Хоразмда тузилган шикоятчилар рўйхати ва пишиши кечикаётган гилос — Ўзбекистонда 30 май куни юз берган муҳим воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликлар шарҳи билан таништирамиз. 

Банкларнинг осмонўпар бинолари сотилмоқда

Давлат банкларининг Toshkent City'даги бинолари сотувга қўйилди. Бу бинолар қурилаётган чоғда фаоллар ҳозирги замонавий дунёда банклар кўпқаватли офислардан қочаётгани, банклар рақамлашаётгани интернетга кўчаётгани ва бундай биноларни қуриш самарасиз ҳаракат экани ҳақида огоҳлантиришганди.

Мана, кўп ўтмасдан Саноатқурилишбанкнинг 33 қаватли, “Асакабанк” ва “Алоқабанк”нинг 26 қаватли бинолари (бизнес марказлар) сотиладиган бўлди. Давлат активларини бошқариш агентлигига кўра, инвесторларнинг қизиқишига қараб, мазкур бинолар тўлиқ ёки лотларга бўлган ҳолда сотилиши мумкин.

Қизиғи шундаки, мазкур банкларнинг бинолари Хитойдан олинган юқори фоизли кредитлар эвазига, хитойлик ишчилар томонидан барпо этилган.

Энди ҳозирча номаълум бўлган инвесторларнинг бу бизнес марказларини сотиб олишга қизиқишлари, шунингдек сотиб олиш шакли, яъни бинони тўлиқ сотиб олиш ёки лотларга бўлган ҳолда сотиб олиш бўйича фикрларини ўрганиш орқали сотишга ёндашув механизми ишлаб чиқилади.

Биноларни қуришга сарфланган пулдан арзонроқ сотилиши ҳам мумкин. 

Captiva’ли безорига жиноят иши қўзғатилди

Сирдарёда Captiva машинасини стадионга ҳайдаб чиққан шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

“Captiva” ҳайдовчиси атрофдагиларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, машинани одамлар устига ҳайдаб борган.

Воқеа Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида футбол ўйини ўтказилаётган чоғда юз берган. Аммо айнан қайси санада юз бергани маълум қилинмаган.

Сирдарё вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса Сирдарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилиб, тегишли қарор қабул қилинган.

Унга кўра “Captiva” ҳайдовчисига нисбатан Жиноят кодексининг 277 - моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳайдовчи тегишли тартибда қамоққа олинган, машина жарима майдончасига жойлаштирилган. 

“Шикоятчи фуқаролар” рўйхати тузилди.

Хоразмда “шикоятчи фуқаролар” рўйхати тузилди. Фуқароларни бу тарзда таъқиб қилиш қонунга зид экани айтилмоқда.

Рўйхатга “ариза ташкиллаштиришни одат қилиб олган”лик айби билан вилоятнинг 5 та ҳудуди кесимида 44 нафар фуқаро киритилган. Уларнинг айримлари шунчаки мурожаатлар сонини ошириб, миннатдорчилик билдиргани учун “қора рўйхат”дан жой олганини кўриш мумкин. Ўзбекистонда мурожаат қилганлик учун шахсни таъқиб қилиш мавжуд қонунчиликка зид ҳисобланади.

Хоразмда “шикоятчи фуқаролар рўйхати” тузилди. Урганч ва Хива шаҳарлари, Қўшкўпир, Хива ҳамда Янгиариқ туманлари кесимида тузилган рўйхатдан 44 нафар фуқаро жой олган.

Мазкур рўйхат қайси ташкилот томонидан нима мақсадда тузилгани ёки қаерга тақдим этилгани аниқ эмас. 

Ўзбекистондан мева экспорти

Ўзбекистонда гилос ҳосили рекорд даражада кечикмоқда. EastFruit таҳлилчиларига кўра, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида 2024 йил баҳори ноодатий салқин ва ёмғирли бўлган, бу кўплаб мевалар, жумладан, гилоснинг пишишида кечикишларга олиб келган.

Ўзбекистонда гилоснинг биринчи улгуржи партиялари одатда апрел ойининг охирида бозорга чиқса, 2024 йилда биринчи йирик партиялар фақат май ойининг ўрталарида пайдо бўлди. Анъанага кўра, Ўзбекистонда гилос мавсуми июн ойининг ўрталарида тугайди, лекин 2024 йилда у май ойининг охирги ҳафтасида бошланади.

Айни пайтда бозорда 28+ калибрли гилоснинг катта миқдори ҳали ҳам мавжуд эмас, шунинг учун халқаро бозорда энг мақбул бўлган ушбу тоифадаги ўртача нарх ҳам белгиланмади.

Дарвоқе, Статистика агентлиги Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари маълум қилди.

2024 йилнинг январ-апрел ойларида хорижга қиймати 298,5 млн долларга тенг бўлган 514,8 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилинди.

Мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия (26,3 фоиз), Покистон (24,2 фоиз), Қозоғистон (13 фоиз) ва Хитой (9,3 фоиз) давлатлари ҳиссасига тўғри келган. 

ЖСТ аъзолиги сари йўл

Ўзбекистон 2 йил ичида — 2026 йил Камерунда бўлиб ўтадиган вазирлар конференция-саммитига қадар Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмоқчи. Бу ҳақда — бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев аъзолик жараёни бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишида айтиб ўтди.

“Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсадида собит турибди ва бу йўналишда илгарилаш учун мавжуд барча имкониятларни ишга солмоқда”, – деган Ўзбекистон делегацияси раҳбари.

Жамшид Хўжаев ишчи гуруҳ аъзоларини Ўзбекистоннинг аъзолик жараёнига “сармоя киритиш ва қўллаб-қувватлаш”га чақирган, уларнинг “ҳамкорлиги, малакаси ва ёрдами” музокаралар муваффақиятли якун топиши учун жуда муҳимлигини таъкидлаган.

Ишчи гуруҳ раиси, Жанубий Кореянинг ЖСТдаги элчиси Юн Сунг Док музокаралар жадаллашганини қайд этган.

Ўзбекистон ишчи гуруҳнинг ўтган йили ноябрда бўлиб ўтган 7-учрашувидан кейинги ойларда ташкилотнинг 33 аъзоси икки томонлама фаол музокаралар олиб борган; Доминикан Республикаси, Исроил, Япония ва Уругвай билан икки томонлама шартномалар имзолаган.

Top